Norma.uz

Ҳақиқий бўлмаган битимнинг оқибатлари

 

Ишнинг моҳияти

МЧЖ (буюртмачи) ва ХК (ижрочи) 2016 йил мартида 100 млн сўмлик шартнома тузишди. Шартномага кўра буюртмачи у имзоланган кундан бошлаб 5 банк куни мобайнида шағал тайёрлаш учун қайта ишлаш асосида хом ашё бериши ва ишга ҳақ тўлаши, ижрочи эса хом ашёни қайта ишлаши ва буюртмачига топшириши керак эди. Бинобарин шартномада ижрочи қайта ишлаган шағалнинг бир қисмини ўзида ишга ҳақ тўлаш ҳисобига қолдириши назарда тутилди. 2016 йил май ойида буюртмачини текшириш пайтида назорат қилувчи органлар текшириш далолатномасида қонунчилик талаблари, хусусан, Президентнинг 9.08.1996 йилдаги ПФ-1504-сон Фармонининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бартер асосида маҳсулот етказиб бериш контрактларини тузишни тақиқлайдиган 4-банди талаби бузилганлигини кўрсатдилар. Буюртмачи ижрочига қайта ишланган шағалнинг унда қолган 10 млн сўмлик қисмини қайтариш талаби билан мурожаат қилди. Ижрочи агар буюртмачи унинг иши учун 10 млн сўмни тўласагина товарни қайтариб беришга тайёрлигини билдирди.

Ижрочининг важ-далилларига қўшилмаган буюртмачи 2016 йил май ойи охирларида хўжалик судига шартномани ҳақиқий эмас деб топиш, ижрочининг 10 млн сўмлик шағал қисмини қайтариши, шунингдек давлат божи (1 432 640 сўм*) ва почта харажатларини (7 200 сўм) ундириш даъвоси билан мурожаат қилди.

Суд жараёнида ижрочи буюртмачидан 10 млн сўм бажарилган иш учун, 100 минг сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларини ундириш тўғрисида қарши даъво тақдим этди.

 

Буюртмачининг позицияси

– 2016 йил мартида биз ижрочи билан қайта ишлашга берилган хом ашё асосида 100 млн сўмлик шағал тайёрлашга шартнома туздик. Ижрочи бизга тайёрланган шағални берди ва ҳақ тўлаш ҳисобига 10 млн сўмлик тайёр шағал қисмини олиб қолди. 2016 йил май ойида молия-хўжалик фаолияти режали текширув пайтида назорат қилувчи органлар шартнома тузиш чоғида қонунчилик талаблари (Президентнинг ПФ-1504-сон Фармони 4-банди) бузилганлигини аниқладилар. Унинг қонунчиликка мувофиқ эмаслиги текширув далолатномасида кўрсатилган. Биз ижрочига қайта ишланган шағалнинг унда тўлов ҳисобига қолдирилган қисмини қайтариш талаби билан мурожаат қилдик, бироқ рад жавоби олдик. Шу сабабли биз суддан шартномани ҳақиқий эмас деб топишни ва жавобгарни 10 млн сўмлик шағал қисмини қайтаришга мажбур этишни, шунингдек ундан суд харажатларини ундиришни сўраймиз.

 

Ижрочининг позицияси

– Биз ўз шартнома мажбуриятларимизни бажардик, шағал тайёрлаб, уни буюртмачига етказиб бердик. 2016 йил май ойида буюртмачи бизга тўлов ҳисобига ушланган шағал қисмини қайтариш тўғрисида хат юборди. Биз рози бўлдик, бироқ ушбу ҳолда бажарилган иш учун ҳақ тўлашни талаб қилдик, буюртмачида бунга эътирозлар бўлмаган, буни бажарилган ишлар далолатномаси ва юкхат-ҳисобварақ-фактура тасдиқлар эди. Биз қарши даъво билдиряпмиз ва, шартномани ҳақиқий эмас деб тан олишга рози бўлиб, 10 млн сўмлик шағал қисмини қайтаришга тайёрмиз, бироқ суддан буюртмачидан биз шартнома бўйича бажарган иш учун тўлов сифатида 10 млн сўмни ундиришни сўраймиз. Шу боис биз қарши даъвони тўлиқ ҳажмда қондиришни истаймиз.

 

Суднинг ҳал қилув қарори

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далиллари ва жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ҳамда муҳокама қилиб, қонун ҳужжатларининг қоидаларини таҳлил қилиб, буюртмачининг шартномани ҳақиқий эмас деб топиш, ижрочи томонидан шағалнинг 10 млн сўмлик қисми қайтарилиши, шунингдек давлат божи (1 432 640 сўм) ва почта харажатлари (7 200 сўм) ундирилиши тўғрисида даъво билан мурожаат қилишига сабаб бўлган юқорида баён этилган далиллар тасдиғини топди.

Хусусан суд Фуқаролик кодексининг 116-моддасига кўра шартноманинг ҳақиқий эмаслиги далилини исботланган деб ҳисоблади ва ФК 114-моддаси оқибатларини қўллаб, ижрочига шағалнинг 10 млн сўмлик қисмини қайтариш мажбуриятини юклади. Бундан ташқари, ФКнинг 114, 1023 ва 1024-моддаларига асосланиб, биринчи инстанция суди қарши даъвони тўлиқ ҳажмда қондиришга қарор қилди.

Апелляция ва кассация инстанциялари судлари ушбу қарорни ўзгаришсиз қолдирди.

 

Юристнинг шарҳи

Иш материалларининг таҳлили кўрсатишича, тарафлар шартнома тузиб, Президентнинг ПФ-1504-сон Фармони 4-бандини бузганлар, унда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бартер асосида маҳсулот етказиб бериш контрактларини тузиш тақиқланган. Мазкур меъёрий-ҳуқуқий қоида субъектлар томонидан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширилмасдан бошқа маҳсулотга алмаштириш таркибида маҳсулот етказиб бериш шартномаларини тузиш ҳолларига татбиқ этилади.

Бартер деганда товарлар ёки хизматларни тўғридан-тўғри пулсиз айирбошлаш тушунилади. Одатда у ягона шартнома (контракт) билан расмийлаштирилади, унда айирбошлашнинг эквивалент бўлиши учун шарт-шароитлар яратиш, суғурта суммаларини аниқлаш, даъво-эътирозларни баҳолаш, санкцияларни ҳисоблаб ёзиш, божхона ҳисобига олиш ва ҳоказолар мақсадида товарлар (хизматлар) баҳоланади. Мазкур ҳолда шартноманинг номланиши аҳамиятга эга эмас. Аввал-бошдан тарафлар тўловни амалга оширмасдан ёки бартер операциясини амалга оширишнинг ҳақиқий мақсадларини яшириш мақсадида минимал тўловни тўлаган ҳолда товарларни ўзаро алмашиш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш)ни амалга ошириш ниятида бўлганликлари муҳим.

Бартер битимлари ФКнинг ­116-моддасига кўра ўз-ўзидан ҳақиқий эмас деб ҳисобланади, чунки уларнинг мазмуни қонунчилик талабларига мувофиқ келмайди ва у бўйича олинган барча нарсалар бошқа тарафга қайтарилиши керак.

Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, тарафлар ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим тузганлар, унинг мазмуни қонунчилик талабларига мувофиқ келмайди, шу сабабли эълон қилинган даъво қондирилиши керак.

ФКнинг 1023-моддасига мувофиқ қонун ҳужжатларида ёки битимда белгиланган асосларсиз бошқа шахс (жабрланувчи)нинг ҳисобидан мол-мулкни эгаллаб олган ёки тежаб қолган шахс (қўлга киритувчи) асоссиз эгаллаб олинган ёки тежаб қолинган мол-мулкни (асоссиз орттирилган бойликни) жабрланувчига қайтариб бериши шарт, ФКнинг 1030-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Бунда шуни ҳисобга олиш лозимки, мазкур ҳуқуқдан жабрланувчи, асоссиз бойиш мол-мулкни қўлга киритувчи, жабрланувчининг ўзи, учинчи шахслар хатти-ҳаракатининг натижаси бўлишидан ёки улар хоҳишидан қатъи назар юз берса-да, фойдаланади.

Бундан ташқари, ФКнинг 1024-моддасига асосан, асоссиз бойиш тўғрисидаги қоидалар ҳақиқий бўлмаган битим бўйича бажарилган нарсани қайтариш тўғрисидаги талабларга нисбатан қўлланади. Шу сабабли ФК 114-моддасининг 2-қисмидан келиб чиқиб, битим ҳақиқий бўлмаганида тарафларнинг ҳар бири бошқасига битим бўйича олган ҳамма нарсани қайтариб бериши, олинган нарсани аслича (шу жумладан олинган нарса мол-мулкдан фойдаланиш, бажарилган иш ёки кўрсатилган хизмат билан ифодаланганда) қайтариб бериш мумкин бўлмаганида эса, агар битим ҳақиқий эмаслигининг бошқа оқибатлари қонунда назарда тутилган бўлмаса, унинг қийматини пул билан тўлаши шарт.

Хулоса аниқ-равшан: ижрочи буюртмачининг асоссиз бойиши тўғрисида қарши даъво билан мурожаат қилиш ва бажарилган ишга ҳақ тўлаш талабини баён этиш ҳуқуқига эга эди, чунки у лозим даражадаги сифат билан бажарилган, буни бажарилган ишлар далолатномаси ва юкхат-ҳисобварақ-фактура тасдиқлайди.

Юқорида баён этилганларни ҳисобга олиб, суд даъво талабларини тўлиқ ҳажмда қондириш ва қарши даъвони қондириш тўғрисида тўғри қарор қабул қилди.

Мазкур низо тарафлар розилигида судгача тартибда ҳал этилиши: товарни ихтиёрий равишда қайтариш уни тўлаш бўйича мажбуриятни бажариш тартиби ёки усулини (воз кечиш, қарзни ўтказиш ва бошқалар) ўзгартириш мумкин эди. Ушбу ҳолда тарафлар ишни кўриб чиқиш билан боғлиқ қўшимча харажатлардан халос бўлардилар.

 

Хулоса

Битимни бартер асосида амалга оширилган деб топиш учун унда товарлар ёки хизматлар тўғридан-тўғри пулсиз айирбошланиши зарур. Бошқача айтганда, унинг мазмуни томонларнинг ҳақ тўламаган ҳолда товарни (иш бажаришни, хизматлар кўрсатишни) ўзаро айирбошлаш нияти ҳақида аниқ ва тўғридан-тўғри гувоҳлик бериши шарт. Ёхуд энг кам тўлов тўланиши мумкин, бироқ у аслида бартер операциясини амалга ошириш ниятини яшириш мақсадида «киши кўзига» қилинади.

 

Павел Сильнов, адвокат.

Прочитано: 1665 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика