1 мартдан бошлаб Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхати (ВМнинг 7.01.2011 йилдаги 6-сон қарорига 1-илова) кенгаймоқда (ВМнинг 11.02.2019 йилдаги 112-сон қарори).
Унга «Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш» позицияси киритилади.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 1 мартдан бошлаб жисмоний шахслар ҳам лицензия асосида қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш билан шуғулланишлари мумкин. У Давлат геология қўмитаси томонидан «E-IJRO AUKSION» электрон савдо майдончасидаги электрон аукцион якунлари бўйича берилади. Лицензиянинг амал қилиш муддати – 3 йил (26.11.2018 йилдаги ПҚ-4030-сон қарорнинг 2-банди).
Киритилаётган тузатишлардан келиб чиқилса, жисмоний шахслар лицензияни расмийлаштиришдан аввал хусусий тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтишлари керак бўлади.
! |
Тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтмасдан амалга ошириш – МЖТКнинг 176-моддаси ва ЖКнинг 188-моддаси бўйича, лицензиясиз амалга ошириш эса МЖТКнинг 165-моддаси ва ЖКнинг 190-моддаси бўйича жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 1.03.2019 йилдан кучга киради.
Олег ЗАМАНОВ,
«Norma» МЧЖ эксперти.