Жорий йилнинг 1 январидан полиэтилен пакетларни текинга бериш мумкин эмас.
Полиэтилен пакетларни реализация қилиш билан боғлиқ операция бухгалтерия ҳисобида ва солиқ солишда қандай акс эттирилиши керак?
– Полиэтилен пакетларни реализация қилиш билан боғлиқ операцияга товарни реализация қилиш сифатида қараш керак. Товарлар – бошқа юридик ёки жисмоний шахслардан харид қилинган (олинган) ва ташкилотнинг одатдаги фаолияти давомида қўшимча ишлов беришсиз сотиш ёки қайта сотиш учун мўлжалланган активлар (АВ томонидан 17.07.2006 йилда 1595-сон билан рўйхатдан ўтказилган 4-сон БҲМСнинг 5-банди «д» кичик банди).
Бухгалтерия ҳисоби. Полиэтилен пакетларни 2920-«Чакана савдодаги товарлар» счётига кирим қилиш (Йўриқноманинг 146-банди, АВ томонидан 23.10.2002 йилда 1181-сон билан рўйхатдан ўтказилган 21-сон БҲМСга 2-илова), уларни реализация қилишдан тушган тушумни эса 9020-«Товарларни сотишдан даромадлар» счётида ҳисобга олиш лозим (Йўриқноманинг 377-банди).
Солиқ солиш. Полиэтилен пакетларни реализация қилишдан тушган тушум солиқ солиш тизимига қараб фойда солиғи солиш мақсадида жами даромадга ёки ЯСТ солиш мақсадида ялпи тушумга киритилади (Солиқ кодексининг 129, 355-моддалари). Сотиш нархи таннархдан паст бўлса, солиқ солинадиган базага таннарх (олиш қиймати) киритилади.
ҚҚС тўловчиларнинг мазкур оборотига ушбу солиқ ҳам солинади.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.