Norma.uz

Услубиятчи ўқитувчи

 

Олий ўқув юртининг штат жадвалида магистратура бўлими учун 2 штат бирлиги: бўлим бошлиғи – 0,5 ставка, услубиятчи – 0,5 ставка назарда тутилган. Кафедра ўқитувчилари ўриндошлик бўйича шу лавозимларда ишлаши мумкинми? Ёки буни бир неча лавозимда ишлагандаги лавозим маошининг (0,5 ставканинг) 30%и миқдоридаги қўшимча ҳақ билан бир неча лавозимда ишлаш сифатида расмийлаштириш керакми?

З.Хусаинова,

кадрлар бўлими бошлиғи.

 

– Ўқитувчи томонидан меҳнат шартномасида келишилган ўзининг асосий иши билан биргаликда магистратура бўлимида бошқа касб ва лавозим бўйича қўшимча иш бажарилиши ва ўзининг асосий ишидан озод бўлмаган ҳолда, вақтинча бўлмаган ходимнинг вазифаларини бажариши бир неча касб ва лавозимда ишлаш (ВМнинг 18.10.2012 йилдаги 297-сон Қарори билан тасдиқланган Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг IV бўлими) ҳамда ички ўриндошлик (Низомнинг 5-банди) деб расмийлаштирилиши керак. Биринчи ҳолатда у асосий иш вақти давомида, иккинчи ҳолатда эса – асосий ишдан бўш вақтда бажарилиши мумкин.

Бюджет ташкилотларида қўшимча ҳақ миқдори бир неча касб ва лавозимда ишлагандаги лавозим маошининг 30%идан (Низомнинг 25-банди), сизнинг ҳолатда – 0,5 ставканинг 30%идан юқори бўлиши мумкин эмас. Ўриндошлик асосидаги иш учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори эса меҳнат унумдорлигига ёки меҳнат шартномасида назарда тутилган бошқа шартларга қараб, ишланган вақтга пропорционал равишда, Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткаси (ВМнинг 21.07.2009 йилдаги 206-сон Қарори билан тасдиқланган) бўйича биринчи разряд учун белгиланган миқдордан паст бўлиши мумкин эмас (МКнинг 155-моддаси; Низомнинг 13-банди).

Шу сабабли бир неча касб ва лавозимда ишлашни тўғри расмийлаштириш учун кадрларга оид 2 та ҳужжат тузиш зарур:

қўшимча иш топширилиши тўғрисида иш берувчининг буйруғи;

меҳнат шартномаси тарафларининг келишуви.

Бунда буйруқ эркин шаклда тузилишини ёдда тутиш лозим. Унда қўшимча иш тури; ходим қўшимча ишни бажарадиган муддат; унинг мақсади ва ҳажми кўрсатилади. Буйруққа ходим топшириққа розилиги ҳақида албатта белги қўяди. Бир неча касб ва лавозимда ишлаш тўғрисидаги меҳнат шартномаси тарафларининг келишуви у тузилган муддат тугагунча ёхуд уни иш берувчи бекор қилгунга қадар ёки ходим қўшимча ишни бажаришдан бош тортгунча амал қилади.

Ички ўриндошлик ходим билан иш берувчи ўртасидаги алоҳида меҳнат шартномаси билан расмийлаштирилади. Унда иш ўриндошлик бўйича бажарилаётганлиги албатта кўрсатилиши керак. Ходимнинг асосий иш жойи ҳисобланган ташкилотда ўриндошлик асосида ишлашига вақтинча бўлмаган ходимнинг ишини бажаришда ёки бўш лавозимдаги ишни бажаришда йўл қўйилади (Низомнинг 5-банди).

Ўриндошнинг ишга қабул қилиниши иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Унинг давомийлиги ходимларнинг ушбу тоифаси учун белгиланган иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Ходим асосий иш жойидаги меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод бўлган кунларда у ўриндошлик асосида тўлиқ иш кунида ишлаши мумкин (Низомнинг 7-банди).

Шу тариқа, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ходимларга асосий ишидан ташқари қўшимча ҳақ тўланадиган ишни бажариш имконини беради. Бироқ ушбу муносабатларни тўғри белгилаш ва расмийлаштириш учун қўшимча ишда ишлаш режимини билиш зарур.

 

Абдусалом Рисқуллаев,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 2105 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика