Пенсия ёши, аёллар учун пенсияларга устама, барча ишловчи пенсионерларнинг тўлиқ миқдорда пенсия олиши – Президентнинг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тизимини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳасида шу ва яна кўпгина бошқа масалалар ёритилган. Ушбу сонда нафақат бўлажак ўзгаришлар ҳақидаги материал, балки Пенсия жамғармаси мутахассислари ва «Norma» МЧЖ экспертларининг жавоблари ва тушунтиришлари билан ҳам танишасиз.
Агар экспертларга саволингиз бўлса, уларни norma.uz сайтидаги «Жавоб берамиз» сервисига ёки газетамизнинг gazeta@norma.uz ва ntv@norma.uz электрон манзилларига йўлланг.
Расмий жавоб
Бадал тўламаган бўлсангиз – стажга эга бўлмайсиз
Яқинда пенсияга чиқаман. Охирги пайтда республика ташқарисида ишлаганман. Суғурта бадаллари тўланмаганлиги сабабли бу давр (охирги 10 йил) стажга қўшилмаслигидан хабарим бор.
Бу ҳолда қандай суммадан пенсия ҳисоблаб чиқарилади?
Шангин. Тошкент ш.
– Чет элда ишланган даврлар ЎзР Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига белгиланган суғурта бадаллари тўланган тақдирда меҳнат стажига қўшиб ҳисобланади («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 40-моддаси).
Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун, ишдаги мавжуд танаффуслардан қатъи назар, охирги 10 йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет 5 йилдаги (пенсия сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) иш ҳақи олинади. Бу даврда бадаллар тўланмаганлиги сабабли сизга пенсия энг кам иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади (Қонуннинг 31-моддаси).
Чет элда меҳнат шартномаси асосида ёлланган ҳолда ишлаб, суғурта бадалларини тўлаганингизда, ушбу ишлаган даврингиз стажга қўшиб ҳисобланган, пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун эса ўртача ойлик иш ҳақи миқдоридаги даромадингиз ҳисобга олинган бўлар эди (Низом, ВМнинг 22.02.2016 йилдаги 45-сон қарорига 1-илова).
Маълумот учун!
Ўриндошлик асосида ишлайдиган ПЕНСИОНЕРЛАРГА пенсия асосий иш жойида ТЎЛАНАДИ.
Махсус стажга эга бўлса
Холам қарийб 30 йил ўқитувчи бўлиб ишлаган. Оддий мактабда ҳам, мактаб-интернатда ҳам.
У пенсияга чиқаётганда қандайдир имтиёзлар бериладими?
Раиса И.
– Охирги иш жойидан қатъи назар, ногирон болалар учун ихтисослашган таълим муассасалари, «Меҳрибонлик» уйлари, ҳарбий академик лицейлар, тарбия колониялари ўқитувчилари – махсус иш стажи камида 25 йил бўлган тақдирда (3-сон рўйхатнинг VII қисми, ВМнинг 12.05.1994 йилдаги 250-сон қарори билан тасдиқланган), Қонуннинг 7-моддасида белгиланган ёшни 5 йилга қисқартирган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади. Агар кўрсатилган муассасаларда зарур стажга эга бўлса, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман бўлимига мурожаат қилиш лозим (Қонуннинг 12-моддаси «к» банди).
Ёлғиз ўзи
Эшитишимча, ёлғиз пенсионерлар коммунал хизматлар ҳақини тўлашда пулли компенсация олишга ҳақли эканлар.
Уни олиш учун қаерга мурожаат қилиш керак?
Мария К. Тошкент ш.
– Ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерлар ойлик компенсация пул тўловлари олувчилари ҳисобланади (АВ томонидан 30.12.2010 йилда 2175-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 1-банди «б» кичик банди).
Ёлғиз яшайдиган ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронларни фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда тиббиёт бирлашмалари аниқлайдилар (Низомнинг 16-банди, ВМнинг 10.08.2015 йилдаги 237-сон қарорига 2-илова). Улар тўғрисида қуйидаги жами маълумотлар олинади:
► ёлғиз яшаши;
► уларни парвариш қилишни таъминлашга қодир бўлган шахсларнинг йўқлиги;
► ёлғиз яшайдиган ҳамда ёлғиз кекса ва ногироннинг ўзгалар парваришига муҳтожлиги.
Тиббиёт бирлашмасининг бундай ёлғиз кексаларни шахсий рўйхатга киритиш тўғрисидаги илтимосномалари туман ҳокимлигига тақдим этилади, у ерда улар кўриб чиқилиб, кекса ва ногиронни ёлғиз яшайдиган ёки ёлғиз кекса ва ногирон деб эътироф этиш ёхуд эътироф этишни рад этиш тўғрисида, шунингдек уни шахсий рўйхатга киритиш тўғрисида тегишли қарор қабул қилинади.
Маълумот учун!
Кам таъминланган оилага ойлик моддий ёрдам (1,5 ЭКИҲдан 3 ЭКИҲгача), шунингдек оналарга болани 2 ёшга тўлгунгача парвариш қилиш бўйича нафақалар (2003 йилдан – ЭКИҲнинг 200%и) СУММАЛАРИ ЙИЛ ДАВОМИДА амалга оширилган индексацияларни ҳисобга олган ҳолда амалдаги энг кам иш ҳақи миқдоридан келиб чиқиб ҲИСОБЛАБ ЧИҚАРИЛАДИ.
Бизнинг маълумотнома. Ишлаётган аёлларга болани 2 ёшга тўлгунгача парваришлаш учун нафақа тўлови иш берувчиларнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади (АВ томонидан 14.03.2002 йилда 1113-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 5, 13-бандлари). Ишламайдиган аёллар ва бюджет соҳасида ишлаётган аёлларга ушбу нафақа, шунингдек кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан маҳаллий бюджетлар маблағлари ва бюджетдан ташқари манбалардан Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 15.02.2013 йилдаги 44-сон қарорига 1-илова) доирасида тўланади.
Эътиборингиз учун!
Президентнинг «Аҳолининг ҳожатманд қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига (22.02.2016 йилдаги ПФ-4782-сон) мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, соғлиқни сақлаш ҳудудий бошқармалари, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари зиммасига ногиронлар, шу жумладан ногирон болаларга, уруш қатнашчилари, фахрийлар, ёлғиз кексалар ва аҳолининг бошқа ҳожатманд қатламларига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, имкониятлари чекланган шахсларни касб-ҳунарга ўқитишни ташкил этиш ҳамда инклюзив касб-ҳунар таълимини ривожлантириш вазифаси юклатилган.
Пенсияга чиқиш вақти келдими?
Мен ишлайман, болаликдан ногирон болани тарбиялайман.
55 ёшга тўлмасдан пенсияга чиқа оламанми?
Н.Халилова. Тошкент ш.
– Башарти иш стажингиз камида 20 йилни ташкил этса, охирги иш жойидан қатъи назар, Қонуннинг 7-моддасида белгиланган ёшни 5 йилга қисқартирган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқига эгасиз.
Башарти аёл ўгай ўғил ва ўгай қизни улар 8 ёшга тўлгунига қадар камида 5 йил тарбиялаган бўлса, пенсия тайинлашда улар ҳақиқий фарзандлар билан тенг равишда ҳисобга олинади (Қонуннинг 12-моддаси «з» банди).
Бола туғилганлиги ҳолати туғилиш ҳақидаги гувоҳнома асосида, уни 8 ёшгача тарбиялаганлик эса – ариза берувчининг яшаш жойи бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан берилган болаликдан ногиронни бола туғилган пайтдан бошлаб у 8 ёшга тўлгунига қадар тарбиялаган аёлнинг оила аъзолари таркиби тўғрисидаги маълумотнома асосида белгиланади.
Ариза берувчининг фарзандини болаликдан ногирон ёки 8 ёшгача ногирон бола деб эътироф этиш ТМКнинг тиббий хулосаси ёки ТМЭКнинг ногиронлик тўғрисидаги маълумотномаси билан тасдиқланади (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 26-банди).
Кўпи ҳисобга олинмайди
Пенсияни расмийлаштираётганда пенсияни ҳисоблаб чиқаришда ўртача ойлик даромад ошиши учун ўриндошлик асосидаги иш жойидан олинган иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномани ҳам тақдим этиш мумкинми?
М.Лионов.
– Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун, ишдаги мавжуд танаффуслардан қатъи назар, охирги 10 йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет 5 йилдаги (пенсия сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) иш ҳақи олинади. Унга қонун ҳужжатларига мувофиқ суғурта бадаллари ҳисобланадиган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги барча даромадлар қўшилади.
У ўтган йиллардаги иш ҳақларини пенсия тайинланадиган кундаги иш ҳақи даражасига келтириш учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда қайта ҳисобланади.
Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақи кетма-кет ишланган 60 календарь ойлар учун қайта ҳисобланган иш ҳақининг умумий миқдорини 60 га бўлиш йўли билан аниқланади. Бунда пенсия сўраб мурожаат этган кишининг хоҳишига кўра, ишга қабул қилиш ёки меҳнат шартномасини бекор қилиш муносабати билан иш кунлари сони тўлиқ бўлмаган ойлар тўлиқ ишланган календарь ойлар сифатида ҳисобга олинади.
Пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун ЭКИҲнинг 8 баробаридан ортиқ бўлмаган миқдордаги ўртача ойлик иш ҳақи олинади (Қонуннинг 31, 32-моддалари).
Абдурашид Исмоилов,
бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи ўринбосари.
Маълумот учун!
Меҳнатда майиб бўлиш ёки касб касаллиги оқибатида I ва II ГУРУҲ НОГИРОНИ бўлган ПАЙТ ёшга доир ва боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тайинлашда СТАЖГА ҚЎШИБ ҲИСОБЛАНАДИ.
Норматив лойиҳалар
Пенсия ёшини ошириш таклиф этилмоқда
ҚҲТБТ порталида Президентнинг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тизимини янада ислоҳ қилишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Ҳужжат лойиҳасида қайд этилишича, келажакда пенсия тизимининг мувозанатига қуйидаги бир қатор омиллар салбий таъсир этиши мумкин:
► бадалларни тўловчиларнинг пенсия олувчиларга нисбатан анча камлиги пенсия тизимининг барқарорлиги мезонини таъминлашга таъсир кўрсатади, бунинг оқибатида меҳнатга лаёқатли аҳолининг 60 фоиздан кўпроғи ижтимоий суғурта тизими билан қамраб олинмай қолади;
► пенсия таъминотининг рағбатлатлантирувчи ва шаффоф механизмлари йўқлиги пенсия миқдори ва тўланаётган ижтимоий ажратмалар суммаси ўртасидаги боғлиқликнинг заифлашувига олиб келди;
► пенсия ёшидаги шахслар улуши ортиб бораётганлиги кузатилмоқда, охирги даврларда ёшга доир тайинланган пенсиялар сони бир йилда 200 мингтадан ортди;
► совет даврида белгиланган пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ёш, жамиятдаги ижтимоий барқарорлик ва узоқ умр кўриш ёшининг ортиши натижасида бошқа давлатларга нисбатан энг паст бўлиб қолмоқда.
Шу муносабат билан қуйидагиларни назарда тутувчи Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ этиш концепциясини маъқуллаш таклиф этилмоқда:
биринчидан, қуйидаги йўллар билан фуқароларнинг ижтимоий суғурта тизимида иштирок этишини рағбатлантирувчи механизмларни жорий этиш:
► пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг чекланган миқдорини ЭКИҲнинг 8 баробаридан 10 баробаригача ошириш, бу тартибни аввал тайинланган пенсияларга ҳам татбиқ этишни кўзда тутиш;
► эркаклар учун 35 йил, аёллар учун 30 йилдан ортиқ иш стажининг ҳар бир тўлиқ йили учун ЭКИҲнинг 10%и миқдорида пенсияларга устамалар тўлаш орқали пенсия миқдорларини ошириш;
► 54 ёшидан пенсияга чиқиш ҳуқуқи бўлган аёллар умумий белгиланган ёшда пенсия расмийлаштирган тақдирда уларнинг пенсияларига ЭКИҲнинг 10%и миқдорида устама белгилашни жорий этиш;
иккинчидан, қуйидаги тарзда ижтимоий адолатни таъминлаш чора-тадбирларини:
► барча ишловчи пенсионерларга меҳнат фаолияти даврида пенсия тўловларини тўлиқ олиш ҳуқуқини бериш;
► зарур меҳнат стажига эга бўлмаган кексалар ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга тўланаётган нафақа миқдорида III гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун нафақа тайинлаш механизимини жорий этиш;
► қариялар уйи (пансионат)да яшовчи ёлғиз пенсионерлар ва ногиронларга тайинланган пенсия миқдорининг 50%и тўлаш ҳуқуқини белгилаш;
учинчидан, қуйидагилар воситасида, шу жумладан жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизимида фуқароларнинг ихтиёрий иштирок этишини рағбатлантирувчи чора-тадбирларни қўллаш:
► пенсия ёшига етган, бироқ зарур меҳнат стажига эга бўлмаган шахсларга пенсия ҳисоблашда ҳар бир етишмаётган ой (давр) учун энг кам ойлик иш ҳақи миқдорида суғурта бадалларини тўлаш ҳуқуқини бериш;
► ишловчи шахсларга меҳнатга ҳақ тўлаш кўринишидаги даромадлари ҳисобидан ишламаётган оила аъзолари учун ихтиёрий равишда ҳар бир ой учун энг кам ойлик иш ҳақи миқдорида қўшимча суғурта бадаллари тўлаш ҳуқуқини бериш;
► жисмоний шахснинг жамғариб бориладиган ҳисобрақамига ўтказиб бориладиган маблағлар ҳисобидан жозибадор оралиқ бонусли пуллик тўловлар схемаларини қўллаш;
тўртинчидан, қуйидагиларни назарда тутадиган пенсия таъминоти тизимини шакллантириш:
► пенсия тайинлаш учун талаб этиладиган минимал стажни 2020 йилдан бошлаб босқичма-босқич бир йилдан ошириб, уни 10 йилга етказиш;
► халқаро амалиётни чуқур ўрганган ҳамда МДҲ мамлакатлари тажрибасини таҳлил қилган ҳолда пенсия ёшини босқичма-босқич ошириш.
Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тизимини янада ислоҳ этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва ўрганиш бўйича ишчи комиссия ташкил этилиши режалаштирилмоқда.
Ишчи комиссия:
► алоҳида тоифадаги фуқароларнинг пенсияларига қўшимча ҳақлар ва асоссиз устамалар, самарасиз имтиёзлар бўйича таклифлар киритиши;
► пенсия ва ижтимоий нафақаларни ҳисоблашнинг соддалаштирилган тартибини жорий қилиш бўйича таклифлар киритиши;
► янги таҳрирдаги «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилишини таъминлаши;
► пенсия ва ижтимоий нафақаларни тайинлаш ва тўлашда илғор ахборот технологияларини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиши зарур.
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси:
► АТ Халқ банки билан биргаликда 2018 йилнинг охирига қадар пенсия ва ижтимоий нафақаларни етказиб беришда инновацион интерактив хизматларни жорий қилиши, шу жумладан пенсия ва нафақа олувчиларнинг аутентификациясини таъминловчи мобил ва контактсиз технологияларни жорий этиши;
► Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2019 йилнинг 1 июлига қадар сервер ускуналарини харид қилиш ҳамда пенсия ва ижтимоий нафақаларнинг автоматлаштирилган ҳисобини юритиш, уларни тайинлаш ва тўлаш бўйича дастурий комплекснинг янги версиясини жорий этиш чораларини кўриши назарда тутилган.
Пенсия – суғурта бадалларисиз
ҚҲТБТ порталида «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунга пенсияларни ҳисоблаб чиқаришга оид тузатишлар лойиҳаси жойлаштирилган.
2019 йил 1 январдан кейин меҳнат фаолияти учун пенсияни ҳисоблаб чиқаришда суғурта бадаллари ҳисобланиши инобатга олинмайди. Бу Президентнинг 29.06.2018 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги ПФ–5468-сон Фармони қабул қилиниши билан боғлиқ. Ҳужжатга мувофиқ, 2019 йилдан бошлаб фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган суғурта бадаллари бекор қилинади. Тегишинча, ходимга иш ҳақи ҳисобланган бўлса, ҳар қандай иш (1.01.2019 йилдан кейин амалга ошириладиган) иш стажига қўшиб ҳисобланади.
Бунда ходим 1.01.2019 йилдан кейин амалга оширадиган меҳнат фаолияти учун пенсияни ҳисоблаб чиқаришда суғурта бадаллари асос қилиб олинмаслигини яна бир бор қайд этиб ўтамиз. 2018 йил охиригача ишланган давр учун пенсияни ҳисоблашда, аввалгидек, ходимнинг суғурта бадаллари ҳисобланган даромадлари олинади.
Маълумот учун. Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун, ишдаги мавжуд танаффуслардан қатъи назар, охирги 10 йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет 5 йилдаги (пенсия сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) иш ҳақи олинади.
Эслатиб ўтамиз, пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун иш ҳақига Солиқ кодексининг 172-моддасида кўрсатилган, суғурта бадаллари ҳисобланадиган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги барча даромадлар киритилади. Булар:
► ҳақиқатда бажарилган иш учун ҳисобланган иш ҳақи;
► илмий даража ва фахрий унвон учун қўшимча тўловлар;
► рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар (йиллик иш якунлари бўйича мукофот, таътилга қўшимча ҳақлар ва ҳ.к.);
► компенсация тўловлари (оғир, зарарли, ўта зарарли меҳнат шароитларида ишлаганлик учун устамалар; бир неча касбда, лавозимда ишлаганлик учун устамалар ва ҳ.к.);
► ишланмаган вақт учун ҳақ тўлаш (йиллик асосий ва қўшимча таътилларга ҳақ тўлаш ва ҳ.к.);
► предмети ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш бўлган фуқаролик-ҳуқуқий тусда тузилган шартномаларга мувофиқ жисмоний шахсларга тўловлар;
► юридик шахснинг бошқарув органи (кузатув кенгаши ёки бошқа шунга ўхшаш органи) аъзоларига юридик шахснинг ўзи томонидан амалга ошириладиган тўловлар;
Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликларининг, ДХХнинг ҳарбий хизматчиларига, ИИОнинг оддий аскарлар, сержантлар ва офицерлар таркибига ҳамда ДБҚнинг ходимларига хизматни ўташи (хизмат мажбуриятларини бажариши) муносабати билан тўланадиган пул таъминоти, пул мукофотлари ва бошқа тўловлар.
Барча ишловчи пенсионерларга – тўлиқ пенсия
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси шундай таклиф киритиб, Президентнинг «Фуқароларнинг пенсия таъминоти самарадорлиги ва ижтимоий адолатлилигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони лойиҳасини ҚҲТБТ порталида жойлаштирди.
Жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб барча ишловчи пенсионерларга тўлиқ миқдорда пенсия тўлашни белгилаш таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, 2019 йилнинг 1 январидан пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган иш ҳақининг энг юқори миқдорини ЭКИҲнинг 8 бараваридан 10 бараваригача ошириш режалаштирилмоқда.
Шунингдек келгуси йил бошлангунига қадар пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган иш ҳақининг энг юқори миқдори ошганлигини ҳисобга олган ҳолда, пенсиялар миқдорини қайта ҳисоблаш кутилмоқда.
Жорий йилда ишловчи пенсионерларга пенсия тўлашга пул маблағлари биринчи ярим йиллик якунлари бўйича прогноздан ортиқча тушумлар ҳисобидан ажратилади. Келгуси йилдан бошлаб ушбу мақсадларга тегишли маблағлар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг 2019 йилги даромадлар ва харажатлар параметрлари шакллантирилаётганда назарда тутилади.
Эслатиб ўтамиз, ишловчи пенсионерлар айни вақтда уларга тайинланган пенсиянинг 50%ини оладилар. Пенсияни 100% оладиган айрим тоифагилар бундан мустасно.
Лойиҳалар ўзгартирилиши, уларга қўшимчалар киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Жаҳонгир Тўрахонов, Ленара Хикматова, «Norma» МЧЖ экспертлари.
Экспертга савол
Фарзандли бўлганингизда
Болани парваришлаш таътилида, содда қилиб айтганда декретда бўлган пайтда... пенсия ҳақида ҳеч ким ўйлаб кўрмайди. Бир неча ўн йил ўтгач, саволлар юзага келади. «Норма маслаҳатчи»га мурожаатлар сабабли экспертимиз декрет таътили ҳақида тушунтириш берди.
– 90-йилларда раҳбарияти ҳужжатларни архивга топширмаган ташкилотда ишлаганман. Бироқ меҳнат дафтарчасида ёзувлар қайд этилган. Шу ташкилотда ишлаётганимда болани парваришлаш таътилига чиққанман.
Архивда ҳужжатлар йўқлигини инобатга олиб, декрет таътилида бўлганлигим далилини тиббий архив берган маълумотнома ва бола туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома билан тасдиқлай оламанми? Бу ҳолда декрет таътилида бўлган даврим стажга қўшиб ҳисобланадими?
– Ҳа, албатта, бола туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳномадан фойдаланишингиз мумкин. Маълумки, болани парваришлаш таътилида бўлиш вақти болани парваришлаш таътили берилиши ва ундан қайтиш тўғрисидаги маълумотномалар ёки буйруқлар мавжуд бўлмаганда, шунингдек буйруқларда зарур ёзувлар бўлмаганда ёки болани парваришлаш таътилида бўлганлик даврлари тўғрисида нотўғри ва ноаниқ ёзувлар бўлганда, ушбу давр учун ойлик иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома болани парваришлаш таътилида бўлганлик даврининг тасдиғи сифатида қабул қилинади.
Архив томонидан тасдиқланган юқорида кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда, болани парваришлаш таътилида бўлиш даври қуйидаги даврларни ташкил этади:
► 1 йил – 1971 йил 1 январдан 1983 йил 1 ноябргача туғилган бола учун;
► 1,5 йил – 1983 йил 1 ноябрдан 1990 йил 1 июлгача туғилган бола учун;
► 3 йил – 1990 йил 1 июлдан кейин туғилган бола учун.
Кўрсатиб ўтилган ҳолларда болани парваришлаш таътили бошланган сана сифатида ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаган сана қабул қилинади (252-сон Низомнинг 66-банди).
бола 3 ёшга тўлгунча болани парваришлаш таътилларида бўлиш вақти, лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан 3 йил иш стажига қўшиб ҳисобланишини ёдда тутиш зарур (Қонуннинг 37-моддаси 1-қисми «ж» банди).
– Қандай сабабларга кўра декрет таътилида бўлган давр стажга қўшиб ҳисобланмаслиги мумкин?
– Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида «декрет таътили» тушунчаси мавжуд эмас. Аёлларга ҳомиладорлиги сабабли 2 турдаги таътил: ҳомиладорлик ва туғиш таътили, шунингдек бола 2 ва 3 ёшга тўлгунга қадар уни парваришлаш учун таътил берилади (МКнинг 233, 234-моддалари).
Бунда фақат бола 3 ёшга тўлгунча уни парваришлаш таътилида бўлиш вақти, лекин, болалар сонидан қатъи назар, ҳаммасини жамлаганда кўпи билан 3 йил иш стажига қўшиб ҳисобланади. Ҳомиладорлик ва туғиш таътили иш стажига қўшиб ҳисобланмайди (МКнинг 234-моддаси; Қонуннинг 37-моддаси «ж» банди).
Болани парваришлаш таътилларида бўлиш вақти ҳам уни иш стажига киритишда ўз хусусиятларига эга бўлади.
Биринчидан, бола 3 ёшга тўлгунча уни парваришлаш таътилида бўлиш вақти, лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан 3 йил иш стажига қўшиб ҳисобланади.
1-МИСОЛ. Ишлаётган аёл 30 йиллик меҳнат стажига эга, шундан ҳаммасини жамлаганда 8 йил давомида учта болани парваришлаш таътилларида бўлган бўлса, унга пенсия тайинлаш учун иш стажини ҳисоблаб чиқаришда ҳаммасини жамлаганда 25 йил (30 – 8 + 3) ҳисобланади.
Иккинчидан, Қонуннинг 37-моддаси 1-қисми «а»–«г» бандларида кўрсатилган камида 7 йиллик умумий стаж мавжуд бўлганда болани парваришлаш таътилларида бўлган вақт (лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан 3 йил) иш стажига қўшиб ҳисобланади.
2-МИСОЛ. Аёлнинг иш стажи 6 йилу 11 ойни ташкил этади. Тегишинча, болани парваришлаш таътилида бўлиш вақти иш стажига қўшиб ҳисобланмайди.
Аёлнинг иш стажи 7 йилни ташкил этса, болани парваришлаш таътилида бўлиш вақти, мисол учун 2 йил иш стажига қўшиб ҳисобланади ва умумий иш стажи 9 йилни ташкил этади.
– 54 ёшда пенсияга чиққанда декрет таътилида бўлган давр стажга киритиладими?
– Қонуннинг 37-моддаси 1-қисми «а»–«г» бандларида назарда тутилган камида 20 йиллик иш стажи бўлган аёллар 54 ёшга тўлганда болани парваришлаш таътилида бўлган даврлар иш стажига киритилади (Қонуннинг 12-1-моддаси). 54 ёшда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берадиган зарур стажни (20 йил) ҳисоблаётганда болани парваришлаш таътилида бўлган вақт ҳисобга олинмаслигини алоҳида қайд этиб ўтмоқчиман.
3-МИСОЛ. Қонуннинг 37-моддаси 1-қисми «а»–«г» бандларида назарда тутилган аёлнинг иш стажи 19 йилу 11 ойни ташкил этади. 54 ёшда пенсияга чиқиши учун зарур 20 йиллик стаж етмаяпти. Бунда болани парваришлаш таътилида бўлган вақт иш стажига қўшиб ҳисобланмайди, сабаби 54 ёшда пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга эмас. Умумий белгиланган ёш – 55 ёшда пенсияга чиқаётганда у қўшиб ҳисобланади, сабаби 55 ёшда пенсияга чиқиш учун зарур энг кам иш стажи 7 йилни ташкил этади (Қонуннинг 8-моддаси).
Аёл 54 ёшга тўлганда 20 йиллик иш стажига эга бўлса, мисол учун, 2 йилни ташкил этган болани парваришлаш таътилида бўлган вақт иш стажига қўшиб ҳисобланади ва умумий иш стажи 22 йилни ташкил этади.
– Декрет тўловлари суммасидан ва бу даврда касаллик варақаси очилганда суғурта бадаллари тўланадими?
– Солиқ кодексининг 172-моддасида кўрсатилган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар суғурта бадаллари солиш объекти ҳисобланади (Солиқ кодексининг 306-моддаси).
Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси, шунингдек вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари бундай тўловлар сирасига кирмайди (Солиқ кодексининг 178-моддаси) ва, тегишинча, уларга суғурта бадаллари солинмайди.
Зафаржон Хўжаев, «Norma» МЧЖ эксперти.
Янгиликлар
Пенсия ва нафақаларни олувчилар учун интерактив хизматлар йўлга қўйилди
ЯИДХПда «Фуқаронинг пенсия ва нафақа олувчилар рўйхатида мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома олиш» ва «Фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа пулини олиш» хизматлари тақдим этила бошланди.
«Фуқаронинг пенсия ва нафақа олувчилар рўйхатида мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома олиш» хизмати ёрдамида тегишли ҳужжатни олиш учун ариза расмийлаштирилади.
«Фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа пулини олиш» хизматидан фойдаланиб, тегишли нафақани олишга аризани топшириш мумкин.
my.gov.uz.
Маълумот учун!
Бола туғилганда бир йўла тўланадиган нафақа ЭКИҲнинг 2 баравари миқдорида берилади. Иш ҳақига туман коэффициентлари белгиланган жойларда нафақа миқдори ушбу коэффициентни ҳисобга олган ҳолда белгиланади. Ишламайдиган ва таълим олмаётган ота-оналарга нафақа бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан, бошқаларга – иш ёки ўқиш жойида тайинланади ва тўланади.
Иккала хизмат бепул кўрсатилади.
Мавзувий сонни Алла Ромашко олиб боради.