Norma.uz

Меҳнат кодексини янгилаш зарурми?

 

2016 йил апрелда Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси кучга кирганига 20 йил бўлди. Шу йилларда унга бир неча бор тузатишлар киритилди. Шунга қарамай, меҳнат қонунчилиги амалиётида тартибга солинмаган масалалар оз эмас. Пойтахтимизда ўтказилган «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси: ютуқлар ва янада такомиллаштириш йўллари» мавзусидаги илмий-амалий анжуман уларнинг муҳокамасига бағишланди. Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши ва Тошкент юридик университети унинг ташкилотчиси бўлдилар. Анжуманда бир қатор вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, аккредитацияланган хорижий ташкилотлар вакиллари, ҳуқуқшунос олимлар, касаба уюшмаси фаоллари ва журналистлар қатнашдилар.

 

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши раиси Танзила Норбоева қатнашчиларни қутлаб, меҳнат муносабатларини тартибга солувчи ҳужжатсиз ҳукумат, иш берувчи ва ёлланма ходим ўртасидаги уч томонлама ижтимоий тусдаги мулоқотни мувозанатлаштириб бўлмаслигини қайд этди. Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси ана шундай ҳужжат ҳисобланади.

ТДЮУ меҳнат ҳуқуқи ва ижтимоий таъминот кафедраси доценти, ю.ф.н. Михаил Гасановнинг таъкидлашича, Меҳнат кодекси амал қилаётган 20 йил давомида мамлакатимизнинг иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётида жиддий ўзгаришлар юз берган. Шу сабабли МКнинг бир қатор қоидалари бугунги кундаги ҳолатни ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқилиши керак.

МКни қўллаш амалиёти таҳлили 2 йўналишда ишлаш зарурлигини кўрсатди. Булар – Кодексда мавжуд бўлмаган ёки унда етарлича тартибга солинмаган қоидаларни ишлаб чиқиш ҳамда унда мавжуд меъёрларни амалдаги миллий қонун ҳужжатлари ва меҳнатни тартибга солувчи жаҳон стандартларига мувофиқлаштиришдир.

Устида ишланиши керак бўлган асосий муаммолар сирасида М.Гасанов қуйидагиларни қайд этди:

меҳнат муносабатлари ва улар билан боғлиқ жамоат муносабатларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишда камчиликларнинг мавжудлиги;

ҳавола қилувчи меъёрлардан асоссиз фойдаланилиши;

айрим тоифадаги ходимлар – касаначилар, ўриндошлар, вахта усулида ишловчилар, масофадан туриб ишловчилар ва бошқаларнинг меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари;

МКнинг айрим қоидалари фуқаролик, оилавий ва ҳуқуқнинг бошқа соҳалари қоидаларига зид келишини бартараф этиш;

МКнинг айрим қоидаларини халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва Ўзбекистон ратификация қилган халқаро шартномаларга мувофиқлаштириш.

Ҳуқуқшунос олим тилга олинган муаммоларга мисоллар келтирди. Чунончи, амалдаги қонун ҳужжатларида МК қоидалари, жамоа келишувлари ва корхонанинг локал ҳужжатлари нисбатини белгиловчи меъёрлар мавжуд эмас, бу ҳол суд низолари кўриб чиқилишини қийинлаштиради. Унинг фикрича, ҳозирги пайтда иш берувчи жисмоний шахслар билан улар ёллайдиган ходимлар (энагалар, боғбонлар, уй ошпазлари ва б.) ўртасидаги меҳнат муносабатлари етарлича тартибга солинмаган. Михаил Гасанов Меҳнат кодексини уй ишчиларини ёллаш тўғрисидаги боб билан тўлдиришни таклиф қилди.

Якка тартибдаги тадбиркор билан унинг ходимлари ўртасидаги меҳнат муносабатларининг тартибга солиниши яна бир анча оғриқли масала ҳисобланади. Мавжуд меъёрларга кўра улар МКнинг умумий қоидаларига мувофиқ тартибга солиниши керак. Бироқ якка тартибдаги тадбиркорнинг аҳволи унинг ёлланма ишчиларига МКда назарда тутилган кафолатлар ва ижтимоий ҳимояни тўлиқ ҳажмда тақдим этиш имкони борлиги хусусида шубҳа туғдиради.

