Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2018 год / № 37-38 / Сизнинг ҳуқуқларингиз

Муассислардан бири вафот этди: улуш кимга тегади?

 

МЧЖ улгуржи савдо билан шуғулланади. 2 нафар муассис бор: бирининг УФдаги улуши – 80%, бошқасиники – 20%. УФ тўлиқ шакллантирилган.

Улардан биринчиси бир вақтнинг ўзида директор эди, у вафот этди.

Мерос расмийлаштирилмаган ва улуш меросхўрга ўтмаган бўлса, муассисларнинг умумий йиғилиши қарорларини қандай қабул қилиш мумкин (марҳумнинг ўғли унинг улушини ўзига олиб, бизнесни давом эттирмоқчи)?

УФдаги 80 фоизлик улуш эгаси вафот этган бўлса, янги директорни қандай тайинлаш мумкин?

 

Корхона келгусида фаолият юритиши учун мол-мулк меросхўри вафот этган иштирокчининг улуши бошқарувчисини тайинлаш мақсадида нотариал идорага мурожаат қилиши зарур. Ўз навбатида улушни бошқарувчи шахс умумий йиғилишда иштирокчи сифатида чиқиши ва қарорлар, шу жумладан жамият директорини тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

Жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушлар жисмоний шахсларнинг меросхўрларига ва жамиятнинг иштирокчилари бўлган юридик шахсларнинг ҳуқуқий ворисларига ўтади («Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг 20-моддаси 12-қисми).

Меросхўр ўзига тегиши лозим бўлган меросни ёки унинг бир қисмини (улушини) олиш ҳуқуқига, агар у кейинчалик:

► меросдан воз кечмаса;

► ворислик ҳуқуқидан маҳрум этилмаса;

► уни меросхўр этиб тайинлаш тўғрисидаги васият фармойиши ҳақиқий эмас деб топилиши натижасида мерос олиш ҳуқуқини йўқотмаса, мерос очилган вақтдан эътиборан эга бўлади (ФКнинг 1145-моддаси).

Мерос очилган жойдаги нотариус меросхўрнинг илтимосига кўра унга меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома бериши шарт.

Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома мерос очилган кундан эътиборан 6 ой ўтганидан кейин берилади (ФКнинг 1146-моддаси).

Жамиятнинг вафот этган иштирокчисининг меросхўри томонидан мерос қабул қилингунга қадар унинг ҳуқуқлари васиятномада кўрсатилган шахс томонидан, бундай шахс бўлмаган тақдирда эса нотариус тайинлаган бошқарувчи томонидан амалга оширилади (Қонуннинг 20-моддаси 15-қисми).

Мерос таркибида бошқаришни талаб қиладиган мол-мулк мавжуд бўлса, нотариус мол-мулк бошқарувчисини тайинлайди ва бу ҳақда қарор чиқаради.

Нотариус Фуқаролик кодексига кўра мол-мулкни ишончли бошқариш муассиси сифатида иштирок этиб, ишончли бошқарувчи билан мол-мулкни ишончли бошқариш шартномасини тузади (АВ томонидан 30.03.2010 йилда ­2090-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг ­226-банди).

Жамиятнинг уставида улушнинг меросхўрларга ўтиши ва тақсимланишига фақат жамият қолган иштирокчиларининг розилиги билан йўл қўйилиши назарда тутилиши мумкин (Қонуннинг 20-моддаси 14-қисми).

Жамиятнинг иштирокчилари улушнинг меросхўрларга ўтиши ёки тақсимланишига розилик беришни рад этсалар, агар жамиятнинг уставига мувофиқ бундай розилик олиниши зарур бўлса, улуш жамиятга ўтади. Бунда жамият:

► вафот этган жамият иштирокчисининг меросхўрларига улушнинг ҳақиқий қийматини тўлаши;

► ёхуд уларнинг розилиги билан уларга худди шундай қийматдаги мол-мулкни асли ҳолида бериши шарт (Қонуннинг 22-моддаси 6-қисми).

Улушнинг ҳақиқий қиймати муассиснинг вафот қилиш кунидан олдинги охирги ҳисобот даври учун жамиятнинг бухгалтерия ҳисоботлари маълумотлари асосида аниқланади.

 

Александр Лобанов,

«Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 187 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика