Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 43 / Бухгалтерга ёрдам

Солиқ солинадиган ва ундан озод этилган айланмалар мавжуд бўлганда ҚҚС қандай ҳисобга олинади

 

Умумий қоидага биноан фақат реализация қилиш бўйича солиқ солинадиган, шу жумладан ноль даражали ставка бўйича, айланмаларда фойдаланиладиган товарлар (хизматлар) бўйича ҚҚС ҳисобга олиниши мумкин (СК 266-м. 1-қ. 1-б.). Корхонада солиқ солинадиган ва солиқ солинмайдиган айланмалар мавжуд бўлган тақдирда қандай йўл тутиш ҳақида buxgalter.uz илтимосига биноан «Norma» компанияси эксперти Ирина АХМЕТОВА сўзлаб берди.

 

 

Уларни реализация қилишда ҚҚСдан озод этилган товарлар ва хизматлар СКнинг 243-моддасида келтирилган.

Солиқ солишдан озод этилган айланмаларга тўғри келадиган «кирувчи» ҚҚС сотиб олинган товарларнинг (хизматларнинг) қийматида ёки муайян ҳолларда – фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш чоғида чегириб ташланадиган харажатлар таркибида ҳисобга олинади (СК 267-м. 3-қ., 268-м. 5-қ.).

Агар сизда ҚҚС солинадиган ва ундан озод этилган айланмалар мавжуд бўлса, алоҳида-алоҳида ҳисобни ташкил этинг (СК 80-м.):

● товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича;

● товарларни (хизматларни) сотиб олиш бўйича.

 

2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон реализация қилиш жойи деб эътироф этилмайдиган хизматларни кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорлар ва Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари ҳақиқатда олинган ва ушбу оборотда фойдаланадиган товарлар (хизматлар) бўйича тўланган (тўланиши лозим бўлган) солиқ суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга. Ҳисобга олиш учун мазкур айланма солиқ солинадиган айланмага тенглаштирилади (СК 266-м. 2-қ.).

 

МИСОЛ. Ўзбекистон реализация қилиш жойи деб эътироф этилмайдиган хизматларни кўрсатишда ҚҚСни ҳисобга олиш

Ўзбекистон қурилиш компанияси Қозоғистон корхонаси билан шартномага биноан Қозоғистонда савдо мажмуасини қуради. Мазкур ҳолда хизматлар кўчмас мулк (қурилиш объекти) билан боғлиқ. Шу боис уларни реализация қилиш жойи ушбу мол-мулк жойлашган жой бўйича аниқланади – Қозоғистон. Бинобарин, Ўзбекистон корхонаси уларнинг қийматига ҚҚС ҳисобламайди. Бироқ Ўзбекистонда сотиб олинган ва ушбу айланмада фойдаланиладиган товарлар ва хизматлар бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш мумкин.

 

«Кирувчи» ҚҚСнинг алоҳида-алоҳида ҳисобини қандай юритиш мумкин?

«Кирувчи» ҚҚСнинг алоҳида-алоҳида ҳисобини қуйидаги учта товарлар (хизматлар) гуруҳи бўйича ташкил этинг:

1) ҚҚС солинадиган айланмаларда фойдаланиладиган;

2) ҚҚС солишдан озод этилган айланмаларда фойдаланиладиган;

3) ҳам солиқ солинадиган, ҳам солиқ солишдан озод этилган айланмаларда фойдаланиладиган.

Сотиб олинган товарлар ва хизматлар бўйича ҚҚСни ҳисобга олишингиз мумкин, агар улар қуйидагиларда фойдаланилаётган бўлса (СК 266-м.):

● реализация қилиш бўйича ҚҚС солинадиган айланмаларда, шу жумладан – ноль даражали ставка бўйича (СК 266-м. 1-қ. 1-б.);

● корхонанинг шахсий эҳтиёжлари учун фойдаланишга мўлжалланган ва фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда чегириб ташланадиган харажатлар сифатида ҳисобланадиган (СК 267-м. 1-қ., 7-б.).

«Кирувчи» ҚҚСни ҳисобга олманг, балки уни қуйидагиларнинг сотиб олиш қийматига киритинг:

● реализация қилиш бўйича ҚҚСдан озод этилган айланмаларда фойдаланиш учун сотиб олинган асосий воситалар, кўчмас мулк объектлари ва номоддий активлар, шунингдек АВни ва кўчмас мулк объектларини қуриш, модернизациялаш, реконструкция қилиш, техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш ва таъмирлаш учун сотиб олинган товарлар (хизматлар);

● реализация қилиш бўйича ҚҚСдан озод этилган айланмаларда фойдаланиш учун сотиб олинган товарлар (хизматлар);

● вакиллик харажатлари сифатида ҳисобланадиган товарлар ва хизматлар;

● бепул олинган товарлар (хизматлар). Истисно – агар сиз уни чет эллик шахсдан олган ва олиш чоғида солиқ тўлаган бўлсангиз;

● уларга харажатлар фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда чегириб ташланмайдиган, шахсий эҳтиёжлари учун сотиб олинган товарлар (хизматлар) (СК 317-м.);

● енгил автомобиллар, мотоцикллар, вертолётларни, моторли қайиқлар, самолётлар, моторли воситаларнинг бошқа турлари ва улар учун ёқилғи, шунингдек алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, агар сотиб олиш амалга оширилаётган фаолият тури билан боғлиқ бўлмаса (СК 267-м. 1, 2-қисмлари).

Агарда сиз бир вақтда ҳам солиқ солинадиган, ҳам солиқ солишдан озод этилган айланмаларни амалга оширсангиз, «кирувчи» ҚҚСни тақсимлаш зарур.

Солиқ солинадиган ва солиқ солишдан озод этилган айланмалар мавжуд бўлганда ҳисобга олиниши лозим бўлган ҚҚС суммасини қуйидаги усуллардан бири ёрдамида аниқлаш мумкин:

1) алоҳида-алоҳида;

2) мутаносиб (СК 268-м. 2-қ.).

Фаолиятингиз хусусиятига боғлиқ ҳолда ҳисобга олиниши лозим бўлган ҚҚСни аниқлаш усулини танланг, албатта уни ҳисоб сиёсатида мустаҳкамланг ва календарь йил мобайнида уни ўзгартирманг.

 

ҚҚС бўйича ҳисоботни тўлдириш (1-илова, АВ рақами 3221, 24.02.2020 й.) чоғида «ҚҚС тўловчиси ҳақида маълумотлар»да танланган «кирувчи» ҚҚСни тақсимлаш усулини белгилашни унутманг – алоҳида-алоҳида ёки мутаносиб. Ушбу белгисиз ҳисоботни жўнатиб бўлмайди. Январь ойи учун ҳисоботни топшириш чоғида танланган усулни йил якунигача ўзгартириш мумкин эмас.

 

«Кирувчи» ҚҚСни тақсимлашнинг алоҳида-алоҳида усули қачон қўлланилади?

Агар сиз олинган товарлар ва хизматлар қандай – солиқ солинадиган ёки солиқ солишдан озод этилган айланмада фойдаланилишини олдиндан аниқлай олсангиз, алоҳида-алоҳида усулни қўлланг. Солиқ солинадиган айланмада фойдаланиладиган товарлар ва хизматларни ва улар бўйича ҚҚС суммаларини солиқ солишдан озод этилган айланмада фойдаланиладиганлардан алоҳида ҳисобга олинг. Бунда ажратиш мумкин бўлмаган умумий харажатлар бўйича мутаносиб усулни қўлланг. Қоидага кўра, бу – бутун корхона фаолиятига тааллуқли бўлган умумишлаб чиқариш ва умумхўжалик харажатлари.

Мутаносиб усул бўйича ҳисобга олинадиган ҚҚС суммасини реализация қилиш бўйича айланманинг умумий суммасида (солиқни ҳисобга олмаган ҳолда) солиқ солинадиган айланманинг салмоғидан келиб чиқиб аниқланг. Реализация қилиш бўйича айланмаларни жорий календарь йил мобайнида ўсиб борувчи якун билан ҳисобга олинг.

Мутаносиб усулдан фойдаланишда ҳисобга олинмаган солиқни фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда чегириладиган харажатларга киритинг (СК 268-м. 5-қ.).

Солиқ солишдан озод этилган айланмаларда фойдаланиш учун сотиб олинган товарлар ва хизматлар бўйича ҚҚС суммасини ушбу товарлар ва хизматлар қийматига киритинг.

 

МИСОЛ. Корхона ҳисобга олинадиган ҚҚСни аниқлашнинг алоҳида-алоҳида усулини қўллайди

ҚҚС тўловчиси бўлган корхона ҚҚСдан озод этилган тиббий хизматлар ва ҚҚС солинадиган косметология хизматлари кўрсатади (СК 243-м. 1-қ., 11-б.).

Ҳисобот ойида фаолият учун 23 000 минг сўмлик материаллар сотиб олинди, шу жумладан ҚҚС – 3 000 минг сўм. 18 400 минг сўмлик (шу жумладан ҚҚС – 2 400 минг сўм) материаллардан тиббий хизматлар кўрсатиш учун фойдаланилди, қолган 4 600 минг сўмлик (шу жумладан ҚҚС – 600 минг сўм) материаллардан – косметология хизматлари кўрсатиш учун фойдаланилди.

Ҳисобга олиниши лозим бўлган ҚҚС суммасини аниқлаш учун корхона алоҳида-алоҳида усулдан фойдаланади. Ишлаб чиқариш ва маъмурий биноларни ижарага олишга харажатлар ҳисобот ойида 5 750 минг сўмни, шу жумладан ҚҚС – 750 минг сўмни ташкил этди.

ҚҚС солинадиган айланманинг умумий айланмада улуши йил бошидан бошлаб 30%ни, солиқ солишдан озод этилган айланманинг улуши – 70%ни ташкил этди. Бинобарин, корхона ижара бўйича 225 минг сўм (750 х 30%) миқдоридаги ҚҚСни ҳисобга олиши мумкин.

Жами 825 минг сўм ҳисобга олинади: 600 минг сўм – солиқ солинадиган айланма – косметология хизматлари кўрсатиш учун фойдаланилган материаллар бўйича, 225 минг сўм – ижара бўйича.

 

Қачон «кирувчи» ҚҚСни тақсимлашнинг мутаносиб усули қўлланилади?

Агар сиз олинган товарлар ва хизматлардан қандай ҳажмда ҚҚС солинадиган ва ундан озод этилган айланмаларда фойдаланилишини аниқ аниқлай олмасангиз, барча олинган товарлар ва хизматлар бўйича «кирувчи» ҚҚСни тақсимлашнинг мутаносиб усулини қўлланг. Ҳисобга олинмаган солиқни фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда чегириладиган харажатларга киритинг (СК 268-м. 5-қ.).

 

МИСОЛ. Корхона ҳисобга олинадиган ҚҚС суммасини аниқлашнинг мутаносиб усулини қўллайди

ҚҚС тўловчиси бўлган қурилиш корхонаси қуйидаги ишларни бажаради:

ҚҚС солинадиган қурилиш-монтаж ишлари;

аҳоли томонидан ХУМШ орқали ҳақ тўланадиган ва ҚҚСдан озод этилган уй-жой фондини таъмирлаш ишлари (СК 243-м. 1-қ., 16-б.).

Ҳисобот ойида корхона 57 500 минг сўмлик материаллар сотиб олди, шу жумладан ҚҚС – 7 500 минг сўм.

Реализация қилишдан олинган жами соф тушум йил бошидан бошлаб 120 000 минг сўмни ташкил этди, шу жумладан:

36 000 минг сўм – ҚҚСдан озод этилган айланма;

84 000 минг сўм – у бўйича 12 600 минг сўм (84 000 х 15%) миқдорида ҚҚС ҳисобланган солиқ солинадиган айланма.

Ҳисобга олиниши лозим бўлган ҚҚС суммасини аниқлаш учун корхона мутаносиб усулни қўллайди. ҚҚС солинадиган айланманинг улуши 70%ни (84 000 / 120 000 х 100) ташкил этди. Бинобарин, корхона сотиб олинган материаллар бўйича 5 250 минг сўм (7 500 х 70%) миқдоридаги ҚҚСни ҳисобга олиши мумкин.

Прочитано: 216 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика