Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 8 / Амалий бухгалтерия

Хизмат сафарига юбораётганда...

Бизнинг МЧЖ (ХХТУТ бўйича коди – 61134) ягона солиқ тўловининг тўловчисидир. Асосий фаолият тури – бутун республика бўйича ва ундан ташқарида кўрсатиладиган электромонтаж, ишга тушириш-созлаш ишлари. Шу боис ходимларимиз ҳар ойда ишларни бажариш учун хизмат сафарига жўнайдилар. Саволларимизга жавоб берсангиз.

Агар ташкилот хизмат сафарига юбориладиган ходимлар учун корпоратив карточка бўйича озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олса, шунингдек меъёрга кўра суткалик ва яшаш пулларини тўласа, юқорида кўрсатилган харид қандай солиқ оқибатларига олиб келади? Мазкур вазиятни ҳисобда қандай акс эттириш ва маҳсулотларни қандай ҳужжатлар асосида ҳисобдан чиқариш керак?

Ташкилотимиз хизмат сафарига юбориладиган ходимлар учун дори-дармонлар сотиб олиш ҳуқуқига эгами? Агар эга бўлса, ҳисобда ушбу вазиятни қандай қилиб акс эттириш ва қандай ҳужжатлар бўйича ҳисобдан чиқариш керак? Озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонларнинг қиймати хизмат сафарига юборилган ходимларнинг иш ҳақидан ушланмайди.

Бош бухгалтер.

 

– Суткалик пуллар ва яшаш харажатлари хизмат сафарига юборилган ходимга хизмат сафари харажатлари таркибида қопланади.

Суткалик пуллар ходимга унинг хизмат сафарида ва йўлда бўлиш вақтида овқатланиш, бошқа шахсий хизматлар (кир ювиш, кийимни дазмоллаш ва ҳоказо) ҳақини тўлаш харажатларини қоплаш мақсадида жамоа ёки меҳнат шартномасида назарда тутилган, бироқ қуйидагилардан паст бўлмаган миқдорда тўланади:

Ўзбекистондан ташқарига хизмат сафарига юборилганда – Вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотлар ходимлари Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафарига юборилганда хизмат сафари харажатлари учун маблағлар бериш тартибига1 1-иловада тасдиқланган меъёрлардан;

ЎзР ҳудуди доирасида хизмат сафарида (белгиланган энг кам иш ҳақидан коэффициентларда):

Тошкент шаҳри, вилоят маркази бўлган шаҳарларда – 0,1;

бошқа шаҳарлар ва аҳоли пунктларида – 0,08.

Корхона қонун ҳужжатларида белгиланган меъёрлардан ортиқча суткалик пуллар тўлашга ҳақли.

Солиқ солиш мақсадида суткалик пуллар:

меъёр доирасида бўлса – ходимнинг даромади сифатида қаралмайди ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадаллари солинмайди;

меъёрдан ортиқча бўлса – Солиқ кодекси (СК) 174-моддасининг 9-банди бўйича компенсация тўловларига киритилади, ЖШДС, ЯИТ ва суғурта бадаллари солинади.

Агар корхона тўланадиган суткалик пулларга қўшимча равишда хизмат сафарига юборилган ходимларга озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилса, уларнинг қиймати СК 174-моддасининг 13-бандига кўра компенсация тўловларига киритилади. Тегишинча, улар қийматидан ЖШДС, ЯИТ ва суғурта бадаллари ушланиши лозим.

Хизмат сафарига юборилган ходимлар учун дори-дармонларга келганда, мазкур вазиятда қуйидаги ҳолни ҳисобга олиш лозим. Амалдаги меҳнат қонунчилигида ходимларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадида иш берувчининг иш жойида касал бўлиб қолган ходимларга дастлабки тиббий ёрдам кўрсатишга қаратилган чоралар кўриш бўйича мажбурияти назарда тутилган (Меҳнат кодексининг 221-моддаси). Меҳнат хавфсизлиги ва уни муҳофаза қилиш мақсадида дори-дармонлар билан таъминлаш алоҳида меъёрий ҳужжатларда ҳам назарда тутилиши мумкин. Хусусан, Геология-қидирув ишларида хавфсизлик қоидаларига2 кўра дала бўлинмалари иш таркиби ва шароитларини ҳисобга олган ҳолда корхона раҳбарияти томонидан тасдиқланган рўйхатга мувофиқ дори-дармонлар билан таъминланиши керак. Шунингдек геологик корхонанинг ҳар бир бўлинмаси дастлабки ёрдамнинг дори қутичаси билан таъминланади, дори-дармонлар эса уларнинг сарфланишига қараб ва яроқлилик муддатини ҳисобга олган ҳолда тўлдирилиши керак (12.3.1.2-банд). Яъни дастлабки тиббий ёрдам кўрсатиш учун дори-дармонлар билан таъминлаш – иш берувчининг қонун ҳужжатларида ходимларнинг меҳнат шароитларини таъминлаш ва соғлиғини муҳофаза қилиш учун назарда тутилган мажбуриятидир.

Барча ходимларга, шу жумладан хизмат сафарига юборилган ходимларга дастлабки тиббий ёрдам кўрсатиш учун дори-дармонларни харид қилиш харажатлари, бизнингча, корхонанинг ходимлар меҳнат шароитларини таъминлаш билан боғлиқ бўлган ва СК 171-моддаси иккинчи қисмининг 4-бандига мувофиқ муайян жисмоний шахсларнинг даромадлари ҳисобланмайдиган харажатларидир. Бинобарин, дори-дармонларнинг қиймати ходимларнинг даромади сифатида қаралмайди ҳамда ЖШДС, ЯИТ ва суғурта бадаллари бўйича солиқ оқибатлари юзага келмайди.

Озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонларни харид қилиш учун (шу жумладан хизмат сафарига юборилган ходимларга) раҳбарнинг тегишли буйруғини чиқариш зарур, унда уларни корпоратив карточка воситасида ҳам харид қилиш ва пул маблағларини сарфлаш тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этиш учун масъул ҳисобдор шахс белгиланиши керак. Ҳисобдор шахс ҳисоботига (бўнак ҳисоботига) квитанциялар, НКМ ва терминаллар чекларининг асл нусхалари илова қилиниши керак. Корпоратив карточка маблағларидан фойдаланилганда ҳисобот у ҳисобот учун олинган кундан бошлаб 10 кундан кечиктирмай тақдим этилади (Юридик шахслар томонидан миллий валютадаги корпоратив банк карталаридан фойдаланиш тартиби тўғрисида низомнинг3 7, 9-бандлари). Унга асосан корхона бухгалтерияси олинган моддий бойликларни кирим қилади.

Хизмат сафарига юборилган ходимларнинг озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситаларига харажатлари ЯСТ ҳисоб-китобида инобатга олинмайди (озиқ-овқат маҳсулотларини бериш ҳисобда чиқиб кетиш ҳисобварақлари орқали акс эттирилишига қарамай).

Озиқ-овқат маҳсулотлари берилишини ҳисобварақ-фактура реквизитлари билан қайдномада расмийлаштириш мумкин, чунки мазкур операция солиқ солиш мақсадида реализация сифатида қаралади. Унда олувчининг (хизмат сафарига юборилган ходимнинг) фамилияси, исми-шарифи, шунингдек тилхат олиб берилган озиқ-овқат маҳсулотларининг сони ва қийматини кўрсатиш керак. Мазкур қайднома берилган ТМБни ҳисобдан чиқариш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Дори-дармонлар (дори қутичаси) корхонанинг бирламчи ҳужжатлар ва ҳужжатлар айланиши тўғрисидаги локал ҳужжатларида назарда тутилган ва тасдиқланган шаклда юкхат (далолатнома) бўйича фойдаланишга берилади.

Бухгалтерия ҳисобида хизмат сафарига юборилган ходимларга озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонларни харид қилиш ва уларни бериш бўйича операциялар қуйидаги ёзувлар билан акс эттирилади:

 

Хўжалик операциясининг мазмуни

Дебет

Кредит

Озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонларни харид қилиш

Ҳисобдор шахс корпоратив карточка бўйича харид қилган товар-моддий бойликлар кирим қилинди

1091-«Бошқа материаллар – озиқ-овқат маҳсулотлари»;

1092-«Бошқа материаллар – дори-дармонлар»

5540-«Корпоратив карточка»

Озиқ-овқат маҳсулотларини бериш

Хизмат сафарига юборилган ходимларга озиқ-овқат маҳсулотлари берилган (меҳнат ҳақи тарзида ходимларнинг даромади эътироф этилган)

9220-«Бошқа активларнинг чиқиб кетиши»;

6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходимлар билан ҳисоблашишлар»

1091-«Бошқа материаллар – озиқ-овқат маҳсулотлари»

9220-«Бошқа активларнинг чиқиб кетиши»

Берилган озиқ-овқат маҳсулотларининг қиймати харажатларга ҳисобдан чиқарилган

9430-«Бошқа операцион харажатлар»

6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходимлар билан ҳисоблашишлар»

ЖШДС ва суѓурта бадаллари ҳисоблаб ёзилган ва ушланган

6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходимлар билан ҳисоблашишлар»

6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз – ЖШДС»;

6520-«Мақсадли давлат жамѓармаларига тўловлар»

ЯИТ ҳисоблаб ёзилган

2010-«Асосий ишлаб чиқариш»

6520-«Мақсадли давлат жамѓармаларига тўловлар»

Дори-дармонларнинг берилиши

Берилган дори-дармонларнинг қиймати харажатларга ҳисобдан чиқарилган

9430-«Бошқа операцион харажатлар»

1092-«Бошқа материаллар – дори-дармонлар»

 

 

1МВ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 5.06.2000 йилда 932-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

2Давшаҳартехназорат ва Давгеологқўм томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 29.01.1997 йилда 304-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

3МБ бошқарувининг АВ томонидан 18.04.2005 йилда 1470-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

Жавобларни «Norma Ekspert» мутахассислари тайёрладилар.

Прочитано: 3253 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика