Пенсионерлар тиббий муассасаларда даволаниш чоғида овқатланиш пулини тўламасликлари мумкин деб эшитдим. Шу тўғрими?
– Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимининг турғун даволаш-профилактика муассасаларида овқатланишни ташкил этиш ва унинг учун ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (5.02.2016 йилдаги 31-сон ВМҚ) 5-бандига мувофиқ оғир касалликларга чалинган шахслар (беморлар) (31-сон ВМҚга 1-илова) ҳамда бундай шахслар (беморлар) тоифалари (31-сон ВМҚга 2-илова) тиббиёт муассасаларида овқатланиш учун ҳақ тўлашдан озод қилинадилар:
• I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;
• болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар;
• 1941–1945 йиллардаги уруш оқибатида ногиронлиги бўлган шахслар ва уруш қатнашчилари, шунингдек, уларга тенглаштирилган шахслар;
• Чернобиль АЭСидаги ҳалокат оқибатларини бартараф этишда қатнашиш натижасида ногиронлиги бўлган шахслар;
• 1941–1945 йиллардаги уруш йиллари меҳнат фронти қатнашчилари;
• байналмилалчи жангчилар;
• ғирт етимлар;
• Ваколатли органларда ҳисобда турувчи ёлғиз пенсионерлар;
• 18 ёшгача бўлган болалар, шунингдек ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари;
• чақириқ комиссиялари хулосаларига кўра мудофаа ишлари бўлимларининг йўлланмалари бўйича 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган чақириқ ёшидагилар;
• «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» («Почетный донор Республики Узбекистан») кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар;
• 1 ёшгача боласи бўлган эмизикли оналар;
• болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида даволанаётган болаларга қаровчи шахслар (ота-она ва бошқалар).
Зафаржон Хўжаев, «Norma» МЧЖ эксперти.