Ёппасига хусусийлаштириш даврида 2 хонали квартира хусусийлаштирилган, унда тўрт кишидан иборат оила (эр – I гуруҳ ногирони, хотини ва иккита вояга етмаган фарзанди) прописка қилинган эди. Айни пайтда бу квартирада ҳеч ким яшамайди, унда истиқомат қилганлар бошқа манзилда прописка қилинган.
Ушбу (илгари хусусийлаштирилган) квартирани бошқаларга ўтказиш учун қандай ҳужжатларни қаерга тақдим этиш лозим?
– Хусусийлаштирилган квартира мулкдори ёки унинг ишончли вакили уни бошқаларга ўтказиш битимини амалга оширишга ҳақли. Булар олди-сотди, айирбошлаш ёки ҳадя шартномалари бўлиши мумкин. Мулкдор ушбу шартномаларнинг қайси бирини тузмоқчи эканлигидан қатъи назар, у нотариал тасдиқланган бўлиши керак (ФКнинг 488, 497, 504-моддалари).
Шартномани нотариал тасдиқлаш учун нотариусга қуйидагиларни тақдим этиш зарур:
► паспорт ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат;
► хусусийлаштирилган квартирага мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат далолатномаси ёхуд маҳаллий давлат ҳокимияти органининг қарори – квартиранинг кадастр ҳужжатлари йиғмажилди;
► квартиранинг хусусийлаштирилишига розилик берган шахсларнинг нотариал тартибда тасдиқланган ёзма розилиги (агар хусусийлаштириш «Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонун қабул қилингунига қадар амалга оширилган бўлса, бундай розилик талаб этилмайди);
► ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг тегишли туман (шаҳар)даги филиалининг маълумотномаси;
► Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳудудий органларидан (Тошкент шаҳрида – «Тошкент шаҳрида уй-жойга давлат ордерлари ва маълумотлар бериш маркази» ДУКдан) олинган квартирани хусусийлаштиришга розилик берган шахслар тўғрисида маълумотнома;
► квартирада доимий прописка қилинган шахслар ҳақида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки ХУМШ томонидан берилган маълумотнома ёки уй дафтари (нусхаси);
► агар мазкур квартира никоҳ давомида орттирилган бўлса – эри (хотини)нинг нотариус томонидан шаҳодатлантирилган розилиги;
► хусусийлаштирилган квартирани олувчи тараф бўлиб хорижий фуқаролар ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар бўлганда, яшаш гувоҳномаси (АВ томонидан 30.03.2010 йилда 2090-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 80-банди).
Эътибор беринг!
Олди-сотди, айирбошлаш ва ҳадя қилиш битимлари амалга оширилгандан сўнг, шунингдек мулк ҳуқуқи меросхўрлик тартибида ўтгандан сўнг, бошқаларга бериш ёки мерос қилиб қолдириш вақтидан қатъи назар, уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми хусусийлаштирилган уй-жой мақомини йўқотади (Йўриқноманинг 81-банди).
Сабоҳат Султонова,
«Norma» МЧЖ эксперти.