Товарлар (хизматлар) электрон савдосини амалга оширадиган ва Электрон тижорат субъектлари миллий реестрига киритилган солиқ тўловчилар фойда солиғини 7,5%лик ставка бўйича тўлайдилар. buxgalter.uz илтимосига кўра ДСҚнинг солиқ солиш бўйича маслаҳатлар бошқармасининг бўлим бошлиғи Азиз УМИРЗОҚОВ бундай корхоналар томонидан солиқ қандай ҳисобланишини тушунтириб берди.
– Электрон тижорат – ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда тузиладиган шартномаларга мувофиқ товарлар (ишлар, хизматлар) олди-сотдиси («Электрон тижорат тўғрисида»ги Қонун 3-м.). Электрон тижорат қоидалари 2.05.2016 йилдаги 185-сон ВМҚ билан тасдиқланган.
7,5%лик ставка қачон қўлланилади
Фойда солиғини тўловчилар қуйидаги ҳолатларда 7,5%лик ставкани қўллашга ҳақли:
● улар электрон тижоратни амалга оширганда ва Электрон тижорат субъектлари миллий реестрига киритилганда;
● ҳисобот даври якунлари бўйича электрон тижоратдан олинган даромад жами даромаднинг 90%идан кам бўлмаганда (СК 337-м. 5-қ.).
Электрон тижорат субъектлари миллий реестрига электрон тижоратни амалга оширадиган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар ихтиёрий ва бепул асосда киритилади. Шунингдек қуйидаги фаолият турлари ҳам киритилади:
● электрон савдо майдончалари хизматларини кўрсатиш;
● товарларни етказиб бериш;
● электрон тижоратдаги электрон ҳужжатлар ва хат-хабарларни сақлаш.
Сизни реестрга киритишлари учун электрон тижорат воситасида товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадларингиз реализация қилинган товарлар (ишлар) умумий ҳажмининг 80%идан кам бўлмаслиги керак.
Миллий реестрга кириш учун Ахборот технологиялари ва коммуникациялари вазирлиги ҳузуридаги «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш марказига мурожаат қилиш лозим (14.05.2018 йилдаги ПҚ-3724-сон қарорнинг 8, 9-кичик бандлари).
Электрон тижоратдан олинган даромад 80%дан кам бўлмаганда Миллий реестрга киритиласиз, бироқ ҳисобот даври (солиқ) якунлари бўйича ушбу даромад 90%ни ташкил қилмаган тақдирда, корхона 7,5%лик ставкани қўллашга ҳақли эмас.
Бошқа фаолият турлари мавжуд бўлганда
Корхона электрон тижорат билан бирга бошқа турдаги фаолиятни – ахборот тизимларидан фойдаланмаган ҳолда амалга оширади.
Фойда солиғи ставкасини тўғри аниқлаш учун даромадлар бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритинг.
МИСОЛ. Фаолият турлари ҳар хил бўлганда, солиқ ҳисоб-китоби
Корхона товарларни электрон тижорат ёрдамида ҳамда стационар савдо шохобчаси орқали сотади.
Корхона бўйича 2020 йил январь-сентябрь ойлари учун қуйидаги маълумотлар келтирилган:
Фаолият тури
|
Даромадлар суммаси, млн сўм
|
Умумий ҳажмдаги улуш (%)
|
1
|
2
|
3
|
Электрон тижорат воситасида товарларни реализация қилиш
|
1 656
|
92
|
Турғун савдо шохобчаси орқали товарларни реализация қилиш
|
144
|
8
|
Жами:
|
1 800
|
100
|
9 ой учун чегириладиган харажатлар умумий суммаси – 1 600 млн сўм.
Электрон тижоратдан олинган даромадлар жами даромаднинг 92%ини (1 656 / 1 800 х 100) ташкил этганлиги сабабли корхонада ҳисобот (солиқ) даврида олинган жами фойдага нисбатан 7,5%лик ставка қўлланилади.
Фойда солиғи:
(1 800 – 1 600) х 7,5% = 15 млн сўм.
Электрон тижоратдан олинадиган даромад камайганда
Фойда солиғи ҳисоб-китоби ҳар чоракда ортиб борувчи якун билан тақдим этилади (СК 338, 339-моддалари). Шу боис ҳисобот чораги якунлари бўйича электрон тижоратдан олинган даромад жами даромаднинг 90%идан кам бўлмаган, кейинги чорак якунлари бўйича эса – ушбу миқдорга етмаган ҳолатлар ҳам юзага келиши мумкин.
Бундай ҳолатда корхона электрон тижоратдан олинган даромад ортиб борувчи якун билан 90%дан кам бўлган ҳисобот даврида 7,5%лик ставкани қўллашга ҳақли эмас.
Айтайлик, юқорида келтирилган мисолда 2020 йилнинг 12 ойи учун электрон тижоратдан олинган даромад жами даромаднинг 90%идан кам бўлган. Бунда 2020 йил учун жами фойдага 15%лик ставка бўйича солиқ солинади.