Компания автомобилни (асосий восита) сотди. Харидор ҳисоб-маълумотномада етказиб бериш суммасини ҚҚСни ҳисобга олмаган ҳолда кўрсатишни талаб қилмоқда. Ҳар икки корхона ҚҚС тўловчиси ҳисобланади.
Автомобиль сотилганда ДЙҲХХга тақдим этиладиган ҳисоб-маълумотномада ҚҚС суммасини кўрсатиш керакми?
– Автомототранспорт воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳудудий ДЙҲХХ органларига ихтисослаштирилган савдо корхонаси томонидан бериладиган ҳисоб-маълумотнома тақдим этилади.
Қуйидагилар махсус савдо ташкилотига киради:
● ишлаб чиқарувчининг вакили;
● воситачи (дистрибьюторлик) ташкилоти.
Ҳисоб-маълумотнома автомототранспорт воситасига бўлган мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқларни тасдиқловчи ҳужжат бўлиб ҳисобланади (Низомнинг 16, 18-бандлари, ВМнинг 31.08.2017 йилдаги 683-сон қарорига 1-илова).
Сотувчи махсус савдо ташкилоти ҳисобланмайди. Шунинг учун транспорт воситаси сотилганда ҳисоб-маълумотнома расмийлаштирилмайди.
Лекин автомототранспорт воситасини бошқа шахсга бериш тўғрисида шартнома ва ҳисобварақ-фактура мажбурий тартибда расмийлаштирилади (ФКнинг 386-моддаси; Солиқ кодексининг 222-моддаси).
Тегишли равишда сотувчиси ихтисослаштирилган савдо корхонаси ҳисобланмаган автомобилнинг харидори ҳисоб-маълумотноманинг ўрнига ҳисобварақ-фактура олади. Автотранспортни сотиш солиқ солинадиган оборотдир, шундай экан, сотувчи ҚҚС тўловчиси бўлганлиги сабабли ҳисобварақ-фактурада ҚҚС суммаси кўрсатилади (Солиқ кодексининг 199, 222-моддалари).
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.