Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2016 год / № 21 / Хўжалик юритиш қоидалари

Реклама қилаётиб, зиён етказманг

 

Реклама баннери ёки ролиги эскизини ишлаб чиқаётган компанияларнинг дизайнерлари бир қатор жиҳатларни кўздан қочиришлари мумкин. Бу эса уни қайта ишлаш заруратини юзага келтириши, ҳатто ушбу реклама маҳсулотидан фойдаланиш тақиқлаб қўйилишига олиб келиши ҳеч гап эмас. Иккала ҳолда ҳам вақт ва маблағ беҳуда сарф бўлади. Мазкур материалда қандай қилиб бунинг олдини олиш ҳақида сўз юритамиз.

Пойтахтимизда бўлиб ўтган ADWEEK.UZ маркетинг ва реклама ҳафталигида Тошкент ҳокимлигининг реклама-ахборот фаолияти бўйича комиссияси вакили Алишер Исоқов қандай қилиб тўғри реклама маҳсулоти яратиш ва уни ваколатли органларда тасдиқлатиш ҳақидаги тавсиялари билан ўртоқлашди.

 

– Биринчи ўринда шуни қайд этиш лозимки, бугунги кунда реклама берувчи ўз реклама материалини тасдиқлатиш учун бир қанча идораларга мурожаат қилиши керак эмас. Туман ҳокимлигида «ягона дарча» хизматига буюртманома топшириб, натижасини олиш учун шу ернинг ўзига мурожаат қилишнинг ўзи кифоя.

Ўз буюртманомасининг натижалари ҳақида «Тошкент Реклама-Сервис» давлат унитар корхонасининг сайтидан ҳам билиб олиши мумкин. Пойтахт муниципалитети комиссияси вакилининг қайд этишича, тегишли ахборот бир соат ичида эълон қилинади (жорий ойда кўриб чиқилган буюртманомалар реестрида). Реклама материали тасдиқланмаган тақдирда сайт орқали рад этиш сабаби ҳақида ҳам билиб олиш мумкин.

Порталда мавжуд бўлимда Ўзбекистондаги реклама фаолиятини тартибга солувчи меъёрий ҳужжатлар билан танишиш мумкин. Бу ерда буюртманомалар намуналари ва «тўғри» расмийлаштирилган реклама материаллари ҳам жойлаштирилган. Сайт тадбиркорларга тасдиқлаш учун тақдим этиладиган материалларни олдиндан текшириш имконини беради. Буни ДУК ходимлари он-лайн режимида бепул амалга оширадилар. Бунинг учун фойдаланувчи тегишли бўлимга кириши, анкета тўлдириши ва унга jpg форматидаги файлларни илова қилиши зарур. Юборилган эскизлар 1 иш куни давомида кўриб чиқилиб, мурожаат қилувчига улар юзасидан хулоса ва тавсиялар (зарур бўлган ҳолларда) электрон шаклда тақдим этилади.

Тақдимот ўтказиш давомида ­А.Исоқов реклама матнларидаги грамматик хатолар энг кўп рад жавоби берилишига сабабчи бўлаётганлигига эътиборни қаратди. Чунончи, 2016 йил I чорагида кўриб чиқилган 840 та буюртманоманинг 230 тасига (қарийб 35%) рад жавоби берилди. Уларнинг ярми айни имловий хатолар борлиги билан боғлиқ.

Бундай статистика баннерлар, плакатлар, видеороликлар ва югурувчи сатрлар эскизларини ишлаб чиқаётган дизайнерлар биринчи навбатда лойиҳанинг ижодий жиҳатига эътибор қаратиб, оддий саводхонлик қоидаларини унутиб қўяётганликларидан гувоҳлик беради. Тайёр лойиҳаларни рўйхатдан ўтказишга тақдим этиш олдидан ҳеч ким текшириб кўрмайди.

Реклама материалларининг қонун ҳужжатлари талабларига номувофиқлиги рад жавоби берилишининг бошқа сабаби ҳисобланади. Чунончи, агар совуткич рекламаси эскизида токчасидаги маҳсулотлар орасида алкоголли ичимлик шишаси турган бўлса, бу лойиҳа ўтмайди. Дизайнер шу фотосуратни танлаётганда бундай жиҳатларга эътибор бермаслиги мумкин. «Тошкент Реклама-Сервис» ДУК мутахассислари эса бутун фотосуратни ва реклама слоганидаги ҳар бир сўзни диққат билан таҳлил қиладилар.

Рад жавоби олишнинг яна бир сабаби реклама материалининг ахлоқ-одоб меъёрларига номувофиқлиги саналади.

– Кўпинча реклама берувчилар айни шу важимизни қабул қила олмайдилар, – дея таъкидлади А.Исоқов. – «Реклама фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг қаерида «ахлоқий» ва «ахлоқсиз» меъёрлар стандартлари қайд этилган?» – дея мутахассисларимизга савол берадилар. Бироқ порнография ёки зўравонлик чегарасидаги саҳналарни намойиш этиш реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тўғридан-тўғри тақиқланмаган бўлса ҳам, у бошқа бир қатор қонун ҳужжатларига зиддир, шу боис ножоиз деб тан олинади.

Қонунчиликнинг асосий талаблари ҳақида ҳам эслатиб ўтамиз:

● «Давлат тили ҳақида»ги Қонуннинг 20-моддаси ва «Лотин графикасига асосланган ўзбек алфавитини жорий этиш тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, реклама материали (эскизи, ролиги ва ҳ.к.) матни давлат тилида (лотин графикасида) бўлиши керак ҳамда бошқа исталган тилда унинг таржимаси берилиши мумкин. Бироқ бунда давлат тилидаги матн ҳажми, шрифтининг қалинлиги ва ўқилишини бошқа тиллардагисидан кўра каттароқ қилишни тавсия этамиз;

● Рекламани жойлаштириш тўғрисида низомнинг (АВ томонидан 6.04.2011 йилда 1024-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 6-бандига мувофиқ, маҳсулот мажбурий сертификатланиши лозим бўлган ҳолларда, унинг рекламаси «Mahsulotlar sertifikatlangan» ахбороти билан кузатиб борилиши керак. Агар реклама қилинаётган хизмат лицензияланиши лозим бўлса, рекламада «Xizmatlar litsenziyalangan» ахбороти илова қилиниши керак. Реклама маҳсулотини тасдиқлаш учун тақдим этаётганда сертификатлар ва лицензияларнинг нусхаларини тақдим этиш зарур;

● реклама матни горизонтал жойлашиши, фонга нисбатан аниқ гаммада бўлиши керак (Рекламани жойлаштириш тўғрисида низомнинг 7-банди);

● реклама материалида жисмоний шахснинг тасвиридан фойдаланганда унинг ёзма розилиги ва паспорт нусхасини ёки вояга етмаганни тасвирлаш учун – вояга етмаганнинг ота-онасидан бирининг ёзма розилиги ва туғилганлиги тўғрисида гувоҳноманинг нусхасини тақдим этиш зарур («Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддаси);

● артистлар чиқиши рекламасида фонограмма ёки жонли овоздан фойдаланилиши кўрсатилиши керак;

● реклама материалларида Ўзбекистон Республикаси ва бошқа мамлакатларнинг давлат рамзларидан фойдаланиш тақиқланади («Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи тўғрисида»ги Қонуннинг 5-2-моддаси);

● «Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасида реклама учун тақиқлар рўйхати келтирилган, уларни ҳамма билиши лозим.

Аниқ талаблардан ташқари бир қатор тавсиялар мавжуд. «Тошкент Реклама-Сервис» ДУК порталида улар билан танишиб чиқиш мумкин. Бироқ реклама маҳсулотларини яратувчилар аввало қонунийлик, аниқлик, ишончлилик, рекламадан фойдаланувчига зарар, шунингдек маънавий зарар етказмайдиган шакллар ва воситалардан фойдаланиш рекламага доир асосий талаблар эканлигини билиб иш тутишлари лозим.

 

Саида Жонизоқова,

мухбиримиз.

Прочитано: 1603 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика