Ходимлар ёзги таътилга чиқишни сўраб раҳбариятга мурожаат қилишди. МЧЖ директори ходимларни йиллик ҳақ тўланадиган таътилга чиқаришга қарор қилди. Штатда ўриндошларни ҳисобга олган ҳолда 7 киши бор.
Барча ходимлар бир вақтда ҳақ тўланадиган йиллик таътилга чиқиши мумкинми?
– Ҳа, бу корхонанинг локал ҳужжатларида, таътиллар жадвалида ва ишлаб чиқариш зарурати билан назарда тутилган бўлса, мумкин.
Йиллик таътилларни бериш навбати календарь йил бошлангунга қадар тасдиқланади (МКнинг 144-моддаси).
Барча ходимларга фақат ишлаб чиқариш тусидаги сабабларга кўра бир вақтда таътил берилиши мумкин. Масалан, таҳририят ходимлари газета чиқарилишида эълон қилинган «таътиллар» вақтида, яъни ишлаб чиқариш жараёни вақтинча тўхтатилган ҳолда бир вақтда таътилга чиқадилар. Бундай зарурат объектив ҳисобланади ва ходимлар таътилда бўлганида ишлаб чиқариш циклида уларнинг ўрнига ходим қидириш талаб этилмайди. Газета ҳам, жамоа ҳам таътилда бўлади.
Шунингдек ўқитувчиларга ҳам бир вақтда (ёзги таътил даврида) меҳнат таътили берилади.
Валерия Ляндрес, кадрлар хизмати ходими.