Президентнинг «Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва унинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (12.02.2019 йилдаги ПҚ-4186-сон) қабул қилинди.
2019 йил 1 апрелдан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси 2019-2021 йилларда тикув-трикотаж корхоналарига тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоизларни тўлаш билан боғлиқ харажатларни қоплайдиган бўлди. Бунинг шарти – қарздор ишлаб чиқариладиган тайёр маҳсулотнинг камида 80 фоизини экспорт қилиши керак.
Фоизлар қуйидаги қисмларда қопланади:
● айланма маблағларни тўлдириш (тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун ип-калава, трикотаж мато, ип газлама ва бошқалар харид қилиш) мақсадида тижорат банклари томонидан миллий валютада бериладиган кредитлар бўйича белгиланган фоиз ставкасининг 25 фоизи миқдорида, аммо 5 фоизли пунктдан юқори бўлмаган ҳолда;
● ишлаб чиқаришни модернизация қилиш (бино ва асбоб-ускуналарни сотиб олиш) мақсадида тижорат банклари томонидан хорижий валютада бериладиган кредитлар бўйича белгиланган фоиз ставкасининг 50 фоизи миқдорида;
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 13.02.2019 йилдан кучга кирди.
Самир ЛАТИПОВ,
«Norma» МЧЖ эксперти.