Norma.uz
Газета СБХ / 2019 год / № 33 / Бухгалтерга тавсиялар

Қўшилган қиймат солиғи ҳақида нималарни билиш лозим

 

Экспертларимиз бухгалтерларга ёрдам сифатида ҚҚСни ҳисоблаш қоидаларини, уни ҳисоблаб чиқариш, ҳисоб ва ҳисоботда акс эттириш билан боғлиқ мураккаб масалаларни мисоллар ёрдамида тушунтиришда давом этадилар.

 

ТОВАРЛАРНИ (ИШЛАРНИ, ХИЗМАТЛАРНИ) РЕАЛИЗАЦИЯ ҚИЛИШ ЖОЙИ ҚАНДАЙ АНИҚЛАНАДИ

 

Товарлар (ишлар, хизматлар) реализация қилинганда, фақат Ўзбекистон ҳудудида реализация қилинган бўлса, ҚҚС тўланг. Уларни республика ҳудудидан ташқарида реализация қилсангиз, солиқ тўлаш керак эмас.

Реализация қилиш жойини аниқлаш қоидалари Солиқ кодексининг 202-моддасида келтирилган, товарлар ва ишлар (хизматлар) учун улар – турлича.

Ишлар ва хизматларни норезидент бажарса (кўрсатса), ҚҚСни ушбу ишлар ва хизматларни олувчи тўлайди (Солиқ кодексининг 200-моддаси).

 

Товарларни реализация қилиш жойи қандай аниқланади

Умумий қоидага кўра, қуйидаги шартлардан лоақал биттаси бажарилган бўлса, товарлар Ўзбекистонда реализация қилинган деб ҳисобланади:

● товар Ўзбекистон ҳудудида турган бўлса ва реализация қилинганда уни тарк этмаса;

● жўнатиш ёки ташиш бошланган пайтда товар Ўзбекистон ҳудудида турган бўлса.

Сотувчи товарни топшириш бўйича мажбуриятини бажарганини тасдиқловчи дастлабки жўнатиш ҳужжатида қайд этилган санага қараб товарлар жўнатилган пайтни белгиланг. Масалан, товар ёки товар-транспорт юкхати тузилган санага қараб.

Кўрсатилган шартлардан бирортаси бажарилмаса, товарларни реализация қилишдан ҚҚС тўламанг. Масалан, қуйидагилар сотилганда солиқни тўлаш керак эмас:

● чет давлат ҳудудида жойлашган бино ёки транспорт воситаси;

● бир чет давлатда сотиб олинган ва бошқа чет давлат ҳудудига Ўзбекистон орқали транзит олиб ўтилаётган товарлар.

 

ВАЗИЯТ. Ўзбекистон корхонаси Россия компаниясига товар сотади, шу мақсадда уни экспорт божхона режимига жойлаштиради

Бу ҳолда Солиқ кодексининг 202-моддасида белгиланган шартлардан бири бажарилаяпти, яъни – товар жўнатиш ёки ташиш пайтида Ўзбекистон ҳудудида бўлган. Бинобарин, Ўзбекистон уни реализация қилиш жойи деб эътироф этилади ва Ўзбекистон корхонасида ҚҚС солинадиган объект юзага келади. Бироқ товарларни чет эл валютасида экспортга реализация қилиш (қимматбаҳо металлар бундан мустасно) оборотига ноль даражали ставка бўйича ҚҚС солинишини инобатга олинг (Солиқ кодексининг 212-моддаси).

 

ВАЗИЯТ. Ўзбекистон корхонаси Германия ҳудудида бўлган товарни Россия компаниясига сотади

Бу ҳолда Солиқ кодексининг 202-моддасида белгиланган шартлардан бирортаси бажарилмаяпти, чунки товар аввалбошдан Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида бўлган. Республика ушбу операция амалга оширилган жой деб ҳисобланмайди, ҚҚС солиш объекти ҳам юзага келмайди.

 

Ишлар ва хизматларни реализация қилиш жойи қандай аниқланади

Солиқ кодексининг 202-моддасида ишлар ёки хизматларни реализация қилиш жойини аниқлашнинг 4 та мезони белгиланган:

● мол-мулк турган, ишлар (хизматлар) у билан боғлиқ бўлган жой бўйича;

● ҳақиқатда ишлар бажарилган (хизматлар кўрсатилган) жой бўйича;

● ишларни (хизматларни) сотиб олувчи фаолиятини амалга ошираётган жой бўйича;

● ишларни (хизматларни) ижро этувчи фаолиятини амалга ошираётган жой бўйича.

Умумий қоидага кўра, ишларни (хизматларни) реализация қилиш жойи уларнинг ижрочиси фаолият юритаётган жойга қараб аниқланади.

Бироқ айрим турдаги ишлар (хизматлар) учун истиснолар мавжуд.

 

Мол-мулк турган, ишлар (хизматлар) у билан боғлиқ бўлган жой

Кўчар ва кўчмас мулк билан бевосита боғлиқ бўлган ишларни (хизматларни) реализация қилиш жойи у жойлашган жойга қараб аниқланади. Яъни бундай ишлар (хизматлар), мол-мулкнинг ўзи шу ерда бўлса, Ўзбекистонда реализация қилинган ҳисобланади. Ва аксинча: мол-мулк хорижда бўлса, демак, Ўзбекистон корхонаси бажарган ишлар (хизматлар) хорижда реализация қилинган ҳисобланади (Солиқ кодексининг 202-моддаси 1, 2-бандлари).

 

Эслатиб ўтамиз: Кўчмас мулк жумласига қуйидагилар киради: ер участкалари, ер ости бойликлари, бинолар, иншоотлар, кўп йиллик дов-дарахтлар ва ер билан узвий боғланган бошқа мол-мулк. Бошқача айтганда, улар зарар етказмаган ҳолда жойини ўзгартириш мумкин бўлмаган, бунинг натижасида улардан бевосита мақсадига кўра фойдаланиб бўлмайдиган объектлардир. Бундан ташқари, қонунчиликда бошқа мол-мулк ҳам кўчмас мулк қаторига киритилиши мумкин. Кўчмас мулк жумласига кирмайдиган мол-мулк кўчар мулк ҳисобланади (ФКнинг 83-моддаси).

 

Қурилиш, монтаж, қурилиш-монтаж, ишга тушириш-созлаш, таъмирлаш, реставрация қилиш, кўкаламзорлаштириш ишлари, кўчмас мулкни ижарага бериш каби ишлар кўчмас мулк билан боғлиқ.

 

Келтирилган ишлар (хизматлар) рўйхати батафсил эмас, шу сабабли ўз вазиятингиздан келиб чиқиб, бошқа шунга ўхшаш ишларни (хизматларни) ҳам улар жумласига киритишингиз мумкин. Масалан, қурилиш майдончасини тайёрлаш бўйича турли ишларни, ер қазиш ишларини, муҳандислик изланишларини, геодезия ишларини ва ҳ.к.

 

Шу тариқа, ишлар (хизматлар) Ўзбекистонда жойлашган кўчмас мулк билан боғлиқ бўлса, уларни реализация қилиш жойи Ўзбекистон деб эътироф этилади. Демак, ҚҚС ҳам Ўзбекистон бюджетига тўланиши керак.

Монтаж қилиш, созлаш, йиғиш, қайта ишлаш, ишлов бериш, таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш кўчар мулк билан боғлиқ ишлар (хизматлар) жумласига киради.

 

Мазкур ишлар (хизматлар) рўйхати – ёпиқ. Шу сабабли кўчар мулк билан боғлиқ ишлар (хизматлар) номини шартномада қайд этаётганда айнан шу ибораларни қўлланг.

 

Мазкур рўйхатда кўрсатилмаган қандайдир бошқа иш (хизмат) бажарилса, уни реализация қилиш жойи бошқача аниқланади. Масалан, транспорт хизматлари бевосита кўчар мулк билан боғлиқ. Бироқ уларни реализация қилиш жойи транспорт воситаси жойлашган жойга қараб эмас, балки ушбу хизматларни кўрсатувчи шахс фаолиятини амалга ошираётган жойга қараб аниқланади.

 

ВАЗИЯТ. Россия қурилиш компанияси Ўзбекистон корхонаси билан тузилган шартномага кўра Ўзбекистонда спорт мажмуасини қурмоқда.

Компаниянинг Ўзбекистонда ўз ваколатхонаси мавжуд эмас

Мазкур ҳолатда норезидент бажараётган ишлар кўчмас мулк (қурилиш объекти) билан боғлиқ. Шу сабабли ижрочи хорижий компания эканлигига қарамай, ишларни реализация қилиш жойи Ўзбекистон ҳисобланади. Бинобарин, Россия компаниясининг қурилиш ишларига Ўзбекистонда ҚҚС солинади.

 

ВАЗИЯТ. Ўзбекистон корхонаси Германия ҳудудида жойлашган Германия фирмаларидан бирининг ишлаб чиқариш ускунасига техник хизмат кўрсатади

Ўзбекистон корхонаси Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида хизматларни кўрсатаётган экан, мамлакатимиз уларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилмайди. Тегишинча, унинг ҳудудида бундай хизматларга ҚҚС солинмайди.

 

ВАЗИЯТ. Хорижий юридик шахс Ўзбекистонда бино сотиб олиб, уни Ўзбекистон корхонасига ижарага берган

ҚҚС солиш мақсадида ижара хизмат деб эътироф этилади. Бино (кўчмас мулк) Ўзбекистон ҳудудида жойлашгани инобатга олинса, ушбу хизматни реализация қилиш жойи республика ҳудуди ҳисобланади. Шу сабабли хорижий корхонага тўланадиган ижара тўлови суммасидан ҚҚСни Ўзбекистон корхонаси тўлаши шарт.

 

МИСОЛ. Ўзбекистон корхонаси Ўзбекистон норезиденти бўлган юридик шахсдан бинони ижарага олади

Ижара шартомасида белгиланган ойлик ижара тўлови 10 000 минг сўмни ташкил этади. Ижарага берувчига 10 000 минг сўм миқдорида ижара тўловини тўлашдан ташқари, ижарага олувчи Ўзбекистон корхонаси норезидентдан олинган хизматлардан 2 000 минг сўм (10 000 х 20%) миқдоридаги ҚҚСни бюджетга тўлаши шарт.

 

Соддалаштирилган ҚҚС тўловчиси бўлсангиз, норезидентлардан олинган ишлар (хизматлар) бўйича ҚҚСнинг 20%лик ставкасини қўлланг (Солиқ кодексининг 226-3-моддаси).

 

Ҳақиқатда ишларни бажариш (хизматларни кўрсатиш) жойи

Туризм, маданият, санъат, таълим, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида хизматларни реализация қилиш жойини улар ҳақиқатда кўрсатилган жойга қараб аниқланг. Улар Ўзбекистонда кўрсатилган бўлса, уларни ким – хорижий компания ёки Ўзбекистон корхонаси кўрсатишидан қатъи назар, реализация қилиш жойи Ўзбекистон бўлади. Бинобарин, хизматларни реализация қилиш Ўзбекистонда ҚҚС солинадиган оборот деб эътироф этилади (Солиқ кодексининг 202-моддаси 3-банди).

 

ВАЗИЯТ. Россия компанияси Ўзбекистонда таниқли артистларнинг концертларини ўтказиш бўйича хизматлар кўрсатади

Ушбу хизматлар Ўзбекистонда кўрсатилганлиги сабабли у уларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилади. Тегишинча, мазкур хизматлар бўйича ҚҚС Ўзбекистон бюджетига тўланиши керак.

 

ВАЗИЯТ. Хорижий компания Ўзбекистонда халқаро спорт мусобақаларини ўтказиш бўйича хизматлар кўрсатади

Мазкур ҳолатда Ўзбекистонда хизматлар кўрсатилган, шу сабабли у уларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилади. Бироқ жисмоний тарбия ва спорт муассасаларининг хизматлари, спорт мусобақаларини ўтказиш хизматлари ҳам улар жумласига киради, ҚҚС солишдан озод этилганини инобатга олинг (Солиқ кодексининг 208-моддаси 15-банди).

 

 

Эслатиб ўтамиз: Ўзбекистонда таълим қуйидаги турларда амалга оширилади («Таълим тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддаси):

● мактабгача таълим;

● умумий ўрта таълим;

● ўрта махсус, касб-ҳунар таълими;

● олий таълим;

● олий ўқув юртидан кейинги таълим;

● кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш;

● мактабдан ташқари таълим.

 

Бунда мактабгача таълим муассасаларида болаларни тарбиялашга доир хизматлар, шунингдек олий, ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларида, кадрларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш билан шуғулланувчи ташкилотларда таълим бериш (ҳақ эвазига ўқитишга доир қисми бўйича) хизматлари ҚҚС тўлашдан озод этилган (Солиқ кодексининг 208-моддаси 2, 11-бандлари).

 

Семинарлар, конференциялар, бир марталик мавзувий маърузалар, симпозиумлар ва ҳ.к. ўтказишни таълим соҳасидаги хизматлар жумласига киритиб бўлмайди. Бундай хизматлардан мақсад – иштирокчиларга муайян ахборотни тақдим этиш, уларга билим даражасини тасдиқловчи якуний ҳужжат берган ҳолда қандайдир билим бериш эмас. Бундай хизматларни реализация қилиш жойини улар кўрсатиладиган жойга қараб эмас, балки умумий қоидага кўра – мазкур хизматларни етказиб берувчи (реализация қилувчи) фаолиятни амалга ошираётган жойга қараб аниқланг.

 

ВАЗИЯТ. Ўзбекистон корхонаси Туркия компаниясининг буюртмасига кўра Истанбулда симпозиум ташкил этмоқда

Симпозиумларни ташкил этиш хизматлари таълим хизматлари жумласига кирмаслиги сабабли уларни реализация қилиш жойи ижрочининг фаолиятни амалга ошириш жойига қараб аниқланади.

Мазкур ҳолатда хизматларни реализация қилиш жойи – Ўзбекистон, сабаби симпозиум Туркияда ўтказилаётганига қарамай, уларни Ўзбекистон корхонаси кўрсатмоқда. Шу боис Ўзбекистон корхонаси ўз хизматлари қийматидан ҚҚС тўлайди.

Солиштириш учун: хизматлар таълим хизматлари жумласига кирганда реализация қилиш жойи улар кўрсатилган жойга (Туркия) қараб аниқланар, Ўзбекистонда уларга ҚҚС солинмаган бўларди.

 

Ишларни (хизматларни) сотиб олувчи фаолиятини амалга ошираётган жой

 

Сотиб олувчи фаолиятини амалга ошираётган жой у давлат рўйхатидан ўтказилган жойга қараб аниқланади. Давлат рўйхатидан ўтказилмаган бўлса, у ҳолда:

● корхонанинг таъсис ҳужжатларида кўрсатилган жойга қараб;

● доимий фаолият кўрсатадиган ижро этувчи орган жойлашган ерга қараб;

● агар ишлар (хизматлар) доимий муассаса орқали бажарилган (кўрсатилган) бўлса, у жойлашган ерга қараб.

 

Сотиб олувчи фаолиятини амалга ошираётган жойга қараб қуйидаги ишларни (хизматларни) реализация қилиш жойи аниқланади (Солиқ кодексининг 202-моддаси 4-банди):

1) интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқни ўтказиш ёки улардан фойдаланиш ҳуқуқини бериш.

 

Эслатиб ўтамиз: Интеллектуал мулк объектлари жумласига қуйидагилар киради (ФКнинг 1031-моддаси):

1) интеллектуал фаолият натижалари:

фан, адабиёт ва санъат асарлари;

ижролар, фонограммалар, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотларнинг кўрсатувлари ёки эшиттиришлари;

ЭҲМ учун дастурлар ва маълумотлар базалари;

ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари;

селекция ютуқлари;

ошкор этилмаган ахборот, шу жумладан ишлаб чиқариш сирлари (ноу-хау);

2) фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг, товарлар, ишлар ва хизматларнинг хусусий аломатларини акс эттирувчи воситалар:

фирма номлари;

товар белгилари (хизмат кўрсатиш белгилари);

товарлар чиқарилган жой номи;

3) интеллектуал фаолиятнинг бошқа натижалари ҳамда фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг, товарлар ва хизматларнинг хусусий аломатларини акс эттирувчи воситалар.

 

ВАЗИЯТ. Ўзбекистон корхонаси хорижий компаниядан қуйидагиларни сотиб олади:

Ўзбекистон ҳудудида кинофильм кўрсатиш ҳуқуқи;

Ўзбекистонда норезидентнинг товар белгисидан фойдаланиш ҳуқуқи;

муайян турдаги буюмларни ишлаб чиқариш учун лицензия.

Барча ҳолларда ҳуқуқлардан фойдаланганлик учун хорижий компанияга тўланадиган оборотлар бўйича ҚҚС Ўзбекистонда тўланиши керак, сабаби хизматни сотиб олувчи Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилган.

 

ВАЗИЯТ. Ўзбекистон корхонаси компьютер дастурини ишлаб чиқиб, ундан фойдаланиш учун мутлақ ҳуқуқни хорижий компанияга берди

Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқ берилганда, хусусан, ЭҲМ учун дастурлар ҳам улар жумласига киради, ишларни (хизматларни) реализация қилиш жойи сотиб олувчи фаолиятини амалга ошираётган жойга қараб аниқланади.

Хорижий компания Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритмаса, Ўзбекистон ҳудуди хизматни реализация қилиш жойи деб эътироф этилмайди. Демак, ҚҚС бўйича солиқ солинадиган объект юзага келмайди.

 

2) маслаҳат бериш, аудиторлик, юридик (адвокатлик), бухгалтерлик, реклама, инжиниринг хизматлари, шунингдек ахборотга ишлов бериш хизматларини кўрсатиш.

Инжиниринг хизматлари жумласига маҳсулотни (ишларни, хизматларни) ишлаб чиқариш ва реализация қилиш жараёнига тайёргарлик, саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа объектлар қурилиши ҳамда улардан фойдаланишга тайёргарлик бўйича муҳандислик-маслаҳат бериш йўсинидаги хизматлар, лойиҳалаш олди ва лойиҳалаш хизматлари (техник-иқтисодий асосларни, лойиҳа-конструкторлик ечимларини тайёрлаш ва ҳ.к.) киради.

Ахборотга ишлов бериш хизматлари жумласига ахборот массивларини тўплаш ва умумлаштириш, тизимлаштириш ҳамда бу ахборотга ишлов бериш натижаларини фойдаланувчилар тасарруфига тақдим этиш хизматлари киради (Солиқ кодексининг 202-моддаси 4-банди).

 

 

ВАЗИЯТ. Ўз мамлакатида фаолият юритувчи хорижий реклама фирмаси Ўзбекистон корхонаси билан тузилган шартномага кўра хорижий босма нашрда ушбу корхона ва унинг маҳсулоти ҳақида мақола чоп этди

Бундай хизматлар реклама хизматларига киради («Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддаси). Сотиб олувчи фаолиятини амалга ошираётган жой реклама хизматларини реализация қилиш жойи деб эътироф этилади. Шу сабабли хорижий компания оборотлари бўйича ҚҚС Ўзбекистон корхонаси томонидан Ўзбекистонда тўланиши керак.

 

Олинган ишлар (хизматлар) учун ҳақни чет эл валютасида тўласангиз, ҚҚС солинадиган оборотни бу оборот амалга оширилган санадаги МБ курси бўйича сўмда қайта ҳисоблаб чиқинг (Солиқ кодексининг ­207-моддаси).

 

Эслатиб ўтамиз: Ишларни, хизматларни реализация қилиш обороти амалга оширилган сана қуйидаги шартлардан бири бажарилганда бошланади (Солиқ кодексининг 203-моддаси):

ҳисобварақ-фактура ёзиб берилганда;

ишлар бажарилганлиги, хизматлар кўрсатилганлиги фактини тасдиқловчи ҳужжатлар расмийлаштирилганда.

 

МИСОЛ. Хорижда реклама хизматларини олиш

Хорижий босма нашрда мақолани чоп этиш бўйича реклама хизматларининг қиймати 1 200 АҚШ долларини ташкил этади. Хизматлар кўрсатилганлиги тўғрисида далолатнома имзоланган санадаги МБ курси – 8 485,91 сўм. Ўзбекистон корхонаси 2 036 618,4 сўм (1 200 х 8 485,91 х 20%) миқдоридаги ҚҚСни бюджетга тўлаши керак.

 

ВАЗИЯТ. Ўзбекистон корхонасининг буюртмасига кўра Россия компанияси Тошкентда турар жой мажмуасини қуриш учун лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқмоқда. Лойиҳа ишлари Россияда бажарилмоқда

Лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш хизматлари инжиниринг хизматларига киради. Мазкур вазиятда хизматларни сотиб олувчи – Ўзбекистон корхонаси, тегишинча, Ўзбекистон реализация қилиш жойи деб эътироф этилади. Шу сабабли Россия компанияси бажарган лойиҳа ишлари қийматидан ҚҚСни Ўзбекистон корхонаси бюджетга тўлайди.

 

МИСОЛ. Хорижий компаниядан инжиниринг хизматларини олиш

Лойиҳа ишлари қиймати – 18 500 АҚШ доллари. Ҳисобварақ-фактура ёзиб берилган санадаги МБ курси – 8 485,91 сўм. Ўзбекистон корхонаси – буюртмачи 31 397 867 сўм (18 500 х 8 485,91 х 20%) миқдоридаги ҚҚСни бюджетга тўлаши керак.

 

ВАЗИЯТ. Хорижда жойлашган хорижий ташкилотнинг буюртмасига кўра Ўзбекистон корхонаси матнларни ўзбек тилига таржима қилиш хизматларини кўрсатади. Қилинган таржима буюртмачига электрон почта орқали юборилади

Матнларни таржима қилиш ахборотга ишлов бериш хизматига ўхшашига қарамай, бундай хизматлар таърифига мувофиқ келмайди. Ахборот массивларини тўплаш ва умумлаштириш, тизимлаштириш ҳамда бу ахборотга ишлов бериш натижаларини фойдаланувчилар тасарруфига тақдим этиш ахборотга ишлов бериш хизматлари деб эътироф этилади (Солиқ кодексининг 202-моддаси 4-банди). Матн таржима қилинганда санаб ўтилган хатти-ҳаракатлар бажарилмайди. Шу сабабли матнларни таржима қилиш хизматларини реализация қилиш жойини ижрочи жойлашган жойга қараб аниқланг. Мазкур ҳолатда – у Ўзбекистон корхонаси, демак, бундай хизматларга ҚҚС солинг.

 

3) ходимлар бериш, агар ходимлар сотиб олувчи ўз фаолиятини амалга ошираётган жойда ишлаётган бўлса.

Хорижий компания Ўзбекистон корхонасида ишлаш учун юборган ходимлар фақат ўзлари юборилган корхона номидан ва унинг манфаатларини кўзлаб ишласалар, хизмат ушбу тоифага киради.

 

ВАЗИЯТ. Ўз мамлакатида фаолият юритаётган хорижий компания – норезидент қўшма корхона – Ўзбекистон резидентига турли давлатлардаги малакали кадрларни ҚКда ишлаш учун танлаш бўйича хизмат кўрсатади

Ўзбекистон хизматларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилади, сабаби сотиб олувчи унинг ҳудудида фаолият юритади. Шу сабабли ҚҚС Ўзбекистонда тўланиши керак.

 

МИСОЛ. Хорижий компаниядан ходимларни танлаш бўйича хизматни олиш

Ўзбекистон корхонаси ишлаб чиқариш жараёнини назорат қилиш учун дастурий таъминотни (ДТ) импорт бўйича сотиб олди. Ходимларни янги ДТ билан ишлашга ўргатиш мақсадида тегишли мутахассисларни бериш учун хорижий компания билан шартнома тузди. Мутахассисларни бериш бўйича хизматлар қиймати 10 000 АҚШ долларини ташкил этади. Хизматлар кўрсатилганлиги тўғрисида далолатнома имзоланган санадаги МБ курси – 8 485,91 сўм. Ўзбекистон корхонаси – хизматларни сотиб олувчи (буюртмачи) 16 971 820 сўм (10 000 х 8 485,91 х 20%) миқдоридаги ҚҚСни бюджетга тўлаши керак.

 

4) кўчар мулкни ижарага бериш, транспорт воситалари бундан мустасно.

Кўчмас мулкни ижара беришда у жойлашган жойга қараб ҚҚС тўланади. Ундан фарқли ўлароқ, кўчар мулкни ижарага беришда ҚҚСни мол-мулкни олувчи – ижарага олувчи тўлайди.

 

ВАЗИЯТ. Ўзбекистон корхонаси Россиядаги заводлардан биридан бир нечта дастгоҳни ижарага олади, уларда Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган ўз маҳсулоти учун бутловчи қисмларни ишлаб чиқаради

Ўзбекистон корхонаси Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида бўлган кўчар мулкни ижарага олар экан, ҚҚС Ўзбекистонда тўланиши керак. Бироқ реализация қилиш жойи ижарага берувчи фаолиятини амалга ошираётган жойга қараб аниқланадиган транспорт воситалари ижарасига мазкур норма татбиқ этилмаслигини инобатга олинг.

 

МИСОЛ. Ўзбекистон корхонаси РФдаги дастгоҳларни ижарага олган

Ўзбекистон корхонасининг дастгоҳларни ижарага олиш қиймати – ойига 50 000 рубль. Россия тарафи ҳисобварақ-фактура ёзиб берган санада МБ томонидан белгиланган Россия рублининг курси – 130,41 сўм. Ўзбекистон корхонаси бюджетга тўлаши лозим бўлган ҚҚС суммаси 1 304 100 сўмни (50 000 х 130,41 х 20%) ташкил этади.

 

МИСОЛ. Ўзбекистон корхонаси хорижий компания билан тузилган лизинг шартномасига кўра юк автомобилини олди

Транспорт воситаси лизинг предмети бўлганлиги сабабли хизматни реализация қилиш жойи ижарага берувчи фаолиятини амалга ошираётган жойга қараб аниқланади. Мазкур ҳолда у – Ўзбекистон норезиденти, бинобарин, Ўзбекистон корхонаси олинган лизинг хизматларидан ҚҚС тўлаши керак эмас.

 

5) товарларни (ишларни, хизматларни) олиш бўйича воситачи (ишончли вакил), шунингдек мазкур хизматларни амалга ошириш учун шартноманинг (контрактнинг) асосий иштирокчиси номидан жалб этувчи шахс хизматларини кўрсатиш.

Ўзбекистон резиденти воситачи (ишончли шахс) – бошқа давлат резиденти билан воситачилик хизматлари кўрсатиш учун шартнома тузса, Ўзбекистон хизматларни реализация қилиш жойи бўлади. Бинобарин, воситачига тўланадиган воситачилик ҳақига Ўзбекистон ҳудудида ҚҚС солинади.

 

ВАЗИЯТ. Ўзбекистон корхонаси хорижий компания – Ўзбекистон норезиденти билан воситачилик хизматлари кўрсатиш учун шартнома тузди. Хорижий компания Ўзбекистон корхонаси учун ҳақ эвазига товар сотиб олиш мажбуриятини олди

Сотиб олувчи (хизматлар буюртмачиси) фаолиятини амалга ошираётган жой Ўзбекистон ҳисобланар экан, хорижий компанияга тўланадиган воситачилик ҳақидан ҚҚСни буюртмачи ҳисоблайди ва тўлайди.

 

МИСОЛ. Ўзбекистон корхонаси норезидентдан воситачилик хизматини олди

Воситачи – Ўзбекистон норезидентининг ҳисоботига кўра, унга тўланадиган ҳақ суммаси 5 000 АҚШ долларини ташкил этди. Воситачилик хизматларини кўрсатиш тўғрисида далолатнома имзоланган санадаги МБ курси – 8 485,91 сўм. Ўзбекистон корхонаси – комитент норезидентнинг воситачилик хизматларидан 8 485 910 сўм (5 000 х 8 485,91 х 20%) миқдорида ҚҚС тўлаши керак.

 

Алоқа хизматларини кўрсатиш

Алоқа хизматларига қуйидагилар киради («Алоқа тўғрисида»ги Қонуннинг 2-моддаси):

● почта хизматлари – почта жўнатмаларини қабул қилиб олиш, ташиш ва кўрсатилган жойга етказиб бериш;

● телекоммуникация тармоқлари – бир ёки бир нечта узатиш турларини: телефон, телеграф, факсимил узатишларни, ҳужжатли хабарларнинг бошқа турлари маълумотларини узатишни, телевидение ва радиоэшиттириш дастурларини трансляция қилишни таъминлайди.

Алоқа операторлари тақдим этадиган хизматларга, масалан, қуйидагилар киради:

● халқаро алоқа каналлари давлатлар ҳудудидан ўтиши ҳуқуқини бериш, халқаро алоқа каналларини ижарага бериш;

● халқаро телефон алоқаси хизматлари;

● халқаро Интернет тармоғига кириш ҳуқуқи;

● хорижий ва маҳаллий уяли алоқа компаниялари тақдим этадиган роуминг хизматлари.

Хизматларни сотиб олувчи Ўзбекистонда фаолият юритса, унинг ҳудуди уларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилади.

 

Ишларни (хизматларни) ижро этувчи фаолиятини амалга ошираётган жой

Истисно этилмаган қолган барча турдаги ишлар (хизматлар) бўйича реализация қилиш жойини ижро этувчи фаолиятини амалга ошираётган жойга қараб аниқланг (Солиқ кодексининг 202-моддаси). Аввало у давлат рўйхатидан ўтказилган жойга қараб, у мавжуд бўлмаган тақдирда:

● таъсис ҳужжатларида кўрсатилган жойга қараб;

● доимий фаолият кўрсатадиган ижро этувчи орган жойлашган ерга қараб;

● ишлар (хизматлар) доимий муассаса орқали бажарилган (кўрсатилган) бўлса, у жойлашган ерга қараб аниқланади.

 

ВАЗИЯТ. Ўзбекистон корхонаси Шарқий Европа мамлакатлари бозорида ўз товарини илгари суриш мақсадида маркетинг тадқиқоти ўтказиш учун Латвия консалтинг фирмаси билан шартнома тузди

Хизматларнинг бу тури Солиқ кодексининг 202-моддаси 4-бандида кўрсатилмаганлиги сабабли ижро этувчи фаолиятини амалга ошираётган жой, яъни Латвия ҳудуди уларни реализация қилиш жойи бўлади. Ўзбекистон корхонаси Латвия фирмасига фақат маркетинг хизматлари қийматини тўлайди. Ўзбекистонда хизматлар қийматидан ҚҚС тўланиши керак эмас.

 

ВАЗИЯТ. Ўзбекистон юридик шахси Россия корхонасига юк ташиш хизматларини кўрсатади

Ушбу хизмат Солиқ кодексининг 202-моддаси 1–4-бандларида назарда тутилмаганлиги сабабли уни реализация қилиш жойи ижро этувчи фаолиятини амалга ошираётган жойга қараб аниқланади. Мазкур ҳолда у – Ўзбекистон.

Ўзбекистон юридик шахси учун Россия корхонаси худди шундай хизматни кўрсатса, Россия реализация қилиш жойи деб эътироф этилади. Бунда юк жўнатиладиган ёки тайинланган пункт жойлашган жойдан қатъи назар, ушбу қоида қўлланилишини инобатга олинг.

 

МИСОЛ. Ўзбекистон транспорт компанияси Россия корхонасининг буюртмасига кўра Ўзбекистондан Россияга юк ташийди

Шартнома ва ташиш ҳужжатларига кўра хизматлар қиймати 3 500 АҚШ долларини ташкил этади. Мазкур ҳолда Ўзбекистон транспорт хизматларини реализация қилиш жойи деб эътироф этилади, шу сабабли Ўзбекистон компанияси ўз хизматлари қийматидан ҚҚС тўлаши керак.

Бироқ халқаро йўналишда ташишларга ноль даражали ставкада ҚҚС солинишини инобатга олинг (Солиқ кодексининг 216-моддаси). Яъни буюртмачига солиқ суммаси ёзиб берилмайди. Бироқ мазкур оборот мақсадида фойдаланилган товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчиларга тўланган ҚҚС суммалари ҳисобга олиниши мумкин (Солиқ кодексининг 218-моддаси).

Шу тариқа, Ўзбекистон корхонаси буюртмачига 0%лик ставкадаги ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда 3 500 АҚШ долларилик хизматлар қийматини тақдим этади.

 

МИСОЛ. Россия транспорт компанияси Ўзбекистон корхонаси буюртмасига кўра Россиядан Ўзбекистонга юк ташийди

Шартнома ва ташиш ҳужжатларига кўра хизматлар қиймати 3 500 АҚШ долларини ташкил этади. Мазкур ҳолда Россия транспорт хизматларини реализация қилиш жойи деб эътироф этилади, шу сабабли Ўзбекистон корхонасида ҚҚС солинадиган оборот юзага келмайди. У ташувчига фақат 3 500 АҚШ долларини тўлайди.

 

Ўзбекистоннинг ишларни (хизматларни) реализация қилиш жойи деб тан олиниши ва ҚҚС солинадиган оборот юзага келиши мезонларини умумлаштирамиз:

Ишлар (хизматлар) турлари

 

Қуйидаги ҳолларда ҚҚС тўлаймиз

 

Кўчмас мулк билан боғлиқ (очиқ рўйхат): қурилиш, монтаж, қурилиш-монтаж, ишга тушириш-созлаш, таъмирлаш, реставрация қилиш, кўкаламзорлаштириш ишлари, кўчмас мулкни ижарага бериш ва ҳ.к.

 

мол-мулк Ўзбекистон ҳудудида бўлса

 

Кўчар мулк билан боғлиқ (ёпиқ рўйхат): монтаж қилиш; созлаш; йиғиш; қайта ишлаш; ишлов бериш; таъмирлаш; техник хизмат кўрсатиш

 

Қуйидаги соҳаларда:

туризм; маданият; санъат; таълим; жисмоний тарбия; спорт

хизматлар Ўзбекистонда кўрсатилган бўлса

 

Интеллектуал мулк объектлари билан боғлиқ:

уларга бўлган ҳуқуқни бериш;

улардан фойдаланиш ҳуқуқини бериш

 

сотиб олувчи Ўзбекистонда фаолиятини амалга ошираётган бўлса

 

Маслаҳат бериш

 

Аудиторлик

 

Юридик (адвокатлик)

 

Бухгалтерлик

 

Инжиниринг

 

Реклама

 

Ахборотга ишлов бериш

 

Ходимлар бериш (агар ходимлар сотиб олувчи ўз фаолиятини амалга ошираётган жойда ишлаётган бўлса)

 

Кўчар мулкни ижарага бериш (транспорт воситалари бундан мустасно)

 

Алоқа хизматлари

 

Қуйидагиларнинг хизматлари:

товарларни (ишларни, хизматларни) олиш бўйича воситачининг (ишончли вакилнинг);

ушбу бўлимда назарда тутилган хизматларни амалга ошириш учун шартноманинг (контрактнинг) асосий иштирокчиси номидан жалб этувчи шахснинг

 

сотиб олувчи Ўзбекистонда фаолиятини амалга ошираётган бўлса

 

Қолган ишлар (хизматлар)

 

ижро этувчи Ўзбекистонда фаолиятини амалга ошираётган бўлса

 

 

Ёрдамчи ишлар (хизматлар)

Асосий ишлар (хизматлар) реализация қилинган жойга қараб ёрдамчи ишларни (хизматларни) реализация қилиш жойини аниқланг. Асосий ишларни (хизматларни) реализация қилиш жойи Ўзбекистон бўлса, ёрдамчи ишларни (хизматларни) реализация қилиш жойи унинг ўзи бўлади.

Қонунчиликда ишларни (хизматларни) асосий ёки ёрдамчи ишлар (хизматлар) сирасига киритиш мезонлари белгиланмаган. Амалиётнинг кўрсатишича, ёрдамчи ишлар (хизматлар) қуйидаги аломатларга эга:

● асосий ишлар (хизматлар) каби, ёрдамчи ишлар (хизматлар) биргина корхона томонидан амалга оширилади;

● ҳам асосий, ҳам ёрдамчи ишлар (хизматлар) буюртмачиси (сотиб олувчиси) биргина шахс бўлади;

● ёрдамчи ишлар (хизматлар) асосий ишлар (хизматлар) бўйича тузилган шартнома асосида бажарилиб, асосий ишлардан (хизматлардан) ажралмас дея саналади.

 

 

Хорижий ташкилот билан ҳамкорлик қилганда шартнома матнида қандай ишлар (хизматлар) мустақил тусга эга эканлигини, қайсилари уларга нисбатан ёрдамчи эканлигини қайд этинг. Шу тариқа ушбу масалага ойдинлик киритасиз, солиқ органлари билан низолашишга ўрин қолдирмайсиз.

 

ВАЗИЯТ. Ўзбекистон корхонаси Қозоғистон ҳудудида бурғулаш минорасини ўрнатмоқда. Бундан ташқари, ишларни қабул қилувчи унга ишларни бажариш учун зарур бўлган ускуналарни ташиш ҳақини тўламоқда

Минорани ўрнатиш ишларини реализация қилиш жойи – Қозоғистон, чунки кўчмас мулк объекти ўша ерда жойлашган. Бошқа вазиятда ташиш хизматларини реализация қилиш жойи Ўзбекистон дея эътироф этилган бўлар эди. Бироқ бу ҳолда эмас! Бунда транспорт хизматлари асосий хизматларга (минорани ўрнатиш) нисбатан ёрдамчи саналади. Шу сабабли Ўзбекистон ускуналарни ташиш хизматларини реализация қилиш жойи деб ҳисобланмайди, бу ҳолда унинг ҳудудида ҚҚС тўланмайди.

 

Реализация қилиш жойини тасдиқловчи ҳужжатлар

Солиқ кодексида товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш жойини тасдиқловчи ҳужжатларнинг аниқ рўйхати келтирилмаган. Амалиётда қуйидагиларни улар сирасига киритиш мумкин:

● олди-сотди, ишларни бажариш (хизматларни кўрсатиш) бўйича шартнома;

● товар реализация қилинганлиги, ишлар бажарилганлиги (хизматлар кўрсатилганлиги) далилини тасдиқловчи ҳужжатлар:

бажарилган ишларни қабул қилиш-топшириш далолатномалари (хизматлар кўрсатилганлиги тўғрисидаги далолатномалар);

товар харидорларга жўнатилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (БЮД, товар юкхатлари, товар-транспорт юкхатлари ва ҳ.к.);

ходимлар чет элга хизмат сафарига юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

хорижий компания чет элда рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

хорижда юк ташилганлигидан гувоҳлик берувчи божхона ва транспорт ҳужжатлари;

хорижда кўчар ва кўчмас мулк жойлашган жой ҳақида гувоҳлик берувчи ҳужжатлар;

товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш жойи Ўзбекистон ёки хорижий давлат ҳудуди эканлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар.

«Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.


Давоми бор.

 

Давоми. Боши «СБХ»нинг 25.06.2019 йилдаги 26 (1298), 2.07.2019 йилдаги 27 (1299), 30.07.2019 йилдаги 31 (1303), 6.08.2019 йилдаги 32 (1304)-сонларида.

Прочитано: 1209 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика