Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 9 / Мен – истеъмолчиман

Колбаса қандай тайёрланишини кўрганмисиз?

Бугунги кунда колбаса маҳсулотлари кўплаб хонадонлар дастурхонида ўзига хос ўрин эгаллайди. Мамлакатимизда бу маҳсулотларни ишлаб чиқариш асосан ХХ асрнинг 70-йиллари ўрталарида бошланган бўлиб, 1996 йилга қадар у фақат мол, қўй ва чўчқа гўштидан тайёрланган. Кейинчалик замонавий технологияларнинг кириб келиши натижасида товуқ гўшти ва терисидан ҳам колбаса тайёрлаш урф бўлди.

Давлат санитария-эпидемиология маркази мутахассисларининг таъкидлашича, ҳар бир маҳсулотни тайёрлаш учун давлат томонидан тегишли стандартлар ишлаб чиқилган. Мазкур меъёрларга жавоб бермайдиган озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмолга яроқсиз, аниқроғи, инсон саломатлигига жиддий хавф туғдирадиган деб ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг «Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонунига асосан, республикамизда ишлаб чиқарилиб, савдога қўйилаётган қадоқланган ва ўрамли озиқ-овқат маҳсулотлари қонун ҳужжатларига мувофиқ ёрлиқланган бўлиши шарт.

Колбаса маҳсулотининг оддий гўштга нисбатан кўпроқ муддатгача айнимай туришининг сабаби унинг технологик ишлаб чиқариш услубига ва таркибидаги масаллиқларнинг олий навлилиги, устидаги целлофаннинг сифатига ҳам боғлиқ. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, уни сотиб олаётганда биринчи ўринда, дўконларда қандай сақланаётганига эътибор бериш керак. Ишлаб чиқарилаётган колбаса маҳсулотлари ҳажмига ва турига қараб, савдо тармоқларида 0°С дан 6°С гача ҳароратда ва ҳавонинг нисбий намлиги 70–80 фоиз бўлган шароитда сақланиши лозим.

Қайнатилган колбаса маҳсулотларининг яроқлилик муддати олий нав учун – 72 соат, биринчи ва иккинчи нав учун – 48 соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Полиамид плёнка қобиғидаги сосиска ва сарделкаларнинг яроқлилик муддати 10 кундан ошмаслиги керак.

Гўшт ва гўшт маҳсулотларини ветеринария-санитария экспертизасидан ўтказиш Ўзбекистон Республикасининг «Ветеринария тўғрисида», «Давлат санитария назорати тўғрисида» ва «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунларига биноан ишлаб чиқилган махсус қоида асосида амалга оширилади.

Мазкур маҳсулотларни ишлаб чиқарувчиларнинг маълумотларига қараганда, Давлат техник шартлари (ТУ)га асосан ўрта ҳисобда 100 кг хом ашёдан 77–82 кг тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилади. Бунда 100 кг колбаса маҳсулотлари учун турига қараб 25–50 кг гўшт қўшилади.

 

Истеъмолчи эҳтиёткор бўлгани маъқул! 

Аммо кейинги пайтларда бу таомнинг сифати ва таркиби, унинг инсон соғлиғига таъсири турли мунозараларга сабаб бўлаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Сабаби сўнгги йилларда инсон организмидаги хасталиклар нафақат ирсий ёки бошқа омиллар туфайли, балки истеъмол қилинаётган озиқ-овқатлар орқали ҳам юзага келаётганлиги исботланяпти. Аниқроқ айтадиган бўлсак, таомларга қўшилаётган турли «ингредиентлар», «ранг берувчилар», «таъм берувчилар»нинг бу борада «хизмати катта» бўлмоқда. 

Қадоқланган озиқ-овқат маҳсулотларининг аксариятида, шунингдек, колбаса маҳсулотлари таркибида «Е» белгиси остидаги қўшимчалар мавжудлигини учратиш мумкин. Маҳсулотлар ёрлиқларидаги «Е» ҳарфи ушбу озиқ-овқатнинг Европа стандартларига мос эканлигини билдирса, унинг ёнидаги рақамлар модданинг қайси гуруҳга тегишлилигини кўрсатади.

Қуйида «Е» белгиси остидаги маҳсулотларнинг айримларини маълумотнома сифатида келтирамиз:

 

Е100 дан Е199 гача

озиқ-овқатга ранг бериш учун (краситель)

Е200 дан Е299 гача

маҳсулотнинг яроқлилик муддатини узайтириш учун

Е300 дан Е399 гача

тез айниб қолишдан сақлаш учун

Е400 дан Е599 гача

маҳсулот консистенциясини сақлаш учун

Е600 дан Е699 гача

маҳсулот мазасини кучайтириш учун

Е900 дан Е999 гача

шакар ўрнини босувчилар (сахарин), кўпиксизлантирувчилар

 

 

Мазкур кимёвий моддалар маҳсулотнинг асосини ташкил қилмаса-да, у ишлаб чиқарувчининг харажатларини камайтириш мақсадида табиий маҳсулотлар ўрнини қоплаш, яроқлилик муддатини узайтириш ва одатдагидан кўра мазалироқ таъм бериш учун ишлатилади. Илгари ушбу кимёвий моддаларнинг номлари маҳсулотлар ўрамида тўлиғича келтирилар эди. Аммо кейинчалик бу номлар «кўп жойни эгаллаганлиги сабабли» у ҳажми кичрайтирилган ҳолда мана шундай ҳарфли-рақамли кодларга ўзгартирилган.

 

«Е» озуқа қўшимчаси: еймизми ё емаймизми? 

Америкалик нейрофизиолог Жон Олни 1970 йилда ўзи ўтказган оламшумул тадқиқот натижасини оммага тақдим этади: озиқ-овқат маҳсулотларига қўшиладиган «Е» кодли таъм кучайтиргич қўшимчалардан энг машҳури ҳисобланмиш глутамат натрий (Е621) сичқонларда мия зарарланишига сабаб бўлган. Кўп ўтмай, япониялик олим Хироши Огуро ҳам бу қўшимчанинг кўз ҳужайраларига салбий таъсирини исботлади.

Россия соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан эса Е102, Е104, Е110, Е120-124, E127-129, E131-133, E142, E151, E153-155, E173-175, E180, E214-217, E219, E226-227, E230-231, E233, E236-240, E249-252, E296, E320-321, E620-621, E627, E631, E635, E924a-b, E926, E951-952, E954, E957 рақами остидаги озуқа қўшимчалари инсон саломатлиги учун ўта хавфли деб топилган ва 2005 йилдан буён уни озиқ-овқат саноатида ишлатиш тақиқланган.

Хусусан, энг хавфли ҳисобланадиган Е951 (аспертам), Е952 (цикламат), Е953 (изомальт), Е954 (сахарин) моддалари шакар ўрнини босувчилар бўлиб, кўп истеъмол қилиниши натижасида мияда ўсма пайдо бўлиши, кўзнинг кўриш қобилияти бузилиши ва бошқа оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.

Газланган ширин ичимликлар (фанта, кола ва шунга ўхшаш), сўрғич қандлар (чупа-чупс) ва рангли муз-қаймоқлар таркибида учрайдиган Е121 (қизил цитрус рангини берувчи), Е123 (амарант рангини берувчи) ва Е240 (консервант формальдегид) қўшимчаларнинг хавфли ўсма касаллигини келтириб чиқариши илмий исботланган.

Колбаса, консерва ва сут маҳсулотлари таркибига қўшилиши мумкин бўлган Е250, Е251 (нитрат нат-рий), Е252 (нитрат калий), Е620 (глутамин кислотаси) ва Е621 (глутамат натрий), шунингдек, Е210, Е211, Е213-217, Е221-22, Е230-232, Е239, Е240 қўшимчалар соғлом инсон организмида глутамат кўпайиши билан боғлиқ заҳарланишга, ошқозон-ичак, жигар фаолиятининг бузилишига ва аллергик касалликларга олиб келади. Ошқозон-ичак, жигар, дисбактериоз ва холецистит каби касалликларга учраганлар учун эса улар ўта хавфли ҳисобланади.  Одатда, глутамат моддаларининг маҳсулот таркибига қанча миқдорда қўшилганлиги қадоқ қоғозида кўрсатилмайди, шунинг учун бу қўшимчалар бор маҳсулотларни камроқ истеъмол қилиш мақсадга мувофиқдир.

     Шартли хавфли, яъни охиригича тўлиқ ўрганилмаган қўшимчалар Е103, Е105, Е121, Е123, Е125, Е126, Е130, Е131, Е142, Е153, Е171-173 ва Е924a, E924b газланган ширин сувлар, сўрғич қандлар, рангли муз-қаймоқлар таркибида учрайди. Бу қўшимчалар хавфли ўсма касалликлари, жигар, буйрак хасталикларини келтириб чиқариши мумкин.

Йогурт, сарёғ, шоколад, сут ва колбаса маҳсулотлари таркибида Е311-313 қўшимчалари бўлиб, улар ҳам ошқозон-ичак касалликларини юзага келтиради.  Қуюқлаштирилган сутлар таркибида Е407, Е447, Е450, Е461-466 қўшимчалар бўлиб, у жигар, буйрак, ошқозон фаолияти бузилишига олиб келади. Шунингдек, Е100 (куркумин) ранг берувчи моддаси соуслар (кетчуп, майонез), карри кукуни, консерва маҳсулотлари таркибига, Е504 (карбонат магний) хамир кўпиртирувчи моддаси пишлоқ маҳсулотлари, кекслар, сақичлар ва истеъмол тузи таркибига, Е957 (тауматин) музқаймоқ, шакарсиз сақичлар (орбит, дирол ва шунга ўхшаган) таркибига қўшилади.

Шундай экан, ҳар қандай замонавий модификациядаги озиқ-овқат маҳсулотлари инсон соғлиғига жиддий хавф солиши мумкин. Шунинг учун балки «Е» қўшимчаларининг рўйхатини доимо ёнимизда олиб юришимиз, харид қилаётган маҳсулотларимизнинг қадоқ қоғозига нималар ёзилганлигига жиддий эътибор қаратишимиз ортиқчалик қилмас...

 

Ички бозорни ривожлантириш йўлида

Ана шундай шароитда Вазирлар Маҳкамасининг 23.08.2012 йилдаги «2012–2015 йилларда қишлоқ хўжалиги хом ашёсини қайта ишлашни чуқурлаштириш, озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ва уларнинг турларини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 252-сон қарори қабул қилиниб, у билан маҳаллий корхоналарда қишлоқ хўжалиги хом ашёсини янада чуқур қайта ишлашни таъминлаш ҳамда шу асосда ички ва ташқи бозорларда рақобатбардошли, сифатли озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ва уларнинг турларини кенгайтириш мақсадини кўзлаган махсус Дастур маъқулланган.

Мазкур Дастурга мувофиқ, республикамизда гўшт маҳсулотларини қайта ишлашни 2013 йилда 16,1 фоизга, 2015 йилда эса 20,7 фоизгача ошириш кўзда тутилган.  Хусусан, 2013 йили Тошкент вилоятида пойтахтни ҳисобга олган ҳолда 3,1 минг тонна гўшт маҳсулоти, 11 минг тонна колбаса маҳсулотларини ишлаб чиқариш, 2015 йилда шунга мос равишда 8,82 ва 13,80 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. Статистик маълумотларга қараганда, охирги уч йил ичида республикамизда ички истеъмол бозорини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан бойитиш мақсадида 540 дан зиёд янги корхона ишга туширилди, янги маҳсулотларнинг 152 та турини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Уларнинг 169 таси гўшт маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган.

Кўриниб турибдики, ўзимизда маҳаллийлаштирилган шароитда ҳар қандай гўшт ва колбаса маҳсулотларини инсоф билан, турли қўшимчалардан оқилона фойдаланган ҳолда ишлаб чиқариш учун барча шароит мавжуд. Тадбиркорларимиз ишлаб чиқариш жараёнларида ана шу мезонлардан келиб чиқишса мақсадга мувофиқ бўларди.

Истеъмолчилар эса озиқ-овқат маҳсулотлари ёрлиғида унинг қачон ишлаб чиқарилганлиги, қандай шароитда ва қанча муддат сақланиши лозимлиги ҳақидаги ёзувларга эътиборлироқ бўлишлари даркор. Акс ҳолда сотувчига юзлансангиз, «свежий»лигини айтади, шунга қараб харид қилаверасиз-да!

Материални «СБХ» мухбири Гулбаҳор САТТОРОВА Интернет материалларидан фойдаланган ҳолда тайёрлади.

Прочитано: 6876 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика