Акам Тошкентда туғилган, бувимизникида доимий пропискадан ўтган, навоийлик қизга уйланган. Тўйдан кейин 6 ой ўтгач улар ажрашишди, бироқ собиқ хотини доимий пропискани расмийлаштириб, бувимизникида яшаб келаяпти.
Тошкентдаги бувимизнинг турар жой майдонида собиқ келиннинг ноқонуний пропискадан ўтганлигини исботлаш учун қаерга мурожаат қилишимиз керак?
Гулнора Р. Тошкент ш.
– Тақдим этилган ҳужжатларда ишончсиз ва ҳақиқатга мувофиқ бўлмаган маълумотлар аниқланган тақдирда, шунингдек Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида доимий пропискага эга бўлиш учун асос бўлган ҳужжатлар қалбакилаштирилган тақдирда доимий прописка ИИО томонидан бекор қилинади. Кейинчалик материаллар тергов органларига юборилади (АВ томонидан 4.05.2012 йилда 2358-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 29-банди).
Шу тариқа, собиқ келиннинг ноқонуний прописка қилинганлиги далилини тасдиқлаш учун бувингиз пропискадан ўтган жойдаги паспорт столи раҳбарига текшириш ўтказиш ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ чора кўришни сўраб ариза билан мурожаат қилишингиз зарур. Уни ўтказиш давомида: прописка қилинган санада турар жой ҳужжатлари мавжудлиги, бувингизнинг собиқ келинни доимий пропискадан ўтказишга ёзма розилик бергани, пропискадан ўтказиш пайтида паспорт столида шахсан ҳозир бўлгани; доимий пропискани қайси ходим расмийлаштиргани; собиқ келин акангиз билан никоҳи бузилгандан кейин бувингизникида доимий пропискадан ўтишга ҳақли бўлган-бўлмагани текширилиши шарт («Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги Қонун).
Онамнинг квартираси
Опам билан Тошкентдаги квартирада яшаймиз, у РФда яшаётган ва айни пайтда Ўзбекистон фуқароси бўлмаган онамнинг номига расмийлаштирилган.
Онам квартирани бизнинг номимизга қайта расмийлаштириб бера оладими?
Р.А. Тошкент ш.
– Ўзбекистонда мулкий ҳуқуқ тан олинади ва қонун билан муҳофаза этилади («Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида»ги Қонуннинг 1-моддаси).
Қуйидагилар мулк объектларидир: республика ҳудудидаги ер, ер ости бойликлари, ички сувлар, ҳаво ҳавзаси, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, иморатлар ва иншоотлар, маҳсулотлар, турар жой ва квартиралар, ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари, интеграл микросхемаларнинг топологияси, селекция ютуқлари, маҳсулот белгилари, асбоб-ускуналар, моддий ва маънавий маданият буюмлари, пуллар, қимматли қоғозлар ва бошқа мол-мулклар; инсоннинг меҳнат қилиш қобилияти (Қонуннинг 3-моддаси).
Шу сабабли, онангиз Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиққанига қарамай, Ўзбекистондаги квартирасига мулк ҳуқуқини сақлаб қолган ва исталган пайтда шахсан ёки ишончли вакили орқали у билан нотариал тасдиқланган ҳаракатларни амалга ошириши мумкин.
Паспортдаги хато
Янги намунадаги паспортда никоҳ қайд этилган йил нотўғри кўрсатилган.
Паспортни алмаштирмай, штампни ўзгартириш мумкинми?
Корелов. Тошкент ш.
– Биометрик паспортдаги фуқаронинг оилавий ҳолати тўғрисидаги штампни қайта қўйиб бўлмайди, сабаби кўрсатилган ҳаракат тузатиш ҳисобланади ва паспорт нуқсонли бўлишига олиб келади.
Паспорт олаётганингизда паспортга киритилган маълумотлар ва қайдларнинг тўғрилигини текширишингиз керак эди.
Ўша пайтда паспортдаги ёзув ёки қайд нотўғрилигини ёхуд паспорт бўлинмаси ходимлари йўл қўйган хатони топганингизда, мазкур ходимлар ҳисобига бошқа паспорт берган бўлар эдилар.
Сизнинг ҳолатда нуқсон сабабли паспорт алмаштириш умумий асосларда амалга оширилади.
Муаммосиз уйга етиб олиш учун
Хорижда стикернинг амал қилиш муддати тугади.
Қайтиш чоғида муаммога тўқнаш келмаслик учун Ўзбекистон Элчихонасида унинг амал қилиш муддатини узайтиришим мумкинми?
– Чет элга вақтинча яшашга кетган (хизмат сафарига, ўқишга, даволанишга, контракт бўйича ишлашга) ва Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхонасида ёки консуллик муассасасида вақтинча консуллик ҳисобида турган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари паспортнинг амал қилиш муддати тамом бўлганлиги ҳамда паспортда белгилар ва визалар қўйиш учун варақлар тугаганлиги, паспорт яроқсиз ҳолга келганлиги ёки йўқолганлиги, шунингдек стикерни расмийлаштириш муносабати билан паспорт алмаштирилган ҳолларда ЎзРнинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналарига ва консуллик муассасаларига белгиланган шаклда ариза билан мурожаат қиладилар.
Шу тариқа, вақтинча консуллик ҳисобида турсангиз, стикерни расмийлаштириш учун дипломатик ваколатхонага ёки консуллик муассасасига белгиланган тартибда ҳужжатларни тақдим этишингиз мумкин.
Стикернинг амал қилиш муддати чет элда тамом бўлиши Ўзбекистонга киришда, шунингдек бир хорижий давлатдан бошқасига сафар қилишда жавобгарликка тортиш учун асос бўлмайди. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ кириш визаларини расмийлаштириш талаб этилмайдиган хорижий давлатлардан бошқа хорижий давлатларга сафар қилиш бундан мустасно (Тартибнинг 7-банди, ВМнинг 6.01.1995 йилдаги 8-сон қарорига 1-илова).
Чет элга чиқиш учун рухсатнома ёзуви стикерининг амал қилиш муддати хорижда бўлган пайтда тугаганда Ўзбекистонга муаммосиз қайтиб кела оласиз.
Бир том остида
Қариндошим 2015 йилда квартирасини сотиб, у ердаги пропискадан чиқди, шундан кейин ҳеч қаерда доимий пропискадан ўтмади (турли манзилларда вақтинча пропискадан ўтди). Айни пайтда ҳеч қаерда прописка қилинмаган. Кўчиш дастурига ариза бермоқчи бўлганида пропискаси бўлмагани учун Элчихонадагилар ҳужжатларини қабул қилмадилар.
Қариндошлариникида ҳеч бўлмаса вақтинча пропискадан ўтишга ҳақлими?
Р.П.
– Қариндошингиз пропискадан ўтишнинг бошқача тартиби жорий этилган ва пойтахтда бўлишга чекловлар белгиланган Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан ташқари, Ўзбекистоннинг исталган минтақасида доимий пропискадан ўтишга ҳақли.
Қуйидаги Ўзбекистон фуқаролари, яшаш жойи майдони қанчалигидан қатъи назар, доимий рўйхатдан ўтиш ҳуқуқига эга:
► турар жой мулкдори;
► ота-оналар – фарзандларининг яшаш жойига;
► хотин (эр) – эри (хотини)нинг яшаш жойига;
► вояга етмаган фарзандлар ва васийликка олинганлар – ота-оналарининг ва васийларининг яшаш жойларига;
► ўз оилаларига эга бўлмаган ёки вояга етмаган фарзандлари бўлган, аммо никоҳдан ўтмаган вояга етган фарзандлар – ота-оналарининг яшаш жойларига;
► вояга етмаган ва ота-онаси бўлмаган туғишган ака-укалар ва опа-сингиллар, шунингдек ёшидан қатъи назар, меҳнатга лаёқатсиз туғишган ака-укалар ва опа-сингиллар, агар улар ўз оилаларига эга бўлмасалар – акаси ва опасининг (укаси ва синглисининг) яшаш жойига;
► илгари мазкур аҳоли пунктида яшаган, меҳнат шартномаси бўйича ишлаш учун вақтинча бошқа жойга кетган шахслар, шунингдек амалдаги қонун ҳужжатларига кўра вақтинча бошқа жойга кетганда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қоладиган фуқаролар – илгариги турар жойларига ёки қариндошлариникига (Низомнинг 42, 44-бандлари, 5.01.2011 йилдаги ПФ-4262-сон Фармонга 1-илова).
Санжар Хўжааҳмедов,
«Norma» МЧЖ эксперти.