Norma.uz
Газета СБХ / 2019 год / № 47 / Менда фикр бор

Ўзим учун олиб келдим

 

жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали нотижорат мақсадида олиб кирилаётган товарларга нисбатан божхона тўловларини оптималлаштиришга доир

 

Сўнгги йилларда республикамиз божхона тизимида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, божхона органларида хавфни бошқариш тизимининг жорий этилганлиги ТИФ қатнашчиларига қулайлик яратиш билан биргаликда божхона органларининг иш самарадорлигини оширишга замин яратди.

 

Масалан, Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ўтказиш пунктларида икки йўлакли тизимни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори (11.10.2017 йилдаги 814-сон) асосида 2018 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси халқаро аэропортларида икки йўлакли тизим («Яшил» ва «Қизил» йўлаклар) жорий этилганлиги божхона органлари фаолиятига ижобий таъсир кўрсатди. Янги тартибга кўра «Яшил» йўлакдаги товарлар оғзаки шаклда декларацияланади, «Қизил» йўлак орқали ўтадиган жисмоний шахслар эса белгиланган тартибда йўловчи божхона декларациясини тўлдириши лозимлиги белгиланган. Фуқароларнинг халқаро аэропортлар орқали ҳаракати ушбу тизим йўлга қўйилиши билан бирмунча тезлашди. Мазкур қарорнинг қабул қилиниши том маънода фуқаролар учун енгиллик яратди.

Шу билан бирга, Президентнинг «Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (6.02.2018 йилдаги ПҚ-3512-сон) ҳам жисмоний шахслар учун бир қатор қулайликларни жорий этди. Хусусан, жисмоний шахсларга ўз эҳтиёжи учун олиб кирадиган товарлар бўйича божхона тўловлари ундирилмайдиган қуйидаги чекланган меъёрлар тасдиқланди:

Ўзбекистон Республикасининг халқаро аэропортлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда – 2 000 АҚШ доллари миқдорида;

Ўзбекистон Давлат чегарасидаги темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда – 1 000 АҚШ доллари миқдорида;

Ўзбекистон Давлат чегарасидаги автомобиль йўли (пиёдалар йўли) ўтказиш пунктлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда – 300 АҚШ доллари миқдорида;

халқаро курьерлик жўнатмалари орқали жисмоний шахслар номига келаётган товарлар учун — бир календарь чорак мобайнида 1 000 АҚШ доллари;

халқаро почта жўнатмалари орқали жисмоний шахслар номига келаётган товарлар учун – 100 АҚШ доллари миқдорида товарлар олиб кирганида божхона тўловлари ундирилмайди.

Шу билан бирга, жисмоний шахслар томонидан айрим турдаги товарларнинг божхона тўловлари ундирилмайдиган олиб кириш меъёрлари ҳам белгиланди. Хусусан:

алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пиво – 2 литргача, барча турдаги тамаки маҳсулотлари – 10 қутигача, атир ва атирсимон суюқликлар – 3 донагача, қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари – 65 граммгача.

Юқорида кўрсатилган меъёрлар жисмоний шахсларнинг ўз эҳтиёжи учун товарлар олиб ўтишида қулайлик яратиши билан бирга, меъёрдан ошган қисмига божхона тўловларини ундириш билан боғлиқ жараёнларда айрим салбий ҳолатларни юзага келтирмоқда. Яъни олиб кирилаётган товарлар юқорида кўрсатилган меъёрдан ошса, Божхона кирим ордерининг шакли ва уни тўлдириш қоидаларига (АВ томонидан 3.02.2017 йилда 2856-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ Божхона кирим ордери тўлдирилади ва шу асосда божхона тўловлари ундирилади.

Жисмоний шахслардан ундириладиган божхона тўловлари эса қуйидагилардан иборат: импорт божи, акциз, ҚҚС ва расмийлаштирув учун божхона йиғими. Ушбу тўловларнинг таркиби кўриб чиқилганда биргина божхона йиғимларининг ўзи Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 30 апрелда «Божхона йиғимлари ставкалари тўғрисида»ги 204-сон қарорига кўра эркин муомалага чиқариш (импорт) режимига расмийлаштирганлик учун божхона қийматининг 0,2 фоизи, бироқ камида 25 АҚШ доллари ва 3 000 АҚШ долларидан ортиқ бўлмаган божхона йиғимлари ундирилиши белгиланган. Ҳозирги кунда чегара божхона постларида жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадида божхона тўловлари тўламай олиб кириш меъёрларидан ортиқ бўлган товарлар олиб кирилганда, ушбу товарларга божхона тўловлари ҳисоблаб чиқарилиб, Божхона кирим ордери расмийлаштирилмоқда. Мазкур жараёнда фуқаролар аксарият ҳолларда расмийлаштирув жараёнининг кўп вақтни олаётгани ҳамда божхона тўловлари суммасининг кўплиги юзасидан норозиликлар билдириб қолишади. Халқаро аэропортларда жойлашган чегара божхона постлари орқали ҳаракатланадиган фуқаролар томонидан нотижорат мақсадида божхона тўловлари тўламай олиб кириш меъёрларидан ортиқ бўлган товарлар олиб келинганда (асосан алкоголь маҳсулоти, атир ва ифор таратувчи сувлар) расмийлаштирув учун 25 АҚШ доллари (240 минг сўм) миқдорида йиғим, ишлаб чиқарилган мамлакати номаълумлиги сабабли, яъни келиб чиқиш сертификати ёки унинг ўрнини босувчи харид чеклари йўқлиги боис (келиб чиқиш сертификати бошқа давлатларда савдо-саноат палаталари томонидан берилади, шу билан биргаликда, жисмоний шахс шахсий эҳтиёжи учун нотижорат мақсадида олиб ўтаётган товари учун ушбу ташкилотга мурожаат қилмайди ва ўз шахсий эҳтиёжи учун олиб келаётганлиги сабабли мурожаат қилиш лозимлигини ҳам билмайди) Божхона кодексига мувофиқ икки баравар ставка доирасида божхона божини тўлашади. Бундан ташқари, агар товар акциз солиғи солишни тақозо этса, тадбиркор акциз солиғи ҳамда қўшилган қиймат солиғи тўловчисига айланади. Бундан кўриниб турибдики, жисмоний шахслар нотижорат мақсадида божхона тўловлари тўламай олиб кириш меъёрларидан ортиқ бўлган товарларни олиб келганда тўланадиган божхона тўловлари суммаси ҳозирги кунда ўртача (меъёрдан ортиқча 1 литр алкоголь маҳсулоти ёки 2–4 дона атир ва ифор таратувчи сувлар учун) 300–350 минг сўмни ташкил этмоқда.

Хорижий мамлакатлар тажрибасини оладиган бўлсак, масалан, Россия Федерацияси ҳамда Германия Федератив Республикасида 1 литр меъёрдан ортиқча алкоголь маҳсулоти учун 10 евро миқдорида божхона тўлови ундирилади.

Қолаверса, 2856-сон Қоидаларга асосан Божхона кирим ордери 22 та графадан иборат бўлиб, уни тўлдиришга ўртача 5–10 дақиқа вақт сарфланади.

Ана шундан келиб чиқиб, фуқаролар тўлов миқдорининг қимматлилиги ҳамда расмийлаштирув жараёнининг ортиқча вақтни талаб қилиши бўйича айрим мулоҳазаларни билдиришмоқда. Шу туфайли ПҚ-3512-сон қарорнинг 1-иловасида* назарда тутилган товарларни олиб кириш меъёрларидан ортган тақдирда, Божхона кирим ордерининг қисқартирилган шаклини амалиётга жорий этган ҳолда, божхона тўловлари суммасини оптималлаштириш, яъни, ушбу товарларга нисбатан божхона тўловларини бож тарифи ставкалари асосида эмас, балки хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, товарларни божхона тўловларисиз олиб кириш меъёрларидан ошган қисмининг қўшимча ўлчов бирлигидаги миқдорига нисбатан белгилаш мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз. Шунда расмийлаштирув жараёни қисқартирилишига ҳамда жисмоний шахслар учун мақбул божхона тўловлари ҳисобланишига эришилган бўлар эди.

 

Абдусалом НАЗАРОВ,

Санжар СОАТОВ,

мустақил тадқиқотчилар.

 

*ТАҲРИРИЯТДАН.

Президентнинг 7.11.2019 йилдаги ПҚ-4508-сон қарорига мувофиқ 2020 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун товарларни олиб кириш божсиз олиб киришнинг чекланган нормаларидан ошган тақдирда ортиқ қисмига нисбатан белгиланган божхона божи, ҚҚС ва акциз солиғи ўрнига товарнинг божхона қийматидан 30%, лекин камида $3/кг миқдорда ягона божхона тўлови ундирилади. Бунда, ушбу қарорнинг 2-бандига мувофиқ ПҚ-3512-сон қарорнинг 1-иловасида назарда тутилган товарларни олиб кириш меъёрлардан ортган тақдирда божхона тўловлари умумбелгиланган тартибда тўланиши белгиланган.

 

Прочитано: 356 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика