ФКнинг 819, 837-моддалари маъносидан келиб чиқишича, воситачилик савдосида товарларнинг нархларини ўзгартириш: ошириш ёки камайтириш мумкин.
Воситачилик савдосида товарлар шартномавий нархга мувофиқ келмайдиган нархда сотилганда ҳужжатларни қандай расмийлаштириш керак?
– Воситачи комитентнинг кўрсатмаларидан айрим ҳолларда четга чиқишга ҳақли (ФКнинг 837-моддаси).
Агар воситачи комитентнинг манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилаётганда ундан бу ҳақда олдиндан сўрай олмаган ёхуд ўз сўровига оқилона муддатда жавоб олмаган бўлса, бундай қилишга ҳақли. Воситачи хабар бериш имкони туғилиши биланоқ йўл қўйилган четга чиқишлар ҳақида комитентга хабар бериши шарт (ФКнинг 819-моддаси). Комитентга хат йўллаб, хатни қабул қилганлиги тасдиғини олиб хабар берганингиз маъқул.
Бундай вазиятларга кам тўқнаш келиш учун уларни шартномада назарда тутинг.
Тез бузиладиган товарлар ёки яроқлилик муддати чекланган товарлар сотилаётганда бу айниқса муҳим.
Шартномада қуйидагиларни белгилаш мумкин:
► воситачи ундан арзон (қиммат) сотишга ҳақли бўлмаган товарнинг энг кам (энг юқори) нархини;
► воситачи ўзгартиришга ҳақли бўлмаган товарнинг қатъий белгиланган нархини;
► воситачига шартномада белгиланган чегарада ундан бош тортиш ҳуқуқини берган ҳолда товарнинг қатъий белгиланган нархини. Энг юқори ва энг қуйи чегаралар реализация қилиш нархига фоиз нисбатида (масалан, 20%дан кўп эмас) ёхуд қонунчиликка зид келмайдиган бошқа усулда белгиланиши мумкин;
► воситачи оварнинг пировард нархини мустақил равишда белгилашга ҳақли эканлигини кўрсатган ҳолда, комитентга берилиши лозим бўлган товарни реализация қилишдан тушган суммани. Бунда комитентга тегишли суммадан ортган қисми воситачининг ҳақи ҳисобланади.
Товарни келишилган нархдан фарқ қилувчи нархда сотиш зарурати юзага келганда воситачилик шартномасига товарни сотишнинг янги шартлари кўрсатилган қўшимча битим расмийлаштирилади («Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонуннинг 15-моддаси).
Воситачи комитент билан келишмай туриб товарни шартномавий нархдан арзон сотса, комитентга:
► янада арзон нархда сотиш натижасида яна ҳам кўпроқ зарарнинг олди олинганлигини. Яроқлилик муддатлари кесимида товарни сотиш динамикаси ҳақидаги ҳисобот билан буни исботлаш мумкин;
► шартнома шартларидан четга чиқишга комитентнинг розилигини олдиндан олиш имкониятига эга бўлмаганлигини исбот қилиши шарт. Бу ҳолда товар нархини ўзгартириш комитент билан олдиндан келишилмаганлиги сабаблари тушунтирилган хат расмийлаштирилади.
Акс ҳолда воситачи комитентга фарқни қоплаб беришига тўғри келади.
Товар шартномада кўрсатилганидан ҳам фойдалироқ шартлар асосида сотилган бўлса, қўшимча фойда (ФКнинг 834-моддаси):
► тарафлар ўртасида фоиз нисбатида тақсимланади (50 га 50, 60 га 40 ва ҳ.к.). Бунда қайси улуш комитентга, қайсиниси воситачига тегишли эканлигини кўрсатиш лозим;
► воситачининг мулкида қолади;
► комитентга тўлиқ ҳажмда топширилади.
Қўшимча фойдани тақсимлаш тартиби ҳам шартномада белгиланган бўлиши керак.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.