Ўғлим Ўзбекистон фуқароси. Қозоғистонда ишлашга кетгани ва у ерда доимий яшаш пропискаси билан яшаш гувоҳномаси олганлиги муносабати билан ўз квартирасидан пропискадан ўчишига тўғри келди. Ўзбекистон халқаро паспортини олаётганда олдин берилган паспортни олиб қўйишди. Унинг ўрнига маълумотнома беришди.
Қозоғистонда яшаш гувоҳномасини олган Ўзбекистон фуқаросидан миллий паспорти олиб қўйилиши ва халқаро паспорт берилиши тўғрими?
Н.Оспанова, Тошкент ш.
– Ўзбекистон фуқаролари республикадан ташқарига доимий яшаш учун чиқишда хорижга чиқиш биометрик паспортини олишлари зарур (Низомнинг 15-банди, 26.12.2018 йилдаги ПҚ-4079-сон қарорга 1-илова).
Ўғлингиз Қозоғистон Республикасида доимий пропискага ва яшаш гувоҳномасига эга бўлганлиги сабабли унга хорижий паспорт расмийлаштирилган. У Ўзбекистонда бўлиш учун (Қозоғистондаги доимий яшаш жойига боргунига қадар) вақтинча яшаш жойидаги миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига мурожаат қилиши ҳамда аввалги паспорти олиб қўйилганлиги тўғрисидаги маълумотномани кўрсатиши ва доимий прописка қилиниши ва бўлиш жойида ҳисобга туриши учун ҳужжатларни топшириши лозим (Низомнинг 2-банди, ВМнинг 22.10.2018 йилдаги 845-сон қарорига 1-илова).
Меҳмонга – полиссиз
Москвага (меҳмонга) кетаётганда аэропортда суғурта полиси бўлиши зарурми?
Равшан К., Тошкент ш.
– Москвага меҳмон бўлиб бораётганда аэропортда суғурта полиси бўлиши шарт эмас. Хорижга турист сифатида жўнаб кетаётганингизда суғурта полиси бўлиши зарур.
Бунинг учун туристик ташкилот томонидан «Ўзбектуризм» АКга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
♦ сайёҳлар рўйхати, гуруҳ раҳбари кўрсатилган ҳолда (рўйхат сайёҳларни жўнатиш вақтидан камида 3 иш куни олдин топширилиши лозим);
♦ қабул қилаётган давлат визаси;
♦ сайёҳларга тақдим этилган туристик йўлланма;
♦ авиачипта;
♦ сайёҳлар суғурта қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжат (суғурта полиси);
♦ сайёҳларни чет эл сафарига юборувчи Ўзбекистон Республикаси туристик ташкилотининг чет элдаги ҳамроҳининг сайёҳларга кафолатланган хизмат кўрсатишини тасдиқловчи ҳужжат («Туризм тўғрисида»ги Қонуннинг 20-моддаси, АВ томонидан 3.11.2004 йилда 1421-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 5-банди).
Пропискасиз яшайверсин…
Олмалиққа Қозоғистондан невараларим келишди, энг каттаси 3,5 ёшда (метрикаси ва Ўзбекистон биопаспорти бор), кичиги 1,5 ёшда (Қозоғистоннинг киндер-паспорти бор). Улар Ўзбекистонда тахминан 6 ойга биз билан туришади. Аёлимнинг номига уларнинг ота-онаси расмийлаштирган ишончнома бор.
Биз уларни яшаш даврида пропискадан ўтказишимиз лозимми?
Али А., Олмалиқ ш.
– 16 ёшга тўлмаган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар вақтинча пропискадан озод қилинади (Низомнинг 34-банди «г» кичик банди, ВМнинг 845-сон қарори 2-илова).
Шу тариқа, невараларингиз сизникида вақтинча пропискасиз яшашлари мумкин.
Нотўғри асос
Ўзбекистон фуқаросиман. Ота-онам яшайдиган жойда вақтинча прописка қилинганман. Ҳайдовчилик гувоҳномасини олмоқчиман. Бироқ автомактабларда Ўзбекистонда доимий пропискам йўқлигини асос қилиб рад жавобини беришди. Ўзбекистон фуқароси автомактабда ўқиши учун доимий пропискаси бўлиши зарурми?
Исҳоқов. Тошкент ш.
– Вақтинча яшаш жойингиздаги ҳудудий ЙҲХБнинг рўйхатлаш ва имтиҳон олиш бўлинмаларида (РваИОБ) имтиҳон топширишга ҳақлисиз, чунки миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олишни истайдиган фуқаролар доимий ёки вақтинчалик турар жойларидаги ҳудудий РваИОБларида имтиҳонлар топширади (Низомнинг 18-банди, ВМнинг 31.05.2018 йилдаги 408-сон қарорига 2-илова).
Пропискага ҳуқуқи бўлмаганда
Давлат улушисиз МЧЖ пойтахтдаги кўп қаватли уйдан уй-жой майдонини, ўз ходимларига текин фойдаланишга бериш учун хизмат уй-жойи сифатида (ёллаш ёки ижара шартномасисиз) сотиб оляпти. Бунда хизмат уй-жойидан фойдаланиш учун шартнома тузилади. Шартнома шартларига кўра ходим ва унинг оиласига (Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида истиқомат қилмайди) Тошкент шаҳридаги хизмат квартирасида прописка қилиниш ҳуқуқи тақдим этилади.
Ходим ишлайдиган ташкилотнинг хизмат квартирасида қандай прописка қилинади?
Дмитрий И., Тошкент ш.
– Ташкилотингиз нодавлат ташкилоти бўлганлиги сабабли, ходим ва унинг оила аъзоларини хизмат квартирасида доимий прописка қилиш мумкин бўлмайди.
Давлат ҳокимияти органларига, давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотларига ишга таклиф этилаётган юқори малакали мутахассислар, тор ихтисосликдаги мутахассислар тегишли орган ёки ташкилот раҳбарининг илтимосномасига кўра, шунингдек уларнинг оила аъзолари (эри, хотини, шунингдек уларнинг ўз оиласи бўлмаган фарзандлари) ушбу ҳуқуққа эга бўлади («Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги Қонуннинг 11-банди).
Санжар Хўжааҳмедов, «Norma» МЧЖ эксперти.