Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 9 / 2013 йил – Обод турмуш йили

Мамлакатимизни демократик ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари такомиллашмоқда

2013 йил 14 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Обод турмуш йили» Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Давлат дастурининг биринчи бўлимида мамлакатимизда барқарорлик ва осойишталик, хавфсизлик, фуқаролар ва миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жамият фаровонлигини изчил юксалтириш устувор вазифалар сифатида қайд этилган. Уларни амалга ошириш учун миллий қонунчилигимизни янада такомиллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган.

Давлат дастурини амалга ошириш доирасида қабул қилиниши режалаштирилган аксарият қонунлар лойиҳалари Президентимиз Ислом Каримов томонидан Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида илгари сурилган.

Давлат дастурида кўзда тутилган янги таҳрирдаги «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг ташкилий асосларини янада такомиллаштириш, маҳаллани аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказига айлантириш, шунингдек, давлат бошқарув органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш тизимида унинг функцияларини янада кенгайтиришга қаратилган.

Шу мақсадда лойиҳада фуқаролар йиғинларининг бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари билан ҳамкорликда кам таъминланган оилалар, ижтимоий ёрдамга муҳтож ёлғиз қариялар, пенсионер ҳамда ногиронларни аниқлаш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишни истаган шахсларни ўқитиш бўйича маслаҳат марказларини ташкил этишга доир ваколатларини кенгайтириш масалалари батафсил тартибга солинган.

«Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида»ги қонун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Унга бундай сайловлар тизимини янада такомиллаштириш ҳамда демократлаштиришга йўналтирилган қатор муҳим нормаларни киритиш таклиф этилмоқда. Ҳужжатда фуқаролар йиғини раислари ҳамда маслаҳатчилари номзодини кўрсатиш ва сайлаш масалалари батафсил белгиланади.

«Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қонун ҳужжатларининг ижро этилиши устидан жамоатчилик, фуқаролик институтлари назоратини амалга оширишнинг тизимли ва самарали ҳуқуқий механизмини яратишга хизмат қилади. Унда жамоатчилик назоратининг турлари, шакллари ва субъектлари, предмети, шунингдек, уни амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмлари, жамоатчилик назоратини амалга ошириш асослари, унинг субъектлари, давлат органлари мансабдор шахслари ва бошқа хизматчиларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари белгиланади.

Буларнинг барчаси давлат ва жамият ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий  ривожлантириш бўйича қарорлар қабул қилишдаги иштирокини, давлат органлари фаолиятининг ошкоралигини таъминлаш, белгиланган вазифалар ижроси бўйича уларнинг масъулиятини оширишга хизмат қилади.

Ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг долзарб масалаларини ҳал қилиш, тегишли давлат дастурларини амалга ошириш мақсадида «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш кўзда тутилмоқда. Унда фуқаролик жамияти институтларининг давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик принциплари, шакллари ва йўналишлари, аҳоли бандлигини таъминлаш, соғлиқни сақлаш, илм-фан, таълим, ахборотлаштириш, спорт ва маданиятни, маънавий-ахлоқий тарбия ва ёшларга оид сиёсатни ривожлантириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ижтимоий турмуш шароитларини яхшилаш, аҳоли турли қатламларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларида фуқаролик жамияти институтларининг иштирок этиш механизмлари очиб берилади.

Бундай янгича ёндашув мамлакатимиз тараққиётини таъминлашда фуқаролик жамияти институтларининг масъулиятини янада оширади. Қонун лойиҳасида таклиф этилаётган ижтимоий шерикликда тадбиркорлик субъектларининг иштирок этиш механизми бизнеснинг ижтимоий масъулиятини оширишга хизмат қилади. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши жойларда ва умуман, бутун мамлакатимиз бўйлаб ривожланишга оид вазифаларни амалга ошириш учун жамият ресурсларини сафарбар этиш имконини беради.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, эркинлиги ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида фуқаролар мурожаатларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу соҳада тўқсондан ортиқ бошқа қонунлар ва икки юзта қонуности ҳужжатларидан иборат самарали қонунчилик базаси шакллантирилган. Фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқлари тегишли қонун билан мустаҳкамланган бўлиб, мазкур ҳужжат ушбу мурожаатларнинг давлат органлари томонидан кўриб чиқиш тартибини ҳам белгилайди. Шу билан бирга, айни пайтгача юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида алоҳида қонуннинг йўқлиги уларни кўриб чиқишда турли ёндашувларга сабаб бўлмоқда.

Бу борада Давлат дастурида кўзда тутилган «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси долзарб аҳамият касб этади. Унда бундай мурожаатлар, чунончи, юридик шахслар мурожаатлари билан боғлиқ ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишга салбий таъсир кўрсатаётган зиддиятларни бартараф этиш ҳамда ушбу соҳада тегишли жавобгарликни белгилашга алоҳида эътибор қаратилади.

Ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларини битирган ҳамда давлат грантлари асосида ўқиган ёшларнинг ишга жойлашишида қўшимча кафолатлар яратиш, шунингдек, ходимларнинг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш мақсадида «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш белгиланган. Унда ишга жойлаштириш жараёнига тижорат ташкилотларини ҳам жалб этиш кўзда тутилмоқда. Мазкур қонуннинг қабул қилиниши ходимлар ва иш берувчилар ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоялашга хизмат қилади.

Ўзбекистонда оила институтини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, «Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига оила институтини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинади. Айни пайтда ушбу ҳужжат Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокама этилмоқда.

Айни пайтда экология муаммолари глобал хусусият касб этмоқда. Мамлакатимизда бундай масалалар давлат даражасида ҳал қилинмоқда. Бу борада «Экологик назорат тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши муҳим қадам бўлади. Ушбу ҳужжат экологик назоратни ташкил этиш ва амалга ошириш, шунингдек, табиатни муҳофаза қилишга доир қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан назоратнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш соҳасида жамоатчилик муносабатларини тартибга солади. Қонунда экологик назоратнинг 4 тури – давлат, идоравий, ишлаб чиқариш ва жамоат экологик назорати белгиланган. Бунда илк бор нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини жамоатчилик экологик назоратининг субъектлари сифатида белгилаш таклиф этилмоқда. Мухтасар айтганда, «Обод турмуш йили» Давлат дастурида кўзда тутилган миллий қонунчилигимизни такомиллаштириш Президентимиз раҳнамолигида барча соҳаларда инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга хизмат қилади.

ЎзА  материали асосида тайёрланди.

Прочитано: 3040 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика