9 та кичик дўконимиз бор, озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қиламиз. Харидорларга қулайлик яратиш мақсадида шифокор рецептисиз бериладиган айрим дори воситаларини сотмоқчимиз. Масалан, гематоген, тримол, йўталга қарши, мукалтин, доктор МОМ ва ҳ.к. Дори воситаларини сотиш учун лицензияга эга эмасмиз.
Озиқ-овқат маҳсулотлари дўконида шифокор рецептисиз бериладиган дори воситаларини сотиш мумкинми?
– Йўқ, озиқ-овқат маҳсулотлари дўконида дори воситаларини сотиш мумкин эмас.
Дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш фақат дорихоналар ҳамда уларнинг филиаллари томонидан амалга оширилади. Шифокор рецептисиз бериладиган дори воситалари ҳам ушбу дори воситаларига киради («Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 20-моддаси). Дори воситалари ва тиббий буюмларни дорихоналардан ташқарида сотиш тақиқланади (Низомнинг 10-банди, ВМнинг 6.04.2017 йилдаги 185-сон қарорига 2-илова).
Сабоҳат Султонова, «Norma» МЧЖ эксперти.