МКда масофадан туриб (олисда) ишловчи ишчилар ва касаначилар билан меҳнат муносабатлари ҳам лозим даражада акс эттирилмаган. Анжуманда бўлиб ўтган мунозара иштирокчилари ҳам шу масалани кўтардилар. Уларнинг қайд этишича, технологияларнинг жадал ривожланиши тобора кўп корхоналарнинг олисда ишловчи мутахассислар хизматларидан фойдаланишларига имкон беради. Бунда масофадан туриб ишловчининг ўзи бир вақтнинг ўзида бир нечта, шу жумладан хорижда жойлашган компанияда ишлаши мумкин. Ушбу соҳа тартибга солинмаганлиги боис бир қатор анча оғриқли масалалар юзага келмоқда.

Михаил Гасанов МКнинг аввалбошдан белгиланган айрим қоидалари ишламаётганлигини ҳам қайд этди. Улар сирасига қонун ҳужжатларида назарда тутилган ноқулай иқлим шароитида ишлаётганлар учун қўшимча меҳнат таътиллари киради. Амалда уларни жуда оз корхоналар тақдим этади. Ана шу «ноқулай меҳнат шароити» мезонларининг йўқлиги бунинг сабабчисидир.

– МКга ҳар қандай ўзгартиш ва қўшимчанинг киритилиши миллионлаб фуқароларимизга дахл қилади. Шу сабабли асосланган таклифларни қабул қилиш мақсадга мувофиқдир, улар жорий этилишининг қисқа муддатли ва узоқ муддатли оқибатлари прогнозини ўз ичига олган бўлар эди, – дея таъкидлади анжуманда ТДЮУ ректори Есемурат Каньязов. У университет Касаба уюшмалари федерацияси билан биргаликда амалга оширган лойиҳа – Юридик клиника иши ҳақида ҳам сўзлаб берди. У фуқароларга бепул маслаҳатлар беради, ўз фаолиятини кенгайтириш ва Ўзбекистоннинг барча минтақаларида ўз ваколатхоналарига эга бўлишни режалаштирмоқда. Шу йилиёқ уларни очиш иши бошланиши керак.

– Меҳнат ҳуқуқининг фан сифатида ривожланиши учун жуда кўп иш қилиш керак. Бу иш маҳаллий олимларни ҳамда айни пайтда шу соҳада ишлашга тайёрланаётганларни кутмоқда, – деди Есемурат Каньязов.

Анжуманда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий муҳофаза бўйича қўмитаси раиси Ёқуб Умаров ҳам сўзга чиқди. У депутатлар учинчи ўқишда қабул қилган янги таҳрирдаги «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг асосий қоидалари ҳақида сўзлаб берди.

Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистонда муносиб меҳнат дастурини амалга ошириш бўйича бош техник маслаҳатчиси Харри Талига ушбу дастурнинг асосий компонентларини ёритиб берди, унинг доирасида олиб борилаётган, таҳлил учун зарур ахборот йиғишдан бошлаб янги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш ёки мавжуд ҳужжатларга қўшимча ва ўзгартишлар киритишгача бўлган ишлар ҳақида сўзлаб берди.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгашининг юридик бўлими раҳбари Диёрбек Кимсанов касаба уюшмаси ташкилотлари фаолиятини қонун жиҳатидан тартибга солишдаги ҳал этилиши керак бўлган масалаларга тўхталиб ўтди.

Меҳнат вазирлиги вакили Нодир Тешаевнинг чиқиши анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Муҳокамада тушган саволларнинг асосий қисми унга берилди. Уларда меҳнат дафтарчалари юритилишидан тортиб чет эллик фуқароларнинг ишга жойлаштирилишигача бўлган турли муаммолар кўтарилди. Чунончи, меҳнат дафтарчаларига қўшимча варақаларнинг етишмаслиги йиғилганларнинг кўпчилиги учун долзарб муаммо эканлиги кўринди. Бир томондан, буюртманомаларнинг ўз вақтида берилиши, иккинчи томондан, Меҳнат вазирлигининг ушбу масалага эътибор бериши ушбу муаммонинг мақбул ечими бўла олади.

Анжуман якунида Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши ўтказган «Меҳнат кодекси билимдони» викторинаси ғолиблари мукофотланди, «Касаба уюшмалари кутубхонаси» туркумида чиқарилган ходимлар ва иш берувчилар учун қўлланманинг тақдимот маросими ўтказилди.

 

Саида Жонизоқова,

мухбиримиз.

 

Прочитано: 2173 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика