Ягона муассисга эга тўлиқ ширкат муассис томонидан қўшимча қўшилган мол-мулк (материаллар) ҳисобига устав фондини кўпайтирмоқчи. Қандай ҳужжатлар керак бўлади?
– Ягона иштирокчига (муассисга) эга бўлган тўлиқ ширкат, агар унинг ягона иштирокчиси ширкатнинг ягона иштирокчисига айланган пайтдан эътиборан 6 ой ичида ширкатга янги иштирокчиларни қабул қилмаган ва (ёки) ширкат фаолиятини молиялаштириш тўғрисида ҳисса қўшувчилар билан шартномаларни имзолаб, коммандит ширкат тузмаган бўлса, қайта тузилиши ёки тугатилиши лозим («Хўжалик ширкатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 27-моддаси 2-қисми).
Ширкат иштирокчилари (муассислари) томонидан қўшимча ҳиссалар қўшиш ҳисобига ширкатнинг устав фондини (капиталини) кўпайтириш учун қуйидагиларни амалга ошириш (Қонуннинг 13-моддаси):
► иштирокчиларнинг умумий йиғилишида қарор қабул қилиш, унда қуйидагилар белгиланиши керак:
қўшимча ҳиссаларнинг умумий қиймати;
ширкат ҳар бир иштирокчисининг қўшимча ҳиссаси қийматининг миқдори;
иштирокчилар томонидан қўшимча ҳиссаларни қўшиш муддати;
► ширкатнинг устав фондини кўпайтириш тўғрисида қарор қабул қилиш билан бир вақтда ширкатнинг устав фонди миқдори кўпайтирилиши муносабати билан таъсис шартномасига ўзгартишлар киритиш тўғрисида қарор қабул қилиш;
► иштирокчилар томонидан қўшимча ҳиссаларни қўшишнинг муддати тугаган кундан эътиборан 1 ойдан кечиктирмай:
ширкат иштирокчиларининг қўшимча ҳиссаларини қўшиш якунларини тасдиқлаш ҳақида;
ширкат устав фонди миқдорини кўпайтириш билан боғлиқ ўзгартишларни таъсис шартномасига киритиш тўғрисида ширкат иштирокчиларининг умумий йиғилиши томонидан бир овоздан қарор қабул қилиш;
► таъсис шартномасига киритилган ўзгартишлар ширкат иштирокчиларининг умумий йиғилишида тасдиқланган кундан эътиборан 1 ойдан кечиктирмай Давлат хизматлари марказига:
ўзгартишлар киритилган таъсис шартномасини (янги таҳрирдаги);
ширкат иштирокчилари томонидан қўшимча ҳиссалар тўлиқ миқдорда қўшилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни (сизнинг ҳолатда ширкат устав фондига мол-мулкни қабул қилиш-топшириш далолатномасини);
давлат божининг белгиланган миқдори тўланганлиги тўғрисидаги тўлов ҳужжатини тақдим этиш зарур.
Азим Ажибеков, «Norma» МЧЖ эксперти.