Корхонага оид маълумотлар ўзгаргани ҳақида солиқ органларини хабардор қилиш керакми?
– Ҳа, керак.
Барча хўжалик юритувчи субъектлар идентификация рақами берилган ҳолда Солиқ тўловчиларнинг ягона реестрида рўйхатдан ўтказилади.
Корхона маълумотлари ўзгарганда 10 кун муддатда Солиқ тўловчи – юридик шахснинг рўйхат маълумотларидаги ўзгаришлар варақасини (АВ томонидан 10.07.2014 йилда 2600-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомга 8-илова) тўлдириш зарур.
Қуйидагилар ўзгарганда шундай қилиш керак:
► корхона номи;
► манзили;
► мулкчилик шакли;
► ташкилий-ҳуқуқий шакли;
► асосий фаолият тури.
Қуйидагилар ўзгарганда:
► раҳбар;
► бош бухгалтер;
► устав фонди;
► асосий ҳисоб-китоб счёти ёки қўшимча счётлар очилганда – 10 кун муддатда Солиқ тўловчи – юридик шахс тўғрисида қўшимча маълумотлар варақаси (2600-сон Низомга 9-илова) тўлдирилади.
Почта манзили, банк реквизитлари ўзгарганлиги тўғрисидаги ёки корхона қайта рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги маълумотларни 10 кунлик муддат ичида тақдим этмаганлик ёхуд ёлғон маълумотларни тақдим этганлик учун унинг мансабдор шахсларига ЭКИҲнинг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солинади (МЖТКнинг 176-2-моддаси).
Бундай ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган корхонанинг мансабдор шахслари у аниқланган пайтдан эътиборан 30 кунлик муддатда йўл қўйилган бузилишларни ихтиёрий равишда бартараф этган бўлса, жарима солинмайди (МЖТКнинг 271-моддаси 11-банди).
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.