Корхона Ўзбекистон корхоналари сотиб олган Россия техникасини кафолатли таъмирлаш хизматларини кўрсатади. Россиялик буюртмачи билан тузилган экспорт контракти асосида таъмирлаш ишларини бажарамиз. Буюртмачи ишимиз учун валютада ҳақ тўлайди. 2019 йилда корхона умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтди, ҚҚС тўловчисига айландик. Техникани кафолатли таъмирлаш хизматларини экспорт қилишдан ҚҚС тўлашимиз керакми?
– ҚҚС учун солиқ солиш объектини аниқлаш чоғида ишларни реализация қилиш жойини аниқлаш муҳим. Агар ишлар Ўзбекистонда бажарилса, ушбу оборотга ҚҚС солинади. Реализация қилиш жойи Солиқ кодексининг 202-моддасига мувофиқ аниқланади (Солиқ кодексининг 200-моддаси 2-қисми).
Агар ишлар, хизматлар Ўзбекистон ҳудудида бўлган кўчар мулк билан боғлиқ бўлса, Ўзбекистон Республикаси ҳудуди ишларни, хизматларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилади. Бундай ишларга, хизматларга монтаж қилиш, созлаш, йиғиш, қайта ишлаш, ишлов бериш, таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш киради (Солиқ кодексининг 202-моддаси 3-қисми 2-банди).
Шу тариқа, сиз ЎзР ҳудудида бажарадиган техникани таъмирлаш ишлари ҚҚС солинадиган ишлар сирасига киради. Бажарилган ишлар далолатномаси билан бирга буюртмачига ҚҚС ажратиб кўрсатилган ҳисобварақ-фактурани ҳам тақдим этиш зарур.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.