Norma.uz

Бартер қилинганмиди?

 

Ишнинг моҳияти

МЧЖ (сотувчи) ва ХК (харидор) 2016 йил мартда 10 млн сўмлик ноозиқ-овқат товарларининг олди-сотди шартномасини туздилар. Шартнома шартларига кўра харидор шартнома имзоланган кундан бошлаб 5 банк куни давомида сумманинг 100%ини олдиндан тўлаши керак эди, бу мажбуриятни у ўз вақтида бажарди. Сотувчи олдиндан ҳақ тўланган кундан бошлаб 20 календарь кун давомида товарни бериши керак эди.

2016 йил май ойининг бошида харидор сотувчига товарни олган кундан бошлаб 7 кундан кечиктирмай уни етказиб бериш талаб қилинган талабнома юборди. Сотувчи импорт қилувчи етказиб беришни кечиктирганлиги сабабли унда товар йўқлигини айтди. Сотувчи товар ўрнига харидорнинг автотранспорт воситаларини таъмирлаш хизматларини кўрсатишни таклиф қилди. Харидор бунга рози бўлди ва томонлар тегишли битимни имзолаган ҳолда воз кечиш кўринишида ушбу операцияни расмийлаштирдилар.

2016 йил июнь ойида харидор яна сотувчига талабнома билан мурожаат қилди. Бу гал у битимни бекор қилиш ва товарни етказиб беришни ёхуд тўланган 10 млн сўмни қайтаришни талаб қилди. Харидорнинг фикрича, умидсиз бартер битими содир этилган.

Сотувчи томонлар имзолаган воз кечиш битими бартер битими ҳисобланмаслигини айтиб, буни рад этди. Сотувчининг важ-далилларига қўшилмаган харидор 2016 йил июль ойида воз кечиш ҳақидаги битимни ҳақиқий эмас деб топиш ва 10 млн сўмлик суммадаги зарарларни қоплаш, давлат божи – 1 432 640 сўм* ва 7 200 сўм почта харажатларини қоплаш ҳақидаги даъво билан хўжалик судига мурожаат қилди.

 

Харидорнинг позицияси

– Биз тўлов борасида шартнома мажбуриятларимизни ўз вақтида ва тўлиқ бажардик. Бироқ сотувчи шу пайтгача ҳақи тўланган товарни бермади. Воз кечиш ҳақидаги битим бартер битими бўлиб, Президентнинг «Бюджет билан ҳисоб-китоблар учун хўжалик юритувчи субъектларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (9.08.1996 йилдаги ПФ-1504-сон) 4-бандига асосан ҳақиқий эмас деб топилиши лозим. Шу сабабли суддан воз кечиш ҳақидаги битимни ҳақиқий эмас деб топиш ва жавобгарга 10 млн сўм зарарни қоплаш, шунингдек ундан суд харажатларини ундириш мажбуриятини қўйишни сўраймиз.

 

Сотувчининг позицияси

– Ҳақиқатан ҳам, товар ҳақини ўз вақтида олдик. Бироқ импорт қилувчи етказиб беришни кечиктирганлиги сабабли уни харидорга бера олмадик ва бунинг ўрнига унинг автотранспорт воситаларини таъмирлашни таклиф этдик. Харидор ушбу хизматлар кўрсатилишига рози бўлди ва биз воз кечиш ҳақида битимни расмийлаштирдик. Бунда хизматлар лозим даражада кўрсатилган, бу ҳол кўрсатилган хизматлар далолатномаси ва ҳисобварақ-фактура билан тасдиқланади. Ушбу битим бартер битими ҳисобланмайди, сабаби тўлов олдиндан тўланган ва унинг моҳияти Фуқаролик кодексининг 342-моддасига кўра харидорга товарни бериш мажбурияти бекор қилинишидан иборат. Шу сабабли даъвони рад этишингизни сўраймиз.

 

Суднинг ҳал қилув қарори

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далиллари ва жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ва муҳокама қилиб, қонун ҳужжатлари қоидаларини таҳлил этиб, харидорнинг воз кечиш ҳақидаги битимни ҳақиқий эмас деб топиш ва 10 млн сўм зарарни қоплаш, 1 432 640 сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларини ундириш ҳақидаги даъво билан мурожаат қилишига сабаб бўлган юқоридаги далиллар тасдиғини топмади.

ФКнинг 236 ва 342-моддаларига асосланиб, биринчи инстанция суди даъво талабларини тўлиқ ҳажмда қондиришни рад этди.

Мазкур иш апелляция ва кассация инстанцияларида кўрилмади.


Юристнинг шарҳи

ФКнинг 236-моддасига мувофиқ, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса – иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.

Иш материалларидан шундай хулосага келиш мумкинки, томонлар олди-сотди битимини тузиш пайтида шартнома мажбуриятлари лозим даражада бажарилишидан – яъни тўлов тўланиши (шундай қилинган ҳам), товар эса берилишидан келиб чиққанлар. Томонлар аввал-бошдан мажбуриятларни бекор қилиш ниятида бўлмаганлар. Шартнома тузилганидан ва бир қатор мажбуриятлар, шу жумладан ҳақ тўлаш мажбурияти бажарилганидан кейин харидорнинг автотранспорт воситаларини таъмирлаш бўйича воз кечиш кўринишида хизматлар кўрсатиш зарурати юзага келган. Ўзбекистон Республикаси доирасида маҳсулот етказиб бериш тўғрисида бартер асосидаги шартномалар тузиш тақиқланган Президентнинг ПФ-1504-сон Фармони 4-банди томонлар аввал-бошдан ҳақ тўламасдан товарни ўзаро айирбошлашни (ишларни бажаришни, хизматлар кўрсатишни) ният қилганларида қўлланади. Бироқ иш ҳолатларидан келиб чиқиб бундай хулосага келиб бўлмайди. Воз кечиш ҳақида тузилган битим фақат томонлар ўртасидаги мажбуриятларни тугатишга қаратилган.

Юқоридагиларни ҳисобга олиб, суд даъво талабларини тўлиқ ҳажмда қондиришни рад этиш ҳақида тўғри қарор қабул қилган.

Аслида томонлар судгача тартибда қўшимча битим тузиб, товарни етказиб бериш муддатларини оширишлари мумкин эди. Шунингдек берилаётган товар ассортиментини ўзгартириш мумкин эди. Шунда харидор ишни кўриб чиқиш билан боғлиқ қўшимча харажат қилмаган бўлар эди.

 

Хулоса

Битимни бартер асосида амалга оширилган деб топиш учун унда товарлар ёки хизматлар тўғридан-тўғри пулсиз айирбошланиши зарур. Бошқача айтганда, унинг мазмуни томонларнинг ҳақ тўламаган ҳолда товарни (иш бажаришни, хизматлар кўрсатишни) ўзаро айирбошлаш нияти ҳақида аниқ ва тўғридан-тўғри гувоҳлик бериши шарт. Ёхуд энг кам тўлов тўланиши мумкин, бироқ у аслида бартер операциясини амалга ошириш ниятини яшириш мақсадида «киши кўзига» қилинади.

 

Павел Сильнов, адвокат.

 


*Хўжалик судига даъво қилишда давлат божи суммаси 1 ЭКИҲдан кам бўлиши мумкин эмаслиги боис, зарарларни қоплаш учун давлат божи – 130 240 сўм ундирилади. Битимни ҳақиқий эмас деб топиш учун эса – 10 ЭКИҲ (1 302 400 сўм) олинади. Ишда иккита талаб қўйилганлиги ҳисобга олинса, давлат божининг умумий суммаси 1 432 640 сўмни ташкил этади.

 

Прочитано: 1356 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика