Корхона (турагент) – ЎзР резиденти Ўзбекистон жисмоний ва юридик шахсларига туристик йўлланмаларни реализация қилиш бўйича туроператор-норезидентга воситачилик хизматлари кўрсатади. Ўзбекистон ҳудудидан ташқарига йўлланмалар (туристлар дам олиши учун) берилади. Йўлланмалар ҳақи миллий валютада қабул қилинади.
1. Туроператорга ўтказиладиган маблағлар суммасига ҚҚС солиш объекти юзага келадими (Солиқ кодексининг 202-моддаси 3-бандига мувофиқ)?
2. Шартнома бўйича турагент қандай солиқларни тўлаши керак?
1 |
Норезидент томонидан тақдим этилган хизматлар, агар уларнинг реализация қилиш жойи Ўзбекистон Республикаси бўлса, ҚҚС солинадиган оборот ҳисобланади (Солиқ кодексининг 207-моддаси).
Ишлар, хизматлар ҳақиқатда ЎзР ҳудудида туризм соҳасида кўрсатилаётган бўлса, Ўзбекистон ҳудуди уларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилади (Солиқ кодексининг 202-моддаси 3-қисми 3-банди).
Сизнинг ҳолатда ЎзР норезиденти Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида туризм хизматларини кўрсатаяпти.
Бинобарин, норезидент тақдим этган хизматлар ҚҚС солинадиган оборот ҳисобланмайди. Туроператорга ўтказиладиган суммага солиқ ҳисоблаш керак эмас.
Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида туризм хизматларини кўрсатишдан олинадиган ЎзР норезидентининг даромадлари ҳам норезидентнинг даромадларидан солиқ бўйича солиқ солинадиган база ҳисобланмайди (Солиқ кодексининг 155-моддаси 4-қисми 4-хатбошиси).
2 |
Корхонангиз (турагент) воситачилик шартномаси бўйича ўз хизматлари учун ҳақ олади. Ушбу ҳақ – сизнинг солиқ солинадиган даромадингиз.
Агар:
● корхонангизнинг 2018 йилдаги ялпи тушуми 1 млрд сўмдан ошмаган бўлса, ЯСТ тўловчиси бўлиб қолишингиз мумкин. Илгаригидек, ҳақ суммасидан ЯСТ тўламайсиз. 2019 йилда сиз учун ЯСТ ставкаси 25% (26.12.2018 йилдаги ПҚ-4086-сон қарорга 7-илова). Эътибор беринг, воситачилик хизматлари кўрсатиш шартномалари бўйича айланманинг белгиланган чегаравий миқдори (1 млрд сўм) битим суммаларидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади (Солиқ кодексининг 350-моддаси);
● битимларингиз суммалари 1 млрд сўмлик чегарадан ошса, умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтишингиз лозим. ҚҚС тўлашнинг стандарт (20%) ёки соддалаштирилган тартибини танлашингиз мумкин. Бунда корхонангиз ҚҚСдан озод қилиш кўринишидаги имтиёзни қўллай олмайди. Сабаби имтиёзни олиш учун барча туристик-экскурсия хизматлари сафар таркибида назарда тутилган туристик хизматлар кўрсатиш учун йўлланманинг (ваучернинг) қийматига киритилган бўлиши керак. Барча туристик-экскурсия хизматлари туристик хизматлар кўрсатиш шартномасида белгиланган транспортда хизмат кўрсатишдан, яшаб туришга, овқатланишга доир хизматлардан, экскурсия хизмати, маданий, спорт дастурларини ташкил этиш хизматлари ва бошқа хизматлардан иборат бўлади (Солиқ кодексининг 208-моддаси 15-банди). Сиз бевосита туристик хизматлар кўрсатмайсиз, балки туристлар ва туроператорлар ўртасида воситачилик қиласиз.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.