Корхонага кўп қаватли уйдаги квартира тегишли бўлиб, у вилоят филиалларидан хизмат сафарига юборилган ходимларнинг яшаши учун фойдаланилади. Ушбу кўчмас мулк объекти бўйича мол-мулк ва ер солиқларини тўлаш зарурми?
Ушбу саволга жавоб беришни buxgalter.uz ДСҚ Солиқ солиш бўйича маслаҳат бошқармаси бошлиғи Азиз ҲОШИМОВдан илтимос қилди.
Мол-мулк солиғи
– Корхонага тегишли квартира мулк ҳуқуқи кадастр органида рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлган кўчмас мулкка киради. Бинобарин, у мол-мулк солиғи солиш объекти ҳисобланади (СК 411-м.).
Квартиранинг ўртача йиллик қолдиқ қийматига 2% ставка бўйича солиқ солинади (СК 412, 413, 415-м.).
Ер солиғи
Кўп квартирали уйлар эгаллаган ерлар ер солиғи солиш объекти сифатида ҳисобланмайди, бундан яшаш учун мўлжалланмаган кўчмас мулк объектлари эгаллаган ер участкалари мустасно (СК 426-м. 2-қ. 12-б.).
Бироқ агар сиз ушбу ер участкаларидан хўжалик фаолиятини юритиш учун фойдалансангиз, уларга солиқ солинади (СК 426-м. 3-қ.).
Агар кўп қаватли уйдаги квартирадан ўз ходимлари, шу жумладан бошқа жойлардан хизмат сафарига юборилган ходимлари учун хизмат уй-жойи сифатида фойдаланилса, корхона ер солиғини тўлаши керак эмас.
Агар кўп квартирали уйдаги бинодан турар-жой бўлмаган бино сифатида фойдаланилса, ер солиғини тўлаш зарур. Масалан – офисни жойлаштириш учун. Кўп қаватли уйларда турар-жой бўлмаган бинолар бўйича ер солиғи бинонинг қаватлар сонига бўлинган майдонига қараб ҳисобланади («2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуннинг 9-иловасига 7-изоҳ). Бинонинг майдони кадастр ҳужжатларида кўрсатилган.
МИСОЛ. Турар жой бўлмаган бино бўйича ер солиғи ҳисоб-китоби
Корхонага майдони 180 кв.м бўлган, 9 қаватли уйнинг биринчи қаватида, Тошкент шаҳрининг 2-зонасида жойлашган турар жой бўлмаган бино тегишли. Ер солиғи қандай ҳисоблаб чиқарилади?
Юридик шахслардан олинадиган ер солиғи 0,002 га (180 / 9 / 10 000) га тенг ер участкаси майдони ва тегишли солиқ ставкасидан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқарилади. Маълумот учун: 1 га = 10 000 кв.м.
2020 йил учун юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ставкаси Тошкент шаҳрининг 2-зонаси учун 1 гектар учун 144 817 718 сўмни ташкил этади (589-сон Қонунга 9-илова).
Ер солиғининг йиллик суммаси: 0,002 х 144 817 718 = 289 635,44 сўм.
Таҳририятдан: турар жойни қандай қилиб нотурар жойлар тоифасига ўтказиш ҳақида «Офисни квартирада очиш қонунийми?» материалида ўқинг («СБХ», 6.10.2020 йилдаги 40-сон).