Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 8 / Мен – истеъмолчиман

Ҳушёр юрган зарар қилмайди ёки алкоголь маҳсулотларига доир чекловлар

Яқинда туғилган кунга спиртли ичимлик сотиб олиш учун ихтисослашган дўконга кирдим. Бироқ сотувчи уни менга сотишдан бош тортди, чунки ҳали 20 ёшга кирмаганман. Сотувчи менга ҳатто пиво сотмади.

Бироқ мен вояга етганман (19 яшарман), бунинг устига уйланганман, ота-онамдан алоҳида яшайман. Сотувчи ҳам буни жуда яхши билади, чунки қўшним. У тўғри иш қилдими?

Денис.

– Сотувчи мутлақо ҳақ.

«Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги Қонуннинг (5.10.2011 йилдаги ЎРҚ-302-сон) 13-моддасига кўра алкоголь маҳсулотини 20 ёшга тўлмаган шахсларга реализация қилиш мумкин эмас.

 

ТАҚИҚЛАНГАН!

Кўрсатилган Қонуннинг 19-моддасига кўра иш жойларида, кўчалар, стадионлар, хиёбонлар, истироҳат боғларида, жамоат транспортининг барча турларида ва бошқа жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилишга йўл қўйилмайди1.

Алкоголь маҳсулоти – коньяк спирти ёки тозаланган этил спиртидан, вино материаллари ва (ёки) таркибида спирт бўлган озиқ-овқат маҳсулотидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган, ҳажмидаги этил спиртининг улуши 1,5 фоиздан ортиқ бўлган озиқ-овқат маҳсулоти. Пиво (алкоголсиз пиводан ташқари) алкоголь маҳсулоти ҳисобланади.

Юқорида кўрсатилган Қонундан ташқари, алкоголь маҳсулотини истеъмол қилишни тақиқлаш бир қатор қонуности ҳужжатларида назарда тутилган. Чунончи, Автомобиль транспортида йўловчилар ва багажни ташиш қоидаларининг2 15-бандида автобусда алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш тақиқланади.

«Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акциядорлик темир йўл компаниясининг темир йўлларида йўловчилар ва багажни ташиш қоидалари3 (бундан кейин – ДАТК қоидалари) 51-бандига кўра темир йўл, агар йўловчи поездга ўтириш ёки унда бориш пайтида маст ҳолатда бўлса, юриш қоидалари ва жамоат тартибини бузса, спиртли ичимликлар ичса, бошқа йўловчиларнинг тинчига халақит берса, йўловчини ташишдан бош тортиш ёки уни поезддан тушириб қолдиришга ҳақлидир. Йўловчини ташишдан бош тортиш ёки уни тушириб қолдиришни вагон кузатувчиси ёки темир йўл транспортининг бошқа мансабдор шахси, йўловчи бўйсунмаса – милиция ходими амалга оширади. Бундай шахснинг йўл ҳужжатига 51«а»-бандига асосан ташиш рад этилган» белгиси қўйилади. Юриш ва ташиш учун тўланган ҳақ унга қайтарилмайди.

Худди шундай талаблар Олисга қатнайдиган ва маҳаллий поездларда йўловчилар ташиш қоидалари4, Шаҳар атрофида қатнайдиган поездларда юриш қоидаларида5 ҳам назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларининг6 60-бандига кўра алкоголь маҳсулотини:

  • 20 ёшга тўлмаган шахсларга;
  • мувофиқлик сертификатисиз;
  • яроқлилик муддати ўтиб кетган ҳолда;
  • акциз маркалари билан маркаланмаган ҳолда (пиводан ташқари) ёки қалбаки акциз маркалари билан;
  • ишлаб чиқарилган корхонани аниқлаш имконини берадиган даражада аниқ маркаланмаган ҳолда;
  • алкоголли маҳсулотлар тайёрлашга лицензияси бўлмаган маҳаллий ишлаб чиқарувчи томонидан тайёрланганда;
  • алкоголь маҳсулотини етказиб бериш ҳуқуқига эга бўлмаган ёки божхона тартибга солиши, савдо белгилари ва фирма номларидан фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларида, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган қоидаларни бузган ҳолда етказиб берган етказиб берувчилардан сотиб олинганда;
  • алкоголли маҳсулотларни сақлаш ва сотиш учун санитария нормалари ва қоидаларига мувофиқ бўлмаган хона ва жойларда;
  • таълим, спорт ва диний муассасалардан камида 500 метр радиусда жойлашган савдо корхоналарида;
  • савдо автоматлари орқали;
  • жамоат транспорти бекатларида, шу жумладан метрополитен бекатларида, жамоат жойларида ва дам олиш жойларида, даволаш-профилактика ва спорт-соғломлаштириш муассасалари ҳудудида, ушбу муассасалар ва ишлаб чиқариш корхоналарининг ошхоналарида, аэропортларга, темир йўл вокзаллари ва автостанцияларга туташиб кетган жойларда жойлашган савдо корхоналарида;
  • этикеткаларсиз, ифлос (ички ёки ташқи томони), синган (оғзи учган, ёрилган), тиқини учган, умумий кўриниши тиниқ бўлмаган, чет нарсалар аралашган, чўкиндили бутилкаларда (винолар тўпламидан ташқари);
  • алкоголли маҳсулотларга қонун ҳужжатларида белгиланган энг паст чакана нархдан паст нархларда (пиводан ташқари) сотиш тақиқланади.

Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини реклама қилишга йўл қўйилмайди.

 

ЖАВОБГАРЛИК

Кўчаларда, стадионларда, хиёбонларда, боғларда, барча турдаги жамоат транспортида ҳамда спиртли ичимликларни қуйиб сотишга рухсат этилган савдо ва умумий овқатланиш корхоналаридан бошқа жамоат жойларида спиртли ичимликлар ичиш энг кам иш ҳақининг 1/10 дан 1/3 гача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, ЭКИҲнинг 1/3 гача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс (МЖТК)нинг 187-моддаси).

Вояга етмаган шахсни спиртли ичимликлар истеъмол қилишга жалб этиш ЭКИҲнинг 10 дан 20 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (МЖТКнинг 188-моддаси).

Этил спирти, алкоголли маҳсулотни қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш МЖТКнинг 1861-моддасида ёки Жиноят кодексида назарда тутилган жавобгарликка (содир этилган қилмиш турига боғлиқ ҳолда) сабаб бўлади.

 

1Мазкур қоида алкоголь маҳсулотини қуйиб реализация қилиш рухсат этилган савдо ва умумий овқатланиш объектларига, шунингдек тўйлар, юбилейлар ва бошқа тантаналар ҳамда маросимлар ўтказиладиган жойларга нисбатан татбиқ этилмайди.

2ВМнинг 4.11.2003 йилдаги 482-сон қарори билан тасдиқланган.

3Ўздавтемирйўлназорат томонидан 30.04.2001 йилда тасдиқланган.

4ДАТК Қоидаларига 4-илова.

5ДАТК Қоидаларига 5-илова.

6ВМнинг 13.02.2003 йилдаги 75-сон қарори билан тасдиқланган.

Ленара ХИКМАТОВА, юрист.

Прочитано: 2816 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика