Тез бузиладиган маҳсулотларнинг (1 т) яроқлилик муддати ўтди.
Муддати ўтган озиқ-овқат маҳсулотларидан қандай қутулиш мумкин?
– Яроқлилик муддати ўтган озиқ-овқат маҳсулоти белгиланган мақсадда ишлатилмаслиги ҳамда қайта ишланиши ёки йўқ қилиб ташланиши керак.
Озиқ-овқат маҳсулотини қайта ишлаш ёки йўқ қилиб ташлаш усуллари ва шартлари унинг эгаси томонидан тегишли давлат назорати органлари билан келишиб олинади («Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонуннинг 17-моддаси 1, 2-қисмлари).
Қонун ҳужжатларида озиқ-овқат маҳсулотини қайта ишлаш ёки йўқ қилиб ташлашнинг махсус тартиби белгиланмаган.
Корхона раҳбар буйруғи билан яроқлилик муддати ўтган маҳсулотларни қайта ишлаш ёки йўқ қилиб ташлаш бўйича комиссия тузиши зарур.
Комиссия маҳсулотлар рўйхатини ва келгусида фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келиш сабабини белгилайди.
Истеъмол хусусиятларини йўқотган маҳсулот чиқинди эканлиги сабабли уни йўқ қилиб ташлаш ёки қайта ишлаш усули ҳақида хулоса олиш лозим. Бунинг учун корхона ваколатли давлат нозорати органи – Экология давлат қўмитасига хат билан мурожаат қилиши керак («Чиқиндилар тўғрисида»ги Қонуннинг 2, 6-моддалари).
Бузилган маҳсулот атроф табиий муҳит ҳолатига ва фуқаролар соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги боис давлат экологик экспертизасидан ўтказилади («Экологик экспертиза тўғрисида»ги Қонуннинг 11-моддаси).
Экология давлат қўмитасининг ваколатли ходимлари экологик экспертиза ўтказгандан кейин хулоса берадилар, унда чиқиндиларни йўқ қилиб ташлаш усули ва жойини белгилайдилар ёки келгусида қайта ишлаш учун маҳсулотни шартномавий асосда қабул қиладиган ташкилотларга мурожаат қилишни тавсия этадилар.
Озиқ-овқат маҳсулоти ҳайвонларга ем сифатида ишлатилгунича ёки йўқ қилиб ташлангунича алоҳида жойда (резервуарда), алоҳида ҳисобда, миқдорини, ишлатиш (қайта ишлаш) ёки йўқ қилиб ташлаш усуллари ва шартлари аниқ кўрсатилган ҳолда сақланиши керак. Бундай маҳсулотнинг бут сақланиши учун унинг эгаси жавобгар бўлади («Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонуннинг 17-моддаси 4-қисми).
Маълумот учун: атроф-муҳитни ифлослантирувчи моддаларнинг ташламалари, оқавалари ва чиқиндилар пайдо бўлиши билан боғлиқ бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ёки хизматлар кўрсатишни амалга оширувчи ташкилотлар экологик нормативларни ишлаб чиқишлари ва келишишлари шарт, улардан бири чиқиндиларнинг пайдо бўлиши ва жойлаштирилишининг нормативлари ҳисобланади (ВМнинг 21.01.2014 йилдаги 14-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 1, 30-бандлари).
Александр Лобанов, «Norma» МЧЖ эксперти.