Паспортимни йўқотиб қўйдим. Унинг ўрнига маълумотнома беришди. Автомобилни нотариусда расмийлаштиришда маълумотномани қабул қилишмади, паспортни сўрашди. Бироқ паспортни қайтадан олишга 6 ойча вақт кетиши мумкин.
Нотариус ҳақми?
– Ҳақиқатан ҳам, ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг паспорт ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат йўқотилганлиги тўғрисидаги аризалари бўйича белгиланган намунадаги маълумотномани беради, унинг орқа томонида доимий ёки вақтинча прописка муҳри босилади.
Паспорт йўқолгани ҳақида ариза берилган кундан бошлаб 1 ой ичида янги паспорт берилади. Зарур ҳолларда, бу муддат ҳудудий ички ишлар органи раҳбарияти томонидан яна 1 ойга узайтирилиши мумкин. Истисно тариқасида, бундай аризаларни кўриб чиқиш муддати 6 ойгача давом этиши мумкин. Бундай ҳолат бошқа ички ишлар органларидан жавоблар келмаганда, аризачининг касаллиги, унинг яшаш жойида узоқ муддат бўлмаганлиги сабабли юз беради. 6 ойдан ортиқ муддатда жавоб келмаганида, фуқаронинг шахси текширилади ва ундан кейин паспорт берилади (5.01.2011 йилдаги ПФ-4262-сон Фармонга 1-илова, Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисидаги низомнинг 35-7-банди 3-хатбошиси).
Нотариал идора ходимлари сиздан паспортни талаб қилишга ҳақли, чунки автомобилни расмийлаштиришда паспорт маълумотлари (серияси, рақами, ким томонидан берилганлиги) киритилади, фуқаронинг паспортини йўқотганлиги тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилаётган даврда берилган маълумотномада эса бундай маълумотлар кўрсатилмайди ва у паспорти йўқ бўлган даврда фақат шахсини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.
Ноқонуний прописка
Аёл вилоятда яшайди ва уй эгаси ҳисобланади. У билан ўғлининг оиласи – турмуш ўртоғи ва учта фарзанди бирга яшайди. Дарвоқе ўғли аёли ва болаларини онасининг розилигисиз пропискадан ўтказган.
Уларни пропискадан чиқариш мумкинми, бунинг учун нима қилиш керак?
– Вилоятда доимий пропискага эга бўлиш учун тақдим этилган ҳужжатларда ишончсиз ва ҳақиқатга мувофиқ бўлмаган маълумотлар, ҳужжатлар қалбакилаштирилганлиги аниқланган тақдирда доимий прописка Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ТШИИББ МваФРБ томонидан бекор қилинади, кейинчалик материаллар тергов органларига юборилади (Ўзбекистон Республикаси фуқароларини доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисида низомнинг 13-банди, ВМнинг 22.10.2018 йилдаги 845-сон қарорига 1-илова).
Шу тариқа, ўғилнинг оиласи онасининг ёзма розилигисиз доимий прописка қилинган бўлса, бу ноқонуний ҳисобланади. Аёл яшаш жойидаги миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига ўғлининг оиласи ноқонуний прописка қилинганлиги тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилиши лозим. Бундан кейин ушбу пропискани амалга оширган ходимларга нисбатан хизмат текшируви ўтказилади ва натижаларга қараб тегишли чоралар кўрилади, доимий прописка эса бекор қилинади.
Муддати ўтказиб юборилганда
Ўғлим РФ фуқароси, ЎзРда яшаш гувоҳномасига эга. Узоқ вақт Ўзбекистондан ташқарида бўлган. Қайтиб келганда яшаш гувоҳномаси муддати ўтиб кетган экан. 3 кун ичида рўйхатдан ўтиш учун паспорт столига борди. Бироқ яшаш гувоҳномасининг муддатини ўтказиб юборганлиги сабабли турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказишни рад этишди ва ЭКИҲнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима тўлаши кераклигини айтишди.
Паспорт столи ходимлари қонуний йўл тутишганми?
– Чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузиши, яъни Ўзбекистонда яшаш ҳуқуқини берадиган ҳужжатларсиз ёки ҳақиқий бўлмаган ҳужжатлар билан яшаши, вақтинча ёки доимий прописка, кўчиш ёки турар жой танлаш юзасидан белгиланган тартибга риоя этмаслиги, бўлиш муддати тугагач чиқиб кетишдан бўйин товлаши, Ўзбекистон Республикасининг ҳудуди орқали транзит тарзда ўтиш тартибига риоя қилмаслиги ЭКИҲнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (МЖТКнинг 225-моддаси).
Шу тариқа, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими ходимлари ўғлингизни содир этилган ҳуқуқбузарлик юзасидан жаримага тортишга ҳақлидирлар. Шундай қилмишлар такрор содир этилганда, ҳуқуқбузар ЭКИҲнинг 200 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади (ЖКнинг 224-моддаси).
Вақтинча яшаш жойи бўйича
Ота-онам ва бувим яшайдиган Андижондаги уй бузилди, прописка ана шу уйга расмийлаштирилган, лекин маълум сабабларга кўра улар Тошкентда (вақтинча прописка билан) яшайдилар. Андижонда энди турар жой йўқ. Уларга хорижий паспортни расмийлаштириш керак. Андижонга бора олмайдилар.
Тошкентда уларни прописка қилса бўладими? Тошкент ИИББда прописка Андижонда расмийлаштирилганлиги сабабли бунинг имкони йўқлигини айтишди.
Мазкур ҳолатда қандай йўл тутиш керак?
– Пропискага оид маълумотлар мавжуд бўлмаган ҳолларда фуқаро хорижга чиқиш паспортини олиш учун вақтинчалик рўйхатдан ўтган жойидаги маълумотларни йиғиш пунктига (ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига) мурожаат қилиши мумкин (26.12.2018 йилдаги ПҚ-4079-сон қарор билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 17-банди 3-хатбошиси).
Ушбу масалани ҳал этиш мақсадида ота-онангиз ва бувингиз уларни Андижон шаҳридан пропискадан чиқариш учун сизнинг номингизга ишончномани расмийлаштиришлари лозим. Бундан кейин эса улар Тошкентдаги вақтинча прописка қилинган жойлари бўйича хорижий паспорт олиш учун мурожаат қилишлари мумкин.
Санжар Хўжааҳмедов, «Norma» МЧЖ эксперти.