Давлат божхона қўмитаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бошқармаси ходимлари Тошкент вилояти ва Сирдарё вилояти божхоначилари билан ҳамкорликда Сирдарё вилоятида тезкор тадбир ўтказишди.
Тадбир давомида М.М.нинг яшаш хонадони кўздан кечирилди. Натижада ушбу хонадонда ташкил қилинган «яма»да сифати кафолатланмаган маҳсулотлар – 3 984 дона дори ва тиббиёт воситалари, 28 000 дона спиртли ичимлик акциз маркалари, шунингдек, парфюмерия маҳсулотлари, энергетик ичимликлар ҳамда рангли металл парчалари борлиги аниқланди. «Яма»даги товарларнинг умумий баҳоси 475,8 млн сўмни ташкил қилди.
ВАГОНЛАРГА ЯШИРИЛГАН 290 МЛН СЎМЛИК КОНТРАФАКТ ТОВАРЛАР
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари сифати кафолатланмаган озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа товарларнинг республикамизга ноқонуний олиб кирилишига доир божхона қоидабузарликларини фош қилишди.
«Келес» темир йўл чегара божхона пости ходимлари «Москва-Андижон» йўналишида кириб келган поезд йўловчиларининг қўл юкларини божхона назоратидан ўтказишганда фуқаро З.И. 70 қутида 14 минг дона электрон тамаки стиклари, 64 қути парранда гриппига қарши эмлаш дори воситаси ва 112 қути биологик актив қўшимчаларни вагон том қисмидаги бўшлиқларга яширганлигини фош этишди. Ушбу товар-моддий бойликларнинг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 60,1 млн сўмни ташкил этар экан.
Шунингдек, «Алмата–Нукус» йўналишидаги халқаро қатнов поезди йўловчиларининг юклари божхона назоратидан ўтказилганда қўшни давлат фуқароси Т.Б. умумий қиймати 50 млн сўмлик 20 минг дона электрон сигареталарни вагон пол қисми остига яшириб олиб келаётганлиги фош этилди.
Худди шу поезд йўловчилари П.К., Д.Т., А.Т. ва Р.С. умумий қиймати 100,7 млн сўмлик 10 минг 800 дона «Orbit» сақичлари, 103,5 литр пиво, салкам 45 турдаги хамиртуруш, хўжалик қўлқоплари, шампунь, кир ювиш кукуни, аёллар соч бўёғи, кийим-кечаклар, маиший техника ва бошқаларни божхона назоратидан яшириб олиб келаётганлиги маълум бўлди.
Қўшни давлат фуқаролари бўлган И.Б. ва С.Б. эса умумий қиймати салкам 80 млн сўмлик 24 турдаги болалар бўтқаси, хамиртуруш, сақичлар, кийим-кечак, пойабзал ва бошқа товарларни олиб келаётганлигида тўхтатиб қолинди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар бўйича текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
ҲУЖЖАТСИЗ РАНГЛИ ТЕЛЕВИЗОРЛАР
Суратда кўриб турганингиз маиший техника воситалари кўргазмага қўйилган эмас. Улар Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида божхоначилар томонидан тўхтатилган «Мерседес-Бенц Спринтер» русумли юк автомашинаси соҳиби О.З.га тегишлидир. Автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда унинг юкхонасида ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган, хорижда ишлаб чиқарилган жами 133 млн сўмлик 57 дона мана шу суратдаги рангли телевизорлар ҳамда 2 дона микротўлқинли печ борлиги аниқланди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
ШИППАКНИНГ ТАГИ ҚАНИ?
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари қонунбузарлар томонидан божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш, божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаш ҳолатларининг олдини олиш бўйича бир қатор ишларни амалга ошириб келмоқда.
Хусусан, божхоначилар Хитойдан келган ва шаҳардаги омборлардан бирида сақланаётган оёқ кийим тагликларини назоратдан ўтказишганда ҳужжатларда кўрсатилган товарлардан ортиқча бўлган ва яширин тарзда сақланаётган 2 400 жуфт болалар оёқ кийими, 57 525 жуфт аёллар шиппагининг таг қисми ва 72 348 жуфт устки қисми борлиги аниқланди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ноқонуний сақланаётган товарларнинг умумий қиймати 2 млрд 647 млн сўмни ташкил қилди.
Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
«ЯШИЛ» ЙЎЛАКДАН ДАДИЛ ҚАДАМЛАР ИЛА...
Халқимизда «Шаҳар – бедарвоза эмас» деган нақл бор. Яъни ҳар бир нарсани олиб кириш ва бу ердан олиб чиқишнинг ўз қонун-қоидаси бўлади. Мамлакатимизга таркибида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар бўлган дори воситалари кириб келишининг олдини олишда божхоначилар сергаклик кўрсатмоқдалар.
Самарқанд халқаро аэропортига «Шереметьево-Самарқанд» йўналишидаги рейс билан учиб келган У.Н. «яшил» йўлакдан ўтаётганда, унга тегишли багаж ва қўл юклари божхона ходимларининг эътиборини тортди. Божхоначилар холислар иштирокида фуқаронинг багаж юкларини кўздан кечиришганда, сумка ичида 5 та конвалютада бўлган жами 47 дона «Алпразолам» номли таблеткалар борлиги маълум бўлди.
Шу ўринда эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 12 ноябрдаги 330-сон қарорига кўра ушбу дори воситаси Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши чекланган психотроп моддалар рўйхатига киритилган.
Яна бир ҳолатда Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ходимлари мамлакатимизга ўзининг «Опел Астра» автомашинасида қўшни давлатдан кириб келган Э.Н.да божхона назоратини ўтказишди. Натижада фуқаронинг автомашинасидан оғзаки савол-жавобда маълум қилинмаган ва йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган, мамлакатимиз ҳудудига олиб кирилиши тақиқланган 5 қути, яъни 250 дона «Циклодол тригексифенидил» психотроп дори воситалари борлиги аниқланди.
Айни пайтда мазкур ҳолатлар юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ДБҚ, Тошкент шаҳар, Самарқанд ва Наманган вилоятлари божхона бошқармалари
ахборот хизматлари материаллари асосида тайёрланди.