Norma.uz

Уй-жой бузилаётганда зиён кўрмаслик учун

 

Бугунги кунда бутун Ўзбекистон бўйлаб йўллар кенгайтирилмоқда, янги бино ва иншоотлар қад кўтармоқда ва шу билан бирга эски уй-жойлар бузилмоқда. Бундай вазиятда унинг эгалари нима қилишлари керак?

 

Ер участкаларини олиб қўйиш тартиби, шунингдек давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан бузиладиган кўчмас мулк учун тўлов миқдорини ҳисоблаш тартиби Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 29.05.2016 йилдаги 97-сон қарори билан тасдиқланган) билан белгиланган.

Бузиш ва ер участкасини олиб қўйиш учун тегишли туман (шаҳар) ҳокими фақат Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарорларига асосланади. Улар бош режаларга, шунингдек шаҳарлар ва посёлкаларнинг турар жой туманлари ва микротуманларини муфассал режалаштириш ва иморат қуриш лойиҳаларига мувофиқ қабул қилинади.

Ер участкаси ёки унинг бир қисмини давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш фақат ер эгасининг розилиги билан ва унинг иштирокида ёки ердан фойдаланувчи ва ижарага олувчи билан келишув бўйича амалга оширилади.

Бундай ҳолларда ҳокимлик ЎзР ВМ, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг тегишли қарорлари нусхаларини билдиришномага илова қилган ҳолда, бузиш бошлангунгача 6 ойдан кечикмай, имзо қўйдириб уларни қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма равишда хабардор қилиши шарт. Ушбу талабларнинг бузилиши ҳокимнинг қарорини ҳақиқий эмас деб эътироф этиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Олиб қўйилаётган ер участкалари корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга ажратиб берилган тақдирда ер эгаларига уй-жой қийматини тўлаш, уйлар (квартиралар) бериш ёки вақтинчалик турар жой бериш, шунингдек оилаларининг янги жойга кўчиш билан боғлиқ барча харажатларини қоплаш тегишли туман (шаҳар) ҳокими қарорига кўра айни ушбу корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан амалга оширилади.

Ер участкаларини олиб қўйиш мулкдорнинг танловига кўра компенсациянинг қуйидаги турлари берилиши шарти билан амалга оширилади (Низомнинг 8-банди):

1) фуқароларга уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан кам бўлмаган бошқа тенг қийматли обод турар жойни мулк қилиб бериш ва дов-дарахтлар қийматини тўлаш;

2) бузилаётган уйлар, бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтлар қийматини фуқароларга тўлаш;

3) ер участкасини ўзлаштириш даврига 2 йилгача муддат билан ижара шартномаси асосида вақтинча уй-жой берилиб, бузилаётган уйлар (квартиралар), иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтларнинг қиймати тўлиқ тўланган ҳолда фуқароларга якка тартибда уй-жой қуриш учун белгиланган норма доирасида ер участкаси бериш;

4) юридик шахсларга аввалгисига тенг қийматли мол-мулк бериш ва давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаси олиб қўйилиши оқибатида етказилган бошқа зарарларни қоплаш;

5) ер участкаси давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши оқибатида етказилган зарарларни тўлалигича қоплаш;

6) фуқароларга ва юридик шахсларга тегишли бўлган бузилиши керак уйлар, иморатлар ва иншоотларни кўчириш ва янги жойда тиклаш;

7) янги жойда уйлар, иморатлар қуриш ҳамда уларни фуқаролар ва юридик шахсларга мулк қилиб бериш.

Компенсация олиш учун мулкдор бўлажак бузиш тўғрисида билдиришнома олингандан кейин бир ой муддатда танланган компенсация турини кўрсатган ҳолда тегишли туман (шаҳар) ҳокимлигига ариза бериши керак.

Бузиладиган уйлар (квартиралар), иморатлар, иншоотлар учун тўлов миқдори масаласини кўриб чиқиш учун ҳокимликлар туман (шаҳар) ҳокимининг ўринбосари бошчилигида тўлов миқдорини ва компенсация турини белгилаш бўйича комиссиялар ташкил қиладилар. Ер участкаси олиб қўйилаётган ер эгаси (ердан фойдаланувчи, ижарачи) ҳам комиссия таркибига киради (Низомнинг ­9-банди).

Аввало олиб қўйилаётган ер участкасидаги кўчмас мулк қийматини аниқлаб олиш зарур. Уйлар (квартиралар), иморатлар ва иншоотларни, шунингдек олиб қўйилаётган ер участкаларидаги кўп йиллик дов-дарахтларни баҳолаш баҳоловчи ташкилотлар томонидан ариза берувчининг маблағлари ҳисобига амалга оширилади. Баҳолаш натижалари комиссияга берилади.

Кўчмас мулк фақат томонларнинг келишуви бўйича ва компенсация тўлангандан кейин бузилиши мумкин.

Шу тариқа, ер участкаси олиб қўйилаётган ва кўчмас мулкингиз бузилаётганда қуйидаги хатти-ҳаракатларни амалга оширишингиз лозим:

 ер участкаси олиб қўйилиши тўғрисида билдиришнома олгандан кейин бир ой муддатда танланган компенсация турини кўрсатган ҳолда ҳокимликка ариза топширинг;

 тўлов миқдорини ва компенсация турини белгилаш бўйича комиссия тузилишини талаб қилинг;

 сизни комиссия таркибига киритишларига эришинг;

 бузиладиган кўчмас мулкни баҳолаш учун мустақил баҳоловчини жалб этинг.

Мансабдор шахслар юқоридаги талабларни бажармаган тақдирда поймол этилган ҳуқуқларингизни ҳимоялаш мақсадида прокуратура органлари ёки судга мурожаат этишга ҳақли бўласиз.

 

Виктория Смирнова,

«Victory Yurconsalt» МЧЖ
бош директори.

 

Прочитано: 1819 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика