Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 8 / Тарафдор ва қаршилар

Ҳисоб учун ким жавоб беради?

Директор – бошлиқ, калтак ҳам унинг бошида синади

Cолиқ ва бухгалтерия тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун директор ва бош бухгалтерга нисбатан жавобгарлик чораларини кўриш ҳуқуқни қўллаш амалиётида долзарб масала бўлиб ҳисобланади. Агар фирма солиқларни ўз вақтида тўламаса, ДСИга ҳисоб-китобларни топширмаса, бухгалтерия ҳисобини нотўғри олиб борса, уларнинг қайси бири жавоб бериши керак? Бирламчи ҳужжатлар лозим даражада расмийлаштирилмаганлиги учун ким жавобгар? Таҳририят ушбу масала бўйича қарама-қарши фикрларни чоп этаркан, икки нарсани назарда тутади: биринчидан, мавжуд тартибга солинмаган муаммоларни аниқлаш, иккинчидан, профессионал газетхонларимиз кучи билан уларни меъёрий ҳал қилиш бўйича таклифларни шакллантириш. Газетхонларни norma.uz сайтида фаол муҳокама қилишга таклиф этамиз. Ранг-баранг фикр-мулоҳазалар қонун ҳужжатларини такомиллаштириш жараёнларида ташаббус билан чиқиш ва уларни мувофиқлаштириш ваколатига эга бўлган давлат тузилмаларининг эътиборига ҳавола қилиш мумкин бўлган асосли амалий тавсияларни ишлаб чиқишга кўмаклашади деб умид қиламиз.

 

«Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг (30.08.1996 йилдаги 279-I-сон) 7-моддасида шундай дейилган: «Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини ташкил этишни корхона, муассаса ва ташкилот раҳбари амалга оширади». Бундан айни у бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш ва юритиш учун жавобгар бўлиши келиб чиқади. Ана шу вазифаларни ҳал этиш учун хўжалик юритувчи субъектнинг раҳбари бош бухгалтер раҳбарлик қиладиган бухгалтерия ҳисоби хизматини ташкил этиш ёки шартнома бўйича жалб этилган бухгалтернинг хизматларидан фойдаланишга ҳақлидир. Бухгалтерия ҳисобини юритишни ихтисослашган бухгалтерия фирмасига ёки таркибига унинг корхонаси кирадиган бирлашманинг марказлаштирилган ҳисоб бўлимига шартномавий шартларда бериши ҳам мумкин. Шунингдек у бухгалтерия ҳисобини ўзи юритиши мумкин – Қонун унга ана шундай имконият беради.

 

Бироқ амалиётда нафақат хўжалик юритувчи субъектларнинг раҳбарларида, балки назорат қилувчи органларнинг вакилларида ҳам бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш ва унинг ишончлилиги учун бутун жавобгарлик бухгалтернинг зиммасида деган фикр шаклланиб қолган.

Бунда қонун чиқарувчи эмас, балки ўзимиз айбдормиз, зеро оддий ҳақиқатларни «кўрмаймиз» ёки «кўришни хоҳламаймиз».

Мисол учун, «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонун 8-моддасининг иккинчи қисмида таъкидланишича, раҳбар имзолаш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг иккита рўйхатини тасдиқлайди. Биринчи рўйхатга – раҳбарлик вазифаларини амалга оширувчи шахслар, иккинчисига – бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифаларини амалга оширувчи шахслар киради.

Мазкур меъёрнинг мантиқидан иккинчи имзо қўювчи бухгалтерия ҳисоби субъектининг кредитлари тасарруфчиси эмаслиги келиб чиқади. У фақат бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқарувни олиб бориши шарт.

Меъёр бухгалтерия хизмати раҳбарларининг жавобгарлик соҳасини аниқ белгилайди. Унинг амалий аҳамияти суд ҳужжатлари ва бошқа органларнинг ҳужжатларини мажбурий ижро этиш масалаларида долзарб тусга эга. Бош бухгалтер хўжалик юритувчи субъект раҳбари билан бир қаторда амалдаги қонун ҳужжатларининг кўрсатмаларини бажармаганлик учун жавобгарликка тортиладиган адолатсизликка чек қўйиш лозим (агар, албатта, қасддан қилиш ва жиноий ҳамкорликнинг аломатлари сезилмаса!).

Раҳбар асосий роль ўйнайдиган, демак у жавобгар бўладиган фаолиятнинг асосий «зоналари»ни батафсил кўриб чиқамиз.

 

Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини ташкил этиш

Корхонадаги лозим даражадаги ҳисоб ўз-ўзидан пайдо бўлмайди – уни раҳбар ташкил этиши шарт. Бунинг учун у ишга малакали бухгалтерни қабул қилиши, унинг ишлаши учун барча зарур шароитларни яратиб бериши, хўжалик фаолиятини ҳужжатлар билан таъминлашни лозим даражада қўллаб-қувватлаши, юрист хизматларидан фойдаланиши, зарур ахборот манбалари билан таъминлаши, ҳисоб учун бошқа шароитларни барпо этиши керак.

Афсуски, бухгалтерия ҳисобининг ўта муҳимлигини англайдиган ва уни ташкил этиш учун зарур шароитларни яратиб берадиган раҳбарлар унчалик кўп эмас. Директорлар ёки муассислар тимсолидаги раҳбарият бухгалтер ишини бефойда, кераксиз ва ҳатто зарарли деб ҳисоблайдиган ва, тегишинча, уни қадрламайдиган вазиятлар анча кўп учрайди. Улар кўпчилиги бухгалтерия фақат солиқларни ҳисоблаш ва тўлаш билангина шуғулланиб, хўжа-йинларни «тер тўкиб» топилган пуллардан маҳрум қилади деб ўйлашади. Бунинг натижасида бухгалтерия ҳисобини юритишга менсимаслик билан муносабатда бўлинади – фирманинг бирор-бир фаолияти даврида у бухгалтерсиз юритилади, кейин эса озгина иш ҳақига билимсиз бухгалтер ишга олинади.

Бундай раҳбарлар учун бош бухгалтернинг бирламчи ахборот ва бошқа ҳужжатларни (масалан, товар харидорларга берилиши операцияларини тасдиқлаши керак бўлган ишончномаларни) ўз вақтида бериш тўғрисидаги илтижолари – беҳуда, бизнес учун керак бўлмаган қоғозбозликдан бошқа нарса эмас. Асосийси – савдо-сотиқ, ҳисобрақамига тушумнинг келиб тушиши, солиқ солишни мақбуллаштириш ва ҳоказолар.

Албатта, бундай раҳбарлар билан ишламаган маъқул. Бироқ кўпинча амалиёт бухгалтерга иш берувчини танлашда етти ўлчаб бир танлаш имконини бермай, уни «яшаш» учун мослашишга мажбур қилади.

Бундай шароитларда ҳисобни амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ юритиш мумкинми? Албатта – йўқ. Бунда ҳисоб юритилмайди деб бўлмайди, тўғрироғи у раҳбарнинг айби билан йўл қўйилган ҳуқуқбузарликлар билан юритилади.

Бухгалтерия ҳисобининг сифати яхши эмаслиги туфайли, масалан, солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловлар бўйича боқимонда юзага келиши ёхуд чалкаштирилган молиявий ҳисоботдан фойдаланувчи зарар кўриши эҳтимолдан ҳоли эмас. Ушбу ҳолда корхонада ҳисоб учун тегишли шароитларни яратмаган раҳбар тегишли жиноят ишида гумон қилинувчи ва айбланувчи мақомига эга бўлиши мумкин.

Агар бундай ҳаракатлар билан айрим фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларига, давлат, жамият ёки айрим юридик шахсларнинг манфаатларига зарар етказилса, раҳбар совуққонликда айбланиши мумкин. Бош бухгалтер эса жавобгарликдан қутулиб қолиш имкониятига эга. Унинг ҳаракатларида нафақат қасддан қилинган, балки эҳтиётсизлик оқибатидаги айб аниқланмаслиги мумкин, чунки малакаси ва иш тажрибаси етарли эмаслиги туфайли у ўз қилмишининг жамият учун хавфли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини билмаган бўлиши мумкин.

 

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш

Ишга жойлашар экан, бухгалтер нимадан хавфсирайди? Аввало – директорнинг таъсирига тушиб қолиш ҳамда унинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўламасликка оид бирор-бир фирибгарлигига тортилиб қолишдан. Бунинг учун жиддий жазо олиш – жарима тўлашдан то озодликдан маҳрум бўлишгача – мумкин. Бунда кўпинча режали текширувлар ўтказиш чоғида директор ўз ходимини қўллаб-қувватлаш ўрнига «рад қилиш» йўлига ўтиб олиши мумкин. Масалан, солиқларни ҳисоблаб чиқаришда ҳеч нарсани тушунмаслиги, барча жавобгарлик эса фақат унинг ходими зиммасидалигини айтиши мумкин.

