ВМнинг 24.08.2018 йилдаги 684-сон қарорига мувофиқ, 2018 йилнинг 1 сентябридан бошлаб донни қайта ишловчи корхоналарнинг маҳсулотлари учун ҚҚС бўйича солиқ солинадиган айланма тушум ҳажмидан дон қийматини чиқариб ташлаб ҳисобланади. 2020 йилнинг 1 январига қадар (рўйхатга мувофиқ) Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган дон маҳсулотлари божхона тўловларини (божхона йиғимлари бундан мустасно) тўлашдан озод этилади.
2019 йил 1 январдан корхонамиз умумбелгиланган солиқларни, шу жумладан 20% ҚҚСни тўлашга ўтди.
1. Агар дон бўйича ҚҚС тўланмаса, ташкилотимиз ун ва кепакни реализация қилаётганда ҚҚС тўлайдими?
2. Ун ва кепакни реализация қилишдан ҚҚС тўласак – солиқ солинадиган айланмадан дон қийматини чиқариб ташлаш керакми, бу ҳисобварақ-фактурада қандай акс эттирилади?
3. Ун ҚҚС солинмайдиган товарлар рўйхатига киритилганми?
– Донни қайта ишловчи корхоналардан шундай саволлар келиб тушмоқда. Донни қайта ишловчи корхона ҳисобварақ-фактурада ҚҚСни ҳисоблашга оид жиҳатларни қандай акс эттириши керак деган савол билан ДСҚга мурожаат қилиб, қуйидаги жавобни олдик:
«ВМнинг 2018 йил 24 августдаги «Донни қайта ишловчи корхоналарни қўшимча равишда қўллаб-қувватлаш ва уларнинг экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 684-сон қарорига мувофиқ белгиланган тартибга кўра, 2018 йилнинг 1 сентябридан бошлаб донни қайта ишловчи корхоналарнинг маҳсулотлари учун ҚҚС бўйича солиқ солинадиган айланма тушум ҳажмидан дон қийматини чиқариб ташлаб ҳисобланади.
Ҳисобварақ-фактураларни тўлдириш ва ҳисобга олиш тартиби МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 21.01.2019 йилда 3126-сон билан рўйхатдан ўтказилган «Солиқ ҳисоботининг шаклларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори билан белгиланган.
Шу муносабат билан донни қайта ишловчи корхоналар маҳсулотларни реализация қилиш чоғида ҳисобварақ-фактуранинг 5-«Етказиб бериш қиймати» устунида устама ҳисобга олинган қийматни, 9-«ҚҚС суммаси» устунида эса корхона устамасидан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқарилган ҚҚС суммасини кўрсатадилар».
Энди саволларингизга жавоб берамиз.
1. Донни қайта ишловчи корхонангиз қайта ишлаш қийматидан ҚҚС тўлаши керак. Яъни тайёр маҳсулотнинг сотиш қийматидан ушбу миқдордаги ун ва кепак ишлаб чиқаришга сарфланган дон қийматини чиқариб ташлаш лозим. Олинган сумма ҚҚС солинадиган объект ҳисобланади.
Дон харид қилиш чоғида ҚҚС тўламайсиз, тегишинча, ҳисобга ҳам ололмайсиз. Бироқ сизда ҳисобга олиниши мумкин бўлган бошқа кирувчи ҚҚС бор. Бу – коммунал тўловлар, материаллар, чет ташкилотларнинг хизматлари бўйича ҚҚС.
2. Ун ва кепак – корхонангизнинг маҳсулоти. ВМнинг 684-сон қарорида донни қайта ишловчи корхоналарнинг маҳсулотлари учун ҚҚС бўйича солиқ солинадиган айланма тушум ҳажмидан дон қийматини чиқариб ташлаб ҳисобланиши қайд этилган.
Маҳсулот бирлигига сарфланадиган дон ҳисобини тўғри юритиш муҳим. Дон сарфиёти ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилишини асословчи ҳужжатлар: тасдиқланган сарфлаш нормалари, ТШ, ТЙ, технологик карталар, ишлаб чиқариш ҳисоботлари, сифат кўрсаткичлари, нормативдан ортиқ дон сарфиёти бўйича таҳлил ва бошқаларга эга бўлишни тавсия этамиз.
3. Ун ҚҚС солинмайдиган товарлар рўйхатига киритилганми?
Солиқ кодексига мувофиқ, ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган озиқ-овқат маҳсулотларини реализация қилиш оборотлари ҚҚСдан озод этилади (Солиқ кодексининг 208-моддаси 28-банди).
Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган реализация қилиш оборотлари қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхатига (ВМнинг 31.12.2018 йилдаги 1065-сон қарори билан тасдиқланган) қуйидаги маҳсулотлар киритилган:
1) гўшт (мол, қўй, товуқ), шунингдек, ҳайвонлар (қорамол ва парранда) тирик ҳамда уларни сўйиш маҳсулотлари;
2) балиқ;
3) картошка;
4) пиёз;
5) тухум;
6) гуруч (барча навлари);
7) шакар, шу жумладан импорт қилинган;
8) нон маҳсулотлари;
9) сут.
Рўйхатда ун ва кепак кўрсатилмаганлиги боис, улар бўйича имтиёз берилмаган.
Яна бир бор эътиборингизни қаратамиз – уннинг бутун қийматига эмас, балки уни ишлаб чиқариш учун сарфланган дон қиймати чиқариб ташланган қийматига ҚҚС солинади.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.