Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 9 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

«САМАРҚАНДКИМЁ» ОАЖнинг МОЛИЯВИЙ ҲОЛАТИ ЯХШИЛАНАДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 4.02.2013 йилдаги 25-сон қарори билан «Самарқандкимё» ОАЖнинг минерал ўғитлар ишлаб чиқаришда талаб этилмаган мол-мулкидан оқилона фойдаланишни таъминлаш ҳамда унинг молиявий-иқтисодий ҳолатини яхшилашга доир чора-тадбирлар тасдиқланди.

«Самарқандкимё» балансидаги бундай мол-мулк ва давлат активлари баҳолаш қиймати бўйича очиқ савдоларда реализация қилинади, асосий воситалар қисмларга ажратилиб, кейинчалик реализация қилинади ёки импорт қилинадиган металл парчалари нархида «Ўзметкомбинат» ОАЖга металл парчалари сифатида топширилади.

«Самарқандкимё» ОАЖга ишларни бажариш учун ихтисослаштирилган қурилиш ташкилотлари билан шартномалар тузиш топширилди. Бўшайдиган ер майдонлари Самарқанд ҳокимлиги тасарруфига ўтказилиши керак. Бунда ишлаб чиқариш мақсадида «Самарқандкимё» ҳудудининг инфратузилмаси ва муҳандислик коммуникацияларини ҳисобга олган ҳолда унинг чегараларига тузатиш киритилиши керак.

Кўрсатилган муддатларда реализация қилинмаган «Самарқандкимё» ОАЖ мол-мулки ҳам қисмларга ажратилиши ва металл парчалари сифатида топширилиши керак.

 

СОҒЛИҚНИ САҚЛАШНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ ТАКОМИЛЛАШМОҚДА

Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш соҳасида молиялаштириш тизимини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (13.02.2013 йилдаги 37-сон) билан республиканинг барча шаҳар оилавий поликлиникаларини бир нафар яшовчи ҳисобига харажатлар нормативидан келиб чиқиб молиялаштириш механизмига босқичма-босқич ўтказиш маъқулланди. У Тошкент шаҳрида, Самар-қанд ва Фарғона вилоятларида – 2013 йилдан бошлаб; Қорақалпоғистон Республикасида, Андижон, Наманган, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида – 2014 йилдан бошлаб; Бухоро, Жиззах, Навоий, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида 2015 йилдан бошлаб амалга оширила бошлайди.

2013 йил 1 мартдан бошлаб тегишли вазирликлар томонидан ишлаб чиқилиб, тасдиқланадиган Фарғона вилоятидаги туман марказий касалхоналарини молиялаштириш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомга мувофиқ Фарғона вилоятининг туман марказий касалхоналарини вилоят молия бошқармаси, соғлиқни сақлаш бошқармаси ва туман тиббиёт бирлашмаси ўртасида контрактлар тузиш асосида молиялаштириш бўйича эксперимент амалга оширилади.

Халқаро ривожлантириш ассоциацияси кредити ҳисобига Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Саломатлик-3» лойиҳасини амалга ошириш Марказий бюроси ҳузурида молиялаштириш ислоҳотлари мониторинги бўлими ташкил этилади.

Республикамизда соғлиқни сақлаш тизимининг изчил ислоҳ этилиши туфайли аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг яхлит тизими барпо этилди. Бу тажриба шаҳар оилавий поликлиникаларининг бюджети 4,2 баравар, биркитилган бир нафар яшовчи ҳисобига харажатларнинг базавий нормативи 4 баравар, аҳолини дори-дармонлар билан таъминлаш харажатлари 2,5 баравар кўпайтирилишига имкон берди. Бундан ташқари, минтақаларда аҳолининг ёш ва жинс таркибини ва касалланишни ҳисобга олган ҳолда бюджет маблағларининг бир текис тақсимланиши таъминланди,

диагностиканинг замонавий стандартлари жорий этилди, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базаси ва кадрлар салоҳияти мустаҳкамланди.

 

ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ ҲИСОБИГА

Вазирлар Маҳкамасининг 14.02.2013 йилдаги 42-сон қарори билан қишлоқ хўжалиги корхоналарини қўллаб-қувватлаш, бошоқли дон экинлари ҳосилдорлигини ошириш, Ўзбекистон сув хўжалиги ирригация-дренаж тизимларини тиклаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун жалб этилган халқаро молия институтлари кредитлари ўз вақтида сўндирилишини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинди.

Қарорда қайд этилишича, 2001–2004 йиллар даврида Ҳукумат қарорлари асосида Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Осиё тараққиёт банки иштирокида қишлоқ хўжалиги корхоналарини қўллаб-қувватлаш, бошоқли дон экинлари ҳосилдорлигини ошириш, сув хўжалиги инфратузилмасини такомиллаштириш, ирригация тизимлари ишлаши самарадорлигини ошириш бўйича лойиҳалар амалга оширилган. 2008–2012 йиллар даврида улар асосан Молия вазирлигининг махсус валюта депозитлари маблағлари ва бюджет маблағларини тежаш ҳисобига қайтарилган. 2013 йилда Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Осиё тараққиёт банкининг кредитлари бўйича асосий қарзни қайтариш, фоизлар ва воситачилик ҳақи тўлашга тасдиқланган параметрлар доирасида республика бюджетидан маблағлар ажратилади.

 

НИЗОМГА МОСЛАШТИРИЛДИ

Электр энергетикаси назорати давлат инспекцияси бошлиғининг буйруғи (АВ томонидан 5.02.2013 йилда 1400-2-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Истеъмолчилар электр қурилмаларидан фойдаланишида хавфсизлик техникаси қоидаларига 10-иловага ўзгартиришлар киритилди. Ўзгартиришларга кўра юқорида ишлашга қўйиладиган ишчилар соғлиғи ҳолати улар учун Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида низомда (АВ томонидан 29.08.2012 йилда 2387-сон билан рўйхатдан ўтказилган) белгиланган тиббий талабларга жавоб бериши керак (илгари у соғлиқни сақлаш вазирининг «Ходимларни ишга киришдан олдин дастлабки ва даврий тиббий кўриклардан ўтказиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги буйруғи (АВ томонидан 23.06.2000 йилда 937-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан белгиланган тиббий талабларга мувофиқ келиши керак эди).

 

МЕНЕЖЕРЛАР СОНИ КЎПАЙДИ

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг буйруғи (АВ томонидан 5.02.2013 йилда 2421-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари Классификаторига қўшимчалар киритилди (ВМнинг 20.08.2010 йилдаги 181-сон қарори билан тасдиқланган). У инновация, инсон ресурслари, кадрлар ва ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича менежерлар сингари тўртта лавозим билан тўлдирилди.

 

ОЛИМЛАРНИНГ МАОШЛАРИ ОШИРИЛДИ

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ва Молия вазирлигининг қарори (АВ томонидан 5.02.2013 йилда 2423-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Бюджет маблағлари ҳисобига фундаментал, амалий тадқиқотлар ва инновацион ишларнинг илмий-техника дастурларини амалга оширишда қатнашувчи илмий-тадқиқот муассасалари илмий ва раҳбар ходимларининг базавий лавозим маошлари миқдорлари ўзгартирилди (ВМнинг 18.08.2009 йилдаги 233-сон қарори билан тасдиқланган). 2012 йил 1 декабрдан уларни қайта ҳисоблаб тўланиши белгиланди.

 

АКЦИЗ СОЛИҒИГА ДОИР ЯНГИЛИКЛАР

Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитасининг қарори (АВ томонидан 8.02.2013 йилда 2310-1-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Ишлаб чиқариладиган табиий газга акциз солиғини тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритилди. Улар билан барча субъектлар учун солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги солиқ органларига акциз солиғининг ҳисоб-китобини тақдим этиш муддатлари тенглаштирилди. Эндиликда у йилнинг ҳар чорагида, ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай тақдим этилади (илгари у микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, улар сирасига кирмайдиган солиқ тўловчилар учун эса ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай тақдим этилиши кераклиги белгиланган эди).

***

Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитасининг қарори (АВ томонидан 8.02.2013 йилда 2328-1-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Чакана савдо тармоғида сотиладиган олтиндан ишланган заргарлик буюмларига акциз солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомга ўзгартиришлар киритилди.

Солиқ органларига акциз солиғининг ҳисоб-китобини тақдим этиш муддатлари ўзгартирилди. Эндиликда барча субъектлар уни йилнинг ҳар чорагида, ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай тақдим этадилар (илгари микрофирмалар ва кичик корхоналар уни ана шу муддатда, қолганлар эса ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай тақдим этардилар).

 

ЗАХИРА ТЎЛОВЛАРГА ТЕНГЛАШТИРИЛДИ

Молия вазирининг буйруғи (АВ томонидан 8.02.2013 йилда 1882-3-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Суғурталовчиларнинг суғурта захиралари тўғрисидаги низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Улар билан белгиланишича, агар транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича барқарорлаштириш захираси миқдори ҳисоб-китоблар натижасида шартномалар бўйича ҳисобот санасига қадар 36 ой даврида амалга оширилган суғурта тўловлари суммасидан ортиқ бўлса, кўрсатилган захира суғурта тўловлари суммасига тенг деб қабул қилинади, ва кўрсатилган ортиқ сумма солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлангандан кейин суғурталовчининг устав фондига капиталлаштирилади. Суғурта тўловлари суммаси эндиликда Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича барқарорлаштириш захираси ҳисоб-китобида кўрсатилади (Суғурталовчиларнинг суғурта захиралари тўғрисидаги низомга 1-илованинг 2-жадвали).

Давсуғуртаназоратга дебиторлик ва кредиторлик қарздорликлари тўғрисида маълумотнома – 2-а-шаклни тақдим этиш талаби бекор қилинди.

 

ДАРАЖАСИ ОШИРИЛДИ

Давлат божхона қўмитасининг қарори (АВ томонидан 12.02.2013 йилда 470-2-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Божхона назорати зонасини барпо этиш тартибига ўзгартиришлар киритилди. Улар билан ушбу зоналарни барпо этиш келишиладиган субъектлар рўйхатига тузатиш киритилди. Агар илгари у Қорақалпоғистон Республикаси ҳокимликлари билан келишилган бўлса, эндиликда Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши билан келишилади. Субъектлар рўйхатига бошқа ўзгартиришлар киритилмади.

 

ВАҚТИНЧА ЙЎРИҚНОМАНИ ЯНГИЛАДИЛАР

ДБҚнинг қарори (АВ томонидан 14.02.2013 йилда 3-5-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан «Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш ва декларациялашни ҳуқуқий тартибга солиш тўғрисида»ги буйруққа уни Президентнинг 18.07.2012 йилдаги ПФ-4455-сон Фармонига мувофиқлаштириш мақсадида ўзгартиришлар киритилди.

Чунончи, Ўзбекистондан товарларни вақтинча олиб чиқиш ва уларни республикага вақтинча олиб кириш чоғида декларация тўлдириш тартибини белгиловчи Божхона юк декларациясини (БЮД) тўлдириш тартиби тўғрисидаги вақтинча йўриқнома меъёрлари ўз кучини йўқотди. Ўзгартиришларга кўра асосий божхона режимининг иккита қийматли коди Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш таомили классификаторига (АВ томонидан 3.11.1999 йилда 834-сон билан рўйхатдан ўтказилган Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага 2-илова) мувофиқ кўрсатилади.

 

УЯЛИ ТЕЛЕФОНИНГИЗ УЧУН МАРКАЛАР

Вазирлар Маҳкамасининг 19.02.2013 йилдаги 47-сон қарори билан Махсус назорат идентификация белгилари билан мажбурий маркировка қилиниши керак бўлган четдан келтириладиган истеъмол товарлари рўйхати (ВМнинг 12.12.2011 йилдаги 324-сон қарори билан тасдиқланган) кенгайтирилди. Амалдаги Рўйхатга қуйидаги товарлар қўшилган:

қисилган ёки суюлтирилган газ учун идишлар;

овқатни тайёрлаш ва иситиш учун қурилма;

уяли алоқа тармоқлари ёки бошқа симсиз алоқа тармоқлари учун телефон аппаратлари.

Илгари назарда тутилган DVD-проигривателлар ўрнига эндиликда рўйхатга видеотюнерга бирлаштирилган ёки бирлаштирилмаган видеоёзиш ёки видеотиклаш аппаратлари киритилди.

 

БИЗНЕС МАКТАБИ БАЛАНСИГА ЎТКАЗИЛДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 19.02.2013 йилдаги 48-сон қарори билан Олий бизнес мактаби моддий-техник базасини мустаҳкамлашга доир чора-тадбирлар қабул қилинди. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш марказига Олий бизнес мактаби балансига Шаҳрисабз кўчаси, 42-уйдаги 7 қаватли бинодаги 1  000 кв.метрдан ортиқ майдонни тақдим этиш ҳақида кўрсатма берилди. Бинонинг ушбу қисмини таъмирлаш ва жиҳозлаш учун Вазирлар Маҳкамаси захира жамғармасидан маблағлар ажратилади. Бундан ташқари, Тошкент ҳокимлиги беғараз, бироқ тасарруф этиш ҳуқуқисиз Узбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгашига Мирзо Улуғбек тумани Сайрам кўчасида жойлашган бинони унга туташ ер майдони билан бирга бериши керак.

 

ЛАЗЕРЛИ

КЎРСАТКИЧЛАРГА ТАҚИҚ

Вазирлар Маҳкамасининг 20.02.2013 йилдаги 50-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 2013 йил 1 мартдан бошлаб лазер нурли кўрсаткичлар сифатида фойдаланиладиган портатив лазерли нур тарқатгичларни (ТИФ ТН коди 9013 20 000 0) четдан олиб кириш ва сотиш тақиқланди. Мазкур чора республикамиз ҳудудида ҳаво кемалари парвозларининг хавфсизлигини таъминлаш ва лазерли нур тарқатгичларни ноқонуний ишлатишнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилди.

Қарор билан ДБҚ, ДСҚ, Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитаси ҳамда ИИВга лазерли кўрсаткичларнинг четдан ноқонуний олиб кирилиши, сотилиши ҳамда улардан фойдаланилиши ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этиш, айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш топширилди.

 

«ДАМАС» ХОРАЗМДА ИШЛАБ ЧИҚАРИЛАДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 21.02.2013 йилдаги 51-сон қарори билан «Хоразм автомобиль ишлаб чиқариш бирлашмаси» МЧЖ негизида 2 босқичда «Дамас» русумли енгил автомобиллар ишлаб чиқариш ташкил этилади. 2014 йилнинг I чорагида йиғув ишлаб чиқаришини бошлаб (I босқич), кейинчалик 2014 йилнинг IV чорагида ишлаб чиқаришнинг тўлиқ циклига ўтиш (II босқич) мўлжалланмоқда.

Хоразм автомобиль ишлаб чиқариш бирлашмаси ишлаб чиқариш майдонларининг бир қисми реконструкция қилиш ва автомобиллар ишлаб чиқариш бўйича филиал ташкил этиш учун кейинчалик «Женерал Моторс Ўзбекистон» ЁАЖга узоқ муддатли молиявий ижарага берилади. Ушбу лойиҳа ҳамда «Дамас» русумли енгил автомобиллар учун бутловчи деталлар ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга доир инвестиция лойиҳалари Рақобатбардошли маҳсулотларнинг янги турларини ишлаб чиқариш ҳажмларини кенгайтириш ва ўзлаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастурига (Президентнинг 4.10.2011 йилдаги ПҚ-1623-сон қарори билан тасдиқланган) киритилади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2013–2014 ўқув йилидан бошлаб, «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси буюртманомаларига биноан:

Хоразм вилоятидаги Ҳазорасп, Қўшкўпир, Янгиариқ ва Янгибозор туманлари касб-ҳунар-техника коллежлари негизида автомобилсозлик йўналишлари бўйича ўқувчилар қабул қилишни ва профессионал кадрлар тайёрлашни ташкил этиш;

ташкил этилаётган автомобилсозлик ишлаб чиқариши учун тегишли йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида Андижон машинасозлик институтида ва Тошкент давлат техника университетида Хоразм вилояти абитуриентлари учун қабул квотасини белгилаш;

кўрсатилган квоталар бўйича Урганч давлат университетида ҳужжатлар қабул қилишни ва абитуриентларни тест синовидан ўтказишни ташкил этиш топширилди.

Мазкур қарор Президентнинг «2013–2015 йилларда Хоразм вилоятининг саноат потенциалини ривожлантириш дастури тўғрисида» қарорини (22.11.2012 йилдаги ПҚ-1856-сон) бажариш юзасидан қабул қилинди.

 

ЖЎНАТМАЛАР ХАВФСИЗЛИГИНИ КЎЗЛАБ

Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасининг қарори (АВ томонидан 18.02.2013 йилда 2428-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Почта, курьерлик жўнатмалари почта хавфсизлиги юзасидан назоратни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома тасдиқланди.

Унга мувофиқ почта ва курьерлик жўнатмалари бўлинмалари хавфли предметлар ва моддаларни аниқлаш учун техник ускуналар билан жиҳозланган бўлиши керак. Уларга ўқотар, сигналли, пневматик, газли қуроллар, ўқ-дорилар, совуқ қурол (жумладан, отиладиган), электрошок қурилмалари ва учқунли разрядниклар, шунингдек ўқотар қуролнинг асосий қисмлари, жиҳозланмаган портлаш қурилмалари ва ўқ-дорилар, шу жумладан, жиҳозланмаган гранаталар, снарядлар ва бошқа ўхшаш предметлар, шунингдек шундай қурилмалар ва предметларнинг муляжлари; гиёҳвандлик воситалари, психотроп, кучли таъсир этадиган, радиоактив, портлайдиган, заҳарли, ўювчи, осон алангаланадиган ва бошқа хавфли моддалар киради (АВ томонидан 18.04.2011 йилда 2219-сон билан рўйхатдан ўтказилган Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш қоидаларига 3-илова 1-бандининг «а» ва «б» кичик бандлари).

Назорат жойлари ноқулай санитар-эпидемиологик шароитга, карантин ва обсервация зоналарига эга мамлакатлар рўйхати, почта, курьерлик жўнатмалари юқори эътиборни талаб этадиган мамлакатлар рўйхати; хавфли почта, курьерлик жўнатмалари аниқланганда хатти-ҳаракатлар тўғрисидаги қўлланма; якка тартибда ҳимояланиш воситалари; ваколатли органларнинг тезкор бўлинмалари билан боғланиш телефонларининг рўйхати билан жиҳозланган бўлиши керак.

Йўриқномада махсус ўқитилган ходимларнинг почта ва куръерлик жўнатмаларини назорат қилишга доир хатти-ҳаракатлари баён этилган.

Назорат тугагандан кейин келиб тушган почтага илова қилинган ҳужжатларга назорат ўтказилганлиги тўғрисида белги қўйилади ва унда назорат ўтказилган жой, назорат ўтказилган сана ва вақт кўрсатилади. Хавфли жўнатмалар эса ваколатли органлар вакиллари келгунига қадар махсус ажратилган жойларда алоҳида олиб қўйилиши керак.

ФАҚАТ МАХСУС РУХСАТНОМАГА КЎРА

Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳамда Давлат божхона қўмитасининг қарори (АВ томонидан 20.02.2013 йилда 2429-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали фақат махсус рухсатнома мавжуд бўлган тақдирда транзит олиб ўтиладиган хавфли юкларнинг рўйхати ва Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали фақат махсус рухсатнома мавжуд бўлган тақдирда транзит қилинадиган қурол-яроғ, ҳарбий техника ва ҳарбий мол-мулк рўйхати тасдиқланди.

Илгари амал қилган махсус юклар таснифи (АВ томонидан 2.02.2008 йилда 1873-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ўз кучини йўқотди.

 

БЮД ЭЛЕКТРОН ШАКЛДА БЎЛСА...

Давлат божхона қўмитасининг қарори (АВ томонидан 22.02.2013 йилда 834-24-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага (АВ томонидан 3.11.1999 йилда 834-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Қўшимчаларга мувофиқ товарлар электрон шаклда божхонада расмийлаштирилаётганда 7 белгили босмахона рақами ўрнига «Товарларни электрон декларациялаш» автоматлаштирилган ахборот тизими билан шакллантирилган рақам кўрсатилади.

Божхона органларига қуйидагиларга асосан товарлар муайян божхона режимига жойлаштирилганидан кейин электрон декларациялар нусхаларини қоғоз ташувчида (БЮД устунлари номи ва ушбу устунлардаги маълумотлар аниқ кўрсатилган А4 бичимидаги қоғозларда) босиб чиқариш ҳуқуқи берилган:

декларантнинг ёзма аризасига кўра;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, шунингдек суд органларининг талабига кўра;

товарларнинг Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқилишини назарда тутадиган божхона режимларида жойлаштириладиган товарларни декларациялашда электрон шаклни қўллаш ҳолларида;

ҳужжатларнинг асл нусхалари божхона органларида қоладиган ҳолларда.

Бунда ўнг томондаги юқори бурчакка БЮДнинг рўйхат рақами, варақларнинг умумий сони ва варақнинг жорий рақами босилади. Божхона органининг ваколатли мансабдор шахси ҳар бир вараққа тегишли муҳр қўйиб, уни имзоси ва шахсий рақамли муҳри билан тасдиқлайди, ўнг томондаги юқори бурчагида «Копия» («Кўчирма нусха») деган қайдни қўяди. Декларант товарлар Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқилаётганда ташувчи Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктида жойлашган божхона органига тақдим этадиган ҳужжатлар пакетида унинг бўлишини таъминлаши шарт, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

Божхона расмийлаштируви ва божхона назорати тугаганидан сўнг БЮД ва божхона расмийлаштируви учун зарур ҳужжатларнинг электрон ва қоғоз шакллари, шунингдек уларнинг божхона органларида қоладиган электрон нусхалари белгиланган тартибда сақланади.

Тақдим этилган ҳужжатларга қисқача шарҳларни эксперт-юристларимиз Елена ЕРМОХИНА,

Римма СОЛОДОВНИКОВА ва

Сардор ЖУМАШОВ тайёрладилар.

Прочитано: 4280 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика