Корхона ўзининг атрофидаги ҳудудни ободонлаштириш учун 200 млн сўм харажат қилди, жумладан умумий фойдаланишдаги автомобиль йўли асфальт қилинди. Ободонлаштирилган ҳудуд кадастр ҳужжатлари бўйича корхонага тегишли эмас.
1. Корхонанинг атрофидаги ҳудудни ободонлаштириш харажатлари бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттирилади?
2. Бу қандай солиқ оқибатларига олиб келиши мумкин?
1 Корхонангиз ўзига тегишли бўлмаган умумий фойдаланишдаги ҳудудни ободонлаштирган. Шаҳарлар ва қишлоқларни ободонлаштириш ишларини бажаришга оид харажатлар бошқа операцион харажатларга киритилади.
Бухгалтерия проводкаси қуйидагича бўлади:
● 9430-«Бошқа операцион харажатлар» счёти дебети
● 1000-«Материаллар», 6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходимлар билан ҳисоблашишлар», 6520-«Мақсадли давлат жамғармаларига тўловлар», 6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар», 6990-«Бошқа мажбуриятлар» счётлари кредити.
2 Фойда солиғини ҳисоблашда шаҳарларни ва шаҳарчаларни ободонлаштириш бўйича хизматлар кўрсатганлик учун қилинган харажатлар солиқ базасидан чегириб ташланмайди (СК 317-м. 15-б.).
Бундай ободонлаштиришни амалга ошириш учун товарлар (хизматлар) сотиб олинганда тўланган (тўланиши лозим бўлган) ҚҚС ҳисобга олинмайди (СК 267-м. 1-қ. 7-б.).
Азизахон ТОШХЎЖАЕВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.