Бутун жавобгарликни бухгалтер зиммасига юклаш – ғирромлик, у солиқ тўлашга тааллуқли ҳамма нарсада раҳбарга боғлиқ. Бухгалтерни унга берилган, кўпинча сохта бўлган ҳужжатлар асосида қанча солиқ тўлаганлиги учун эмас, балки солиқларни ҳисоблаётганда йўл қўйган фактик хатолари учун жаримага тортиш мумкин.

Бухгалтерлар буни адолатсизлик деб ҳисоблашади! Бу фикр ҳам асосланган. Агар сиз директор таваккал қилиб ўтирмасдан барча солиқларни тўлиқ ҳажмда тўлаш тарафдори бўлган ва ҳар бир ҳужжат бўйича сиз билан маслаҳатлашадиган компанияда ишласангиз – омадингиз жуда ҳам келган экан. Бироқ кўпларда ҳаммаси бошқача. Бухгалтерия иши қуйидагича қўйилади: директор солиқларни камайтириш мақсадини ўртага қўяди, бухгалтер эса бунга эришиш учун фантазиясини ишга солиши керак.

Роллар оддийгина тақсимланади: бухгалтер – кўпинча ёлланма ходим бўлади ва унинг иш ҳақи фойдага боғлиқ эмас. Кичик фирманинг директори эса кўпинча унинг муассиси бўлади ёки унинг шахсий даромади бевосита олинган фойдага боғлиқдир.

Оқибатда қуйидаги аҳвол юзага келади. Назарияга кўра бухгалтернинг вазифаси – хўжалик операцияларини бухгалтерия ҳисобида уларнинг иқтисодий моҳиятига мувофиқ тўғри акс эттириш ва солиқларни қонуний ҳисоблаш. Амалиётда эса директор солиқларни камроқ тўлаш керак деб қарор қилади ва бухгалтер ишнинг янги «солиқларсиз» чизмасини излайди, бу чизманинг легал бўлиши даргумон. Яна бир гап. Директор дўстлари билан дам олган ресторанлардан чеклар олиб келади, бухгалтер эса ушбу харажатни қандай қилиб ёпишини – вакиллик харажатлари, мукофот, компенсация ёки бошқа нарсани ўйлаб топишини ўйлаши керак. Бунда солиқларни тўлиқ тўлаш қандай бўлади?

Бошқа мисол. Директор солиқлардан қочиш учун бир кунлик фирмалар билан тузилган сохта битимлардан фойдаланади. Бунда бош бухгалтер ушбу фирмалар билан битимлар тўғрисидаги дастлабки музокараларда иштирок этмайди, улар билан ҳеч қандай келишувларни имзоламайди ва контрактларнинг сохталигини билмаслиги мумкин. Бундай вазиятда бирламчи ҳужжатлар асосида бюджетга тўловларни ҳисоблаб чиқарувчи бухгалтер солиқлар тўлашдан бўйин товланганлик учун жавоб бермаслиги керак. Бутун жавобгарлик директор зиммасида бўлиши лозим!

 

Касса операцияларини юритиш

Бухгалтернинг вазифаларидан бири – касса операцияларини юритиш. У кассага хўжалик фаолиятидан келиб тушадиган барча нақд пулни кирим қилиши ва кейин уни банкларнинг инкассаторларига топширишни таъминлаши, касса операцияларини юритишнинг белгиланган тартибларига риоя этиши керак.

Ушбу вазифаларни савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги кичик корхоналарда амалга ошириш айниқса қийин, уларда, маълумки, нақд пул обороти жуда каттадир. Айни ушбу тузилмалар назорат қилувчи органларнинг доимий эътибор зонасида туради – тез-тез режадан ташқари текширувлар, нақд пулни кирим қилиш устидан мониторинг ва ҳоказо. Аниқланадиган ҳуқуқбузарликлар бухгалтерга катта молиявий жарималар, баъзан эса жиноят учун таъқиб қилиш таҳдидини солади.

Бироқ бу ерда ҳам кўп нарса бухгалтерга боғлиқ эмас, у фақат ёлланма ходим бўлиб, раҳбарга бўйсунишга мажбур. Агар раҳбар «параллел» ишлаб чиқариш ёки савдони ташкил қилса, олинган нақд пулдан хом ашё, материаллар, товарлар ва хизматларни сотиб олиш учун ноқонуний битимларда фойдаланса ёки уни ўзлаштирса, бутун жавобгарлик айнан унинг зиммасига юклатилиши керак. Бухгалтер директор ташкил қиладиган нақд пул билан ноқонуний операциялар учун жавобгар бўлиши мумкин эмас!

 

Хато қилган одам жавоб беради

«Ҳар қандай шахс унга нисбатан айби аниқланган ижтимоий хавфли ҳаракатлар ва юз берган ижтимоий хавфли оқибатлар учунгина жавобгар бўлади» – дунёда кенг тан олинган ҳуқуқ қоидаларидан бири тахминан шундай янграйди. Агар амалиётда бу қоида амал қилинса, корхона раҳбарининг бухгалтерия ҳисоби ва солиқлар тўланишининг тўғрилиги учун жавобгарлиги тўғрисида қандай сўз бориши мумкин?! Мазкур ҳолда биз бугунги кунда борган сари кўпайиб бораётган қонунга итоаткор раҳбарлар тўғрисида сўзлаётирмиз. Улар корхонада бухгалтерия ҳисобини тўғри ташкил этишнинг жуда муҳимлигини тушунадилар ва бухгалтериянинг самарали фаолияти учун барча зарур шарт-шароитларни яратадилар.

Айни шундай раҳбарлар кўпинча текширув натижалари бўйича бухгалтерия ҳисобини юритиш, солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашда ҳуқуқбузарликлар аниқланадиган вазиятга дуч келадилар. «ЯСТ бўйича база нотўғри белгиланган», «ЯИТ бўйича имтиёзни қўллаб бўлмади», «даромад солиғини ҳисоблаб чиқишда хато қилган», «ҚҚС бўйича шунча кам тўланган» – минглаб директорлар шу ва шунга ўхшаш фикр-мулоҳазаларни текширувчилардан эшитадилар. Бироқ бош бухгалтер бирор нарсани ҳисобга олмаган, бошқа проводкадан фойдаланган, ҳисоб-китобларда хато қилган, имтиёзни нотўғри қўллаган ва шу каби бошқа ҳолларда наҳотки раҳбарларнинг айби бўлса?

Бу ерда жавоб битта бўлиши мумкин – «йўқ!». Корхона раҳбари ўз бош бухгалтерининг хатолари ва ҳуқуқбузарликлари учун жавоб бериши мумкин эмас, янаям аниқроғи – жавоб бермаслиги керак.

Биринчидан, унда бухгалтерия шуғуллангандек ҳисоб юритиш, солиқларни ҳисоблаб чиқариш ёки текшириш учун вақт йўқ. Унинг асосий вазифаси – бизнесни самарали юритишни ташкил этиш, компанияни муваффақиятли ривожлантириш, асосий кўрсаткичларнинг доимий ўсишини таъминлашдир. Директорнинг иш куни сотув ва харидларни ташкил этиш, ходимларни бошқариш, маркетинг билан шуғулланиш, ўнлаб шошилинч вазифаларни ҳал этиш билан ўтади.

Иккинчидан, бухгалтерия ҳисобини юритиш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш махсус тайёргарлик, профессионал билимларни талаб қилади. Бош бухгалтер бўлишдан аввал кам деганда ихтисослашган курслардан ўтиш, бир неча йил оддий ҳисобчи бўлиб ишлаш, кейин эса бутун умр ўқиб-ўрганиш керак. Директордан бош бухгалтерда бўлган билим ва кўникмаларни талаб қилиш нафақат бажариб бўлмайдиган, балки нотўғри иш ҳамдир.

Албатта, директор балансни «ўқий олса» ва ўзи имзолайдиган молиявий ҳужжатларнинг мазмунини тушунса, нур устига нур бўларди. Бироқ амалиётда бундай юқори малака, айниқса кичик бизнесда, жуда кам учрайди. Кўпинча кичик корхона раҳбари бухгалтер унга имзолаш учун олиб келган қоғозларнинг ҳатто нималигини тушунмайди ва солиқ солишда тамомила ходимга ишонади.

У эса вақти-вақти билан... – бирор нимани бошқача қилади, хатога йўл қўяди. Хатолар бухгалтернинг ўзи, бошқа ходимлар айби билан, техниканинг бузилиши ва ҳоказолар туфайли юз бериши мумкин. Албатта, ҳеч иш қилмаган кишигина хато қилмайди ва агар вақтида тузатилса, хатолар қўрқинчли эмас... Бироқ, афсуски, бу нарса ҳар доим бўлавермайди – текширувларда солиқ ва бухгалтерия қонун ҳужжатларини бузишлар аниқланади, бу эса пеня ва жарималар тўлашга олиб келади, фирма маънавий ва моддий талафотлар кўради. Ва энг асосийси, бухгалтернинг ҳар қандай хатоси учун директор жавобгар бўлади, биринчи имзо қўйиш ҳуқуқига эгалиги учунгина у жавобгар!

Раҳбар минг маротаба «Мен ҳеч нарсани билмаганман. Ҳа, имзо чекканман, нима бўпди? Биринчи навбатда бухгалтер айбдор, у солиқларни ҳисоблайди, тўлайди ва ҳисоб беради, ана уни жазоланг!» дейиши мумкин. Бироқ юридик жиҳатдан аввал директор жавобгар бўлади.

Бухгалтерни қилган хатолари учун, албатта, ... бевосита моддий зарарни қоплашга (масалан, жарима тарзида) тортиш мумкин, бироқ фақат ўртача иш ҳақи миқдорида. Бироқ ушбу суммани дарҳол эмас, балки қисмларга бўлиб ушлаб қолиш мумкин. Шу тариқа зарарни қоплаш кўп ойларга, баъзан эса йилларга ҳам чўзилади.

Амалиётда кичик корхонада, ҳатто масъулияти чекланган жамиятда ҳам, директор – асосий, гоҳида эса, бирдан-бир муассис ҳамдир. Унинг учун энг тежамли ва осойишта ҳолат – кичик корхонанинг тақдирини бегона қўлларга ишониб топширмаслик. Бироқ бунда бухгалтер хатоси учун муассис – директор, айбсиз айбдор, икки тарафлама жазо олади. Биринчиси: ўз корхонасининг юридик шахсга нисбатан молиявий санкциялар билан боғлиқ зарарлари тарзида ва бюджет билан ҳисоб-китоб қилиш учун режалаштирилмаган пулларни у тезда «бизнесдан юлиб олишга» тўғри келиши билан. Ва иккинчиси – бухгалтер билан бир қаторда ҳужжатларни имзолаган мансабдор шахс сифатида унга қўлланадиган санкциялар. Хусусий корхона мулкдорининг аҳволи бундан ҳам ёмон: у қонунга кўра директор бўлиши керак, муассис сифатида эса корхонанинг мажбуриятлари бўйича, шу жумладан бюджет олдида ҳам, ўзининг бутун мол-мулки билан жавоб беради. Унинг учун бухгалтернинг қўпол хатоси нафақат бизнесни, балки уйидаги мол-мулкини ҳам йўқотиш даражасида хатарли бўлиши мумкин (ваҳоланки бу хатони у кўпинча махсус маълумотга эга эмаслиги туфайли кўрмайди ва тушунмайди ҳам!). Наҳотки бундай директор–муассис ва унинг ёлланма ходими – бухгалтер тенг аҳволда бўлса? Ва наҳотки бухгалтернинг хатоси учун «иккаласи имзолаганми – иккиси ҳам айбдор» қоидасига амал қилиб, икковини жазолаш адолатли бўлармикин. Имзолашдими, демак имзолашди. Имзо билан ҳар бири ўзига тегишли нарсани тасдиқлайди: директор – бошланғич маълумотларнинг тўғрилиги ва у раҳбарлик қилаётган корхона фаолиятининг ҳисобда тўлиқ акс эттирилганлигини, бухгалтер эса – профессионал ҳалоллик, ҳисобнинг, расмийлаштириш ва ҳисоботни тақдим этишнинг қонун-қоидаларга мувофиқлиги, хатосизлигини.

Ҳалол ва эҳтиёткор директор, яъни кичик фирма муассиси баъзан яхши бухгалтерга ўзи бизнесда топадигандан ҳам кўпроқ ҳақ тўлайди. Айни солиқлар бўйича тўғри ҳисоб-китоб қилиш ва тинч ухлаш учун тўлайди. Бироқ ҳозирги бухгалтер хатоси юз берганда иккаласини жазолаш амалиёти нафақат бухгалтернинг шахсан жавобгарлигини, балки у билан бирга директорнинг тасаввурида ушбу мутахассиснинг қадрини ҳам туширади! Агар бухгалтернинг хатолари учун барибир ўзинг жавоб бераркансан, нима учун унга кўп ҳақ тўлаш керак? Бухгалтер борган сари кўпроқ шикоят қилаётган вазиятларнинг илдизи балки шундадир: гўё уларни кўплаб муассислар ва директорлар унчалик қадрламайдилар. Ўзаро муносабатлар борасида ҳам, иш ҳақи суммасида ҳам. Бухгалтерга муносабат ҳам, уларнинг жавобгарлиги ҳам ҳақиқатан уларнинг корхонадаги роли муҳимлигига мувофиқ келиши учун меъёрий бошқариш ва амалиётга бир нечта ўзгартириш киритиш тўғри бўларди.

Биринчидан: меъёрий ҳужжатларда директор нима учун ва қандай ҳолларда шахсан мансаб жавобгарлигига тортилиши, бухгалтер қай ҳолда шахсан жавоб бериши янада аниқ ва батафсил ёзиб қўйилиши керак. Бухгалтернинг ҳисоб ва ҳисоботдаги профессионал хатолари ёки профессионал ҳалоллиги билан боғлиқ айби учун эса штатида бухгалтерга эга бўлган, бухгалтерия ҳисобида профессионал бўлмаган директор жавоб бермаслиги керак.

Иккинчидан, солиқ маслаҳатчилари институтининг ривожланиши билан тўғридан-тўғри амал қиладиган ҳужжат – Солиқ кодексида солиқ ҳисоботини корхона солиқ маслаҳатчисига топшириш мумкинлиги тўғрисидаги қоидани мустаҳкамлаш мумкин. Ва агар корхона унга ўзи сўрайдиган маълумотларни аниқ ва тўлиқ тақдим этса, ҳисоб-китобларнинг тўғрилиги ва тўлиқлиги учун солиқ маслаҳатчиси жавобгар бўлсин. Уларнинг бундай хизматлари тадбиркорлик тузилмаларининг солиқ мажбуриятларини бажаришда атайин қилинмаган хатолари сонини жиддий равишда камайтириши ва тадбиркорликнинг ҳимояланганлик даражасини ошириши мумкин.

Солиқ маслаҳатчисининг хизматлари учун албатта тўлашга тўғри келади. Бироқ, ишонаманки, давлат улар қийматининг чегарасини оқилона даражада тартибга солади. Корхоналар эса уларга тўлайди: ахир ҳимояланганлик афзалку!

Ушбу материалларни тайёрлашда мазкур масала бўйича газетхонларимизнинг фикрини ўрганиш натижалари бўйича олинган ахборот, шунингдек Ҳакамлик судлари уюшмасининг Тошкент шаҳар филиали ҳузуридаги Миробод туман ҳакамлик суди раиси

Абдуғани Муҳаммадбоев тақдим этган материаллар ҳамда таҳририятга мурожаатлардан фойдаланилган.

Прочитано: 5705 раз(а)

Комментарии к статье (2)

Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.
2013-02-27 13:29:06, Гость_ЖАНОБ Х:
РОСТДАН ХАМ! ШУНДАЙ ХОЛАТЛАРНИНГ ГУВОХИ БУЛАЯПМАНКИ, ОДДИЙ ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАР ДАРОМАДИДАН ОЛИНАДИГАН СОЛИКНИ ОЛИБ КУРАЙЛИК.ХОДИМГА КАНЧА ИШ ХАКИ ХИСОБЛАНГАНИНГ АХАМИЯТИ ЙУК. ИШ ХАКИ 5МИНИМАЛ ОШАДИМИ,10 МИНИМАЛДАН ОШАДИМИ, БАРИБИР, СТАВКА БИТТА.АЙТАЙЛИК 2013 ЙИЛ 1 ШКАЛА 8% БУЛСА ШЖБХ ГА 1% НИ ЧЕГИРИБ ТЕКИС 7% ДАН УШЛАШАДИ. КОЛГАН МАСАЛАЛАРДА У "БИЛИМДОН" ЛАРНИ КУЯВЕРИНГ. БУНДАЙ ХОЛЛАРДА РАХБАР НИМА УЧУН ЖАВОБ БЕРИШИ КЕРАК?
2018-01-28 21:41:52, Гость_:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика