Norma.uz

Ногиронликни ТМЭК белгилайди

 

Корхона ўтга чидамли буюмларни ишлаб чиқаради. Ходим 2018 йил сентябрдан касаллик варақасини очтирган. Ташҳис – ёпиқ турдаги сил касали. 2019 йил 6 августда ходим касаллик варақасини тақдим этди. Олд тарафининг пастки қисмидаги «Ишга тушади» бўлимида унга 1 йиллик муддатга II гуруҳ ногиронлиги белгиланганлиги кўрсатилган. Бундан кейин касаллик варақалари тақдим этилмаган. Ходим эса ишга келмаган.

Ишга келмаган, касаллик варақасини топширмаган ходимни қайси санадан ишдан бўшатиш мумкин? У қандай ҳужжатларни тақдим этиши керак?

 

– Саволингиздан тўлдирилган ва сизга топширилган меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг тўғри расмийлаштирилганлигига шубҳа пайдо бўляпти.

Даволаш-профилактика муассасаси (ДПМ) ногиронлик гуруҳини белгиламайди, фақатгина беморни Тиббий-меҳнат экспертлик комиссиясига (ТМЭК) юборади, бу ҳақда «ТМЭКга юборилади» бўлимида қайд этилади. Пастдаги «ТМЭК кўригидан ўтган»; ундан кейин «ТМЭК хулосаси» бўлимлари тўлдирилади.

Ходим меҳнатга лаёқатсиз деб топилган ва унга ишлаш ҳуқуқисиз ногиронлик белгиланган бўлса, у билан тузилган меҳнат шартномаси ТМЭК хулосасига асосан бекор қилинади. Ногиронлик белгиланган сана меҳнат шартномаси бекор қилинган сана деб ҳисобланади.

Шу боис қуйидагиларни тавсия этамиз:

♦ ходимга берилган касаллик варақасининг тўғри расмийлаштирилганлиги ва берилганлигига ишонч ҳосил қилинг. Мазкур ҳужжатни расмийлаштирган ДПМдан ушбу ходим ТМЭКга юборилганлиги ҳақида ёзма сўров олишга ҳақлисиз. Шунингдек ДПМ касаллик варақасини белгиланган намунага кўра расмийлаштириши, унга киритилган ўзгартиришларни зарур имзолар билан тасдиқлаши лозим (АВ томонидан 17.04.2015 йилда 2667-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқномага 1-илова);

♦ ТМЭКдан зарур ҳужжатларнинг асл нусхаларини тақдим этган ҳолда кўрик натижалари ҳақида ёзма сўров олинг (Низомнинг 8-банди, ВМнинг 1.07.2011 йилдаги 195-сон қарорига 1-илова);

♦ иш берувчи билан кейинги муносабатларни ҳал этиш учун ходимни излаб топиш чораларини кўринг.

Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномасининг муддати бемор ТМЭКга юборилган кундан бошлаб тўхтатилади. Мазкур беморнинг ҳужжатлари ТМЭКда қабул қилинган кундан бошлаб 2 ҳафта муддатда тиббий кўрик ўтказилади (Йўриқноманинг 24-банди 1-хатбошиси). Тиббий кўрик ўтказиладиган вақт вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даврига киритилмайди ва ҳақ тўланмайди.

Тиббий кўрик натижалари бўйича ТМЭК қуйидаги хулосаларни чиқариши мумкин (Низомнинг 14-банди):

♦ ногиронлик гуруҳини аниқлаш, унинг сабаблари ва муддатлари тўғрисида;

♦ касбий меҳнат лаёқатининг йўқотилганлик даражаси тўғрисида;

♦ қўшимча равишда текшириш ҳамда клиник ташхисни аниқлаштириш учун тиббий кўрикдан ўтувчини бириктирилган ДПМга, Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий марказига ҳамда ногиронлар учун минтақавий реабилитация марказларига юбориш тўғрисида;

♦ тиббий кўрикдан ўтаётган беморни даволашни охиригача етказиш зарурлиги муносабати билан унинг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси муддатини узайтириш тўғрисида;

♦ протез-ортопедия буюмлари, ногиронлик аравачалари ва реабилитация қилишнинг бошқа ёрдамчи техник воситалари билан таъминлашга муҳтожлик тўғрисида;

♦ меҳнатга тавсия этиш, ногироннинг ўқитишга ёки қайта ўқитишга муҳтожлиги тўғрисида;

♦ ўзгалар парваришига муҳтожлик тўғрисида.

Шу сабабли ТМЭК хулосаси бўлмаганда ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинмаслиги керак.

ТМЭК томонидан ногиронлик белгиланмаган, лекин вақтинча меҳнатга лаёқатсиз деб топилган шахсларнинг меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ДПМ томонидан узайтирилади. Бу беморнинг ҳужжатлари ТМЭКда қабул қилинган кундан бошлаб унинг меҳнат қобилияти тиклангунга қадар, аммо 2 ойдан ортиқ бўлмаган муддатга амалга оширилади (Йўриқноманинг 24-банди 2-хатбошиси).

ТМЭК ходимнинг меҳнат шароитини ўзгартиришни тавсия қилган бўлса, унга тўғри келадиган янги ишни таклиф қилиш (лавозим мажбуриятларини ўзгартириш ёки бошқа лавозимга ўтказиш ҳамда унинг розилиги билан янги меҳнат шароитларида меҳнат муносабатларини давом эттириш) лозим.

Ходимнинг аввалги иш жойида ишни давом эттириши соғлиғига тўғри келмаса, иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиши шарт. Бунда огоҳлантириш қилинмайди. Қуйидагиларни тўлаган ҳолда ходим билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилинади:

♦ меҳнат шартномаси бекор қилинганда тўланмаган вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси;

♦ унинг 2 ҳафталик иш ҳақи миқдорида компенсация (МКнинг 102-моддаси 3-қисми);

♦ фойдаланилмаган таътиллар мавжуд бўлганда, барчаси учун пуллик компенсация (МКнинг 151-моддаси ­1-қисми);

♦ МКда ва корхонанинг локал ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлар.

Ходим ишдан бўшатилганда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси билан тасдиқланган соғлиғи ҳолатига кўра меҳнатга қобилиятсизлиги барча даври иш стажига қўшилади. Бу даврда унинг иш жойи (лавозими) сақланганлиги сабабли йиллик меҳнат таътили, унинг баробарида пуллик компенсация олиш ҳуқуқи ҳам сақланади (МКнинг 142-моддаси 1-қисми 3-хатбошиси).

 

Валерия Ляндрес, кадрлар хизмати ходими.

 

Прочитано: 1428 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика