Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.
«Заргарлик» ДСҚ назорати остида
Вазирлар Маҳкамасининг 2.10.2019 йилдаги 834-сон қарори билан заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш, импорт қилиш ва уларнинг реализацияси мониторингини амалга ошириш тартиби тасдиқланди.
Жорий йилнинг май ойида давлатимиз раҳбари заргарлик тармоғида янги қоидалар ва имтиёзларни назарда тутувчи ҳужжатга имзо чеккан эди (18.05.2019 йилдаги ПФ-5721-сон). Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат пробирлаш палатаси томонидан берилган лицензия асосида заргарлик ва бошқа буюмларни ишлаб чиқариш билан шуғулланишлари мумкин.
Қабул қилинган ҳужжат Давлат солиқ қўмитаси томонидан лицензия олинган пайтдан бошлаб заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилар фаолиятини кузатиш механизмини белгилайди. Бунинг учун тегишли тузилмалар ДСҚга идоралараро ахборот тизими орқали қуйидаги маълумотларни реал вақт режимида юборадилар:
1) қуйидаги тадбиркорлик субъектлари тўғрисида:
♦ қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан ишлашга лицензия олган, шунингдек рўйхатдан ўтказилган гувоҳномага эга бўлган (Пробирлаш палатаси);
♦ қимматбаҳо металларни (Марказий банк), шу жумладан биржа савдолари (Ўзбекистон Республика товар хом ашё биржаси) орқали, шунингдек НКМК ва ОКМКда қимматбаҳо металларни сотиб олган;
2) олиб кирилган ва «эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимига расмийлаштирилган заргарлик буюмлари (ТИФ ТН позицияси 7113-7116), қимматбаҳо металл ва тошлар (ТИФ ТН позицияси 7101-7112) тўғрисида (Давлат божхона қўмитаси).
Келиб тушган ахборотлар асосида ДСҚда заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш, импорт ва реализация қилиш фаолияти билан шуғулланадиган субъектлар тўғрисида маълумотлар базаси шакллантирилади. Бундан ташқари, ҳар чоракда солиқ органлари томонидан тадбиркорлик субъектлари топширган ҳисоботларидаги маълумотлар солиқ органларига келиб тушган маълумотлар билан солиштириш орқали камерал назорат ўтказилади. Бунда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилади:
♦ лицензия ва гувоҳноманинг мавжудлиги;
♦ ҳисоботларида реализация қилинган маҳсулотлар миқдори тўғри кўрсатилганлиги;
♦ импорт қилинган заргарлик буюмларининг миқдори реализация миқдорига мувофиқлиги;
♦ савдо шохобчаси НКМ ва тўлов терминаллари билан жиҳозланганлиги;
♦ ҳисобот даврида маҳсулот реализациясидан олинган фойда миқдорининг соиқ давридаги ҳисоботлардаги кўрсаткичларга мувофиқлиги ва бошқалар.
Камерал назорат натижасига кўра тафовутлар мавжудлиги аниқланса, солиқ тўловчига унинг ҳисоботларига тегишли тузатишлар киритиш ҳамда камчиликларни бартараф этиш юзасидан талабнома юборилади. Субъект томонидан тақдим этилган ахборотнинг ишончлилигини тасдиқлаш лозим деб топилган ҳолларда, мавзули экспресс-ўрганиш амалга оширилади. Тадбиркорлик субъектлари асиллик даражасини белгилаш ёки тамғалашнинг тартибини бузиш, шунингдек, кирим қилинмаган заргарлик буюмларини сотиш ҳолатлари аниқланган тақдирда, қуйидаги чоралар кўрилади:
♦ ҳуқуқбузарлик биринчи марта содир этилганда – заргарлик буюмларини мусодара қилмаган ҳолда улар қийматининг 50%и миқдорида молиявий жарима ундирилади;
♦ бир йил давомида такрор содир этилганда буюмлар мусодара қилинади ёки уларнинг тўлиқ қиймати миқдорида жарима ундирилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 2.10.2019 йилдан кучга кирди.
Саноат маҳсулотларини харид қилиш бўйича онлайн-майдончалар қандай ишлайди
Вазирлар Маҳкамасининг 30.09.2019 йилдаги 833-сон қарори билан саноат ярмаркалари ва электрон кооперация биржасини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Ҳужжат Президентнинг 1.05.2019 йилдаги ПҚ-4302-сон қарори ижроси юзасидан қабул қилинди, унда саноат кооперациясини янада ривожлантириш, талабгир маҳсулотларни ишлаб чиқаришни кенгайтириш назарда тутилган. Қарордаги чора-тадбирлар жумласида саноат ярмаркаларини мунтазам ўтказиб бориш ва саноат маҳсулотларини етказиб беришга шартномаларни масофадан туриб тузиш учун электрон кооперация биржасини ташкил этиш ҳам бор эди.
Портални 5 октябрга қадар ишлаб чиқилиши ва статистика, божхона, солиқ, сертификатлаш ва молия органлари ахборотлар базаси билан уйғунлаштирилиши лозим.
15 октябргача Порталда қуйидагилар жойлаштирилади:
♦ республикада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларининг турлари, ҳажмлари ва техник тавсифлари, шунингдек импорт ва экспорт қилинадиган саноат маҳсулотлари тўғрисидаги маълумотлар;
♦ ўзлаштиришга тавсия этилган талаб юқори бўлган импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар рўйхати.
1 ноябрга қадар шартномаларни онлайн тарзда тузиш учун доимий фаолият юритадиган электрон савдо майдончалари тўлиқ ишга туширилади.
Маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар, хом ашё ва материаллар ички истеъмолчилар учун тендерларсиз тўғридан-тўғри Портал орқали реализация қилинади.
Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги электрон кооперация биржасида оператор бўлади. У Порталнинг узлуксиз ишлашини, тузиладиган шартномалар реестрини шакллантирилишини ва юритилишини таъминлайди.
Буюртмачилар ва етказиб берувчилар кооперация биржасининг иштирокчиси бўлиш учун Порталда ЭРИ ёрдамида рўйхатдан ўтишлари лозим. Бюджет буюртмачилари тизимга давлат харидлари махсус ахборот портали орқали киритилади. Буюртмачилар ва етказиб берувчилар харидларда иштирок этишдан олдин Ҳисоб-китоб-клиринг палатасидаги шахсий ҳисобрақамларига операторнинг воситачилик йиғимини ўз ичига олган авансни киритишлари лозим. Аванс миқдори Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан белгиланади.
Етказиб берувчилар Порталга улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тўғрисида қуйидаги маълумотларни киритади:
♦ таклиф этилаётган товарлар номи, сотиш нархи;
♦ техник параметрлари, товарнинг фотосурати;
♦ товар етказиб бериладиган ҳудуд;
♦ кафолат шартлари ва муддати ҳақида маълумот;
♦ товарнинг ишлаб чиқарилган йил, яроқлилик муддати ва бошқалар.
Саноат маҳсулотларини етказиб беришга шартнома ЭРИ воситасида тузилади.
Саноат ярмаркаларига келсак, улар ҳар 3 ойда ўтказиб борилади. Ҳукумат ярмарка ўтказиш жойи тўғрисидаги таклифларни бир ойлик муддат ичида қабул қилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 30.09.2019 йилдан кучга кирди.
Ленара Хикматова, «Norma» МЧЖ эксперти.