Корхонамизда ишлайдиган ходимнинг иш ҳақидан суд буйруғи асосида алимент ушлаб қолинади. Ходим алиментни мустақил равишда тўлаш истагини билдирди. Ушбу қарорини фарзандларининг онаси билан келишиб олган.
Алимент тўлаш шартларини ўзгартириш учун корхонада қандай ҳужжатларни расмийлаштириш керак?
– Аввалига суд буйруғини бекор қилиш зарур.
Саволдан маълум бўлишича, айни пайтда ходим фарзандларини боқиш учун алиментни суд буйруғи асосида тўламоқда. Суднинг қонуний кучга кирган ҳужжатлари барча давлат органлари ва бошқа органлар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда мамлакатимизнинг бутун ҳудудида ижро этилиши лозим. Суд ҳужжатини бажармаслик фуқароларга – ЭКИҲнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда, мансабдор шахсларга эса ЭКИҲнинг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима тарзидаги жавобгарликка сабаб бўлади (ФПКнинг 16-моддаси; МЖТКнинг 198-2-моддаси).
Бинобарин, суд буйруғи бекор қилинмагунча уни ижро этишингиз (яъни алимент суммасини ушлаб қолишингиз) шарт.
Алимент ундириш тўғрисидаги суд буйруғини бекор қилиш учун ундирувчи (болаларнинг онаси) уни чиқарган фуқаролик ишлари бўйича судга тегишли ариза билан мурожаат қилиши лозим (ФПКнинг 181-моддаси 2-қисми). Суд аризани кўриб чиқиш якунлари бўйича суд буйруғини бекор қилиш тўғрисида ажрим чиқаради.
Ходим иш берувчига ушбу суд ажримини тақдим этиши шарт. Унинг асосида корхона бухгалтерияси ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолишни тўхтатади. Суд ажрими, агар қонунда ёки суд томонидан бошқа муддат белгиланган бўлмаса, дарҳол ижро этилади (ФПКнинг 274-моддаси).
Ота-она болаларни боқиш учун ихтиёрий равишда алимент тўлаш мақсадида алимент тўлаш тўғрисида ўзаро келишув тузиши мумкин. Келишув ёзма шаклда тузилиб, нотариал тартибда тасдиқланиши лозим (ОКнинг 131-моддаси). Бундай келишув, суд қарори сингари, ижро ҳужжати кучига эга бўлади («Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг 7-моддаси 5-банди).
Сабоҳат Султонова,
«Norma» МЧЖ эксперти.