Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 52 / Криминалист эксперт ён дафтаридан

Гард юқтирмаган... ўғирлик

 

Банк тизими Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим бўғинидир. Бу тизимнинг бутун иқтисодий жараёнларга таъсири замирида унинг молия ресурсларидан оқилона фойдаланилишини таъминлаш, миллий хўжалик барқарор ишлаши ва изчил ривожланиб бориши учун шарт-шароит яратиб бериш муддаоси ётади. Айни банк фаолияти жараёнида пул маблағлари жамланади ва қайта тақсимланади, хўжалик юритувчи субъектларнинг ўзаро талаблари ва мажбуриятларини қаноатлантирувчи ҳисоб-китоблар қилинади, иқтисодиётнинг молия ва саноат секторлари чамбарчас боғлиқлиги таъминланади.

 

БИРАМ ЖАЛБ ЭТАДИКИ ЎЗИГА

Бироқ жиноят оламининг қизиқиш ва манфаатлари ҳамиша тез бойиш борасида катта имкониятларга эга бўлган иқтисодиёт секторига қаратилган бўлади. Шу боис банк соҳасида бозор иқтисодиётининг асосий принципларига таъсирини ўтказувчи ва давлатнинг иқтисодий хавфсизлигига путур етказувчи жиноятлар содир бўлиши мумкин.

Жиноятларни тергов қилишда банк фаолиятидаги жиноий жараёнлар авж олишидаги асосий тамойилларни кўрсатиб бериш имконига эга бўлган экспертиза улкан аҳамиятга эга. Бунда анъанавий усуллар билан бир қаторда тажовуз этишнинг янги, муттасил тусини ўзгартириб такомиллашиб борувчи усуллари жадаллик билан ишлаб чиқилиб, амалиётда мукаммаллаштирилган ҳолда қўлланиб келинмоқда. Булар эса банк соҳасидаги жиноятларни аниқлаш ва тергов қилиш муаммоларини теран тарзда, ҳар тарафлама ва атрофлича текшириш зарур эканлигидан далолат беради.

Ҳар бир банк операцияси, банк томонидан кўрсатиладиган ҳар қандай хизмат, шу жумладан кредитлаш белгиланган шаклдаги ва мазмундаги ҳужжатлар билан расмийлаштирилади. Операциялар турлари кўпайиб боргани сайин банк ҳужжатлари тобора хилма-хил ва мураккаб бўлиб бормоқда. Жиноятчилар пулларни ўмариш билан боғлиқ жиноятга тайёргарлик кўриш, уни содир этиш ва қилмишни яширишда ҳар хил моддий ва интеллектуал излар қолдирадилар. Моддий излар одатда, молия, бухгалтерия, технология ва бошқа хил ҳужжатларда, CD-дискларда, магнит ленталарида ва ахборот ташувчи бошқа жисмларда тажассум топади. Самарали йўсинда исботлаб бериш учун банк ҳужжатларини, агар улар ёрдамида у ёки бу жиноят содир этилган бўлса, холисона тарзда, мукаммал ва атрофлича текшириш жуда-жуда муҳимдир. Бу борадаги жиноятларни банк иши, бухгалтерия ҳисоби ва шу сингарилар бўйича махсус билимларга эга бўлмай туриб, фош этиш қийин.

 

МУТАХАССИССИЗ БЎЛМАЙДИ

Банк орқали кредитлаш соҳасидаги жиноятларни тергов қилиш амалиёти дастлабки тергов органлари ва суддан махсус билимлардан янада кенгроқ кўламларда фойдаланишни талаб этади. Бу тоифадаги ишларга асосан суд-бухгалтерия ва молия-кредит экспертизалари тайинланади.

Шуни таъкидлаш жоизки, суд-бухгалтерия ва молия-кредит экспертизалари суд-иқтисодиёт экспертизасининг турларидан биридир.

Суд-иқтисодиёт йўналишидаги текширишларнинг предмети кредит муассасаси фаолиятини таҳлил этишдан, ўтказилган операциялар, амалга оширилган битимлар моҳияти ва улардан кўзланган мақсад-муддаони, шартномаларнинг мазмун-мундарижасини, пуллар, бошқа қимматликлар ҳаракатини текширишдан иборатдир.

Бухгалтерия ҳисоби ҳужжатлари банкнинг асосий фаолиятини ўзида мужассам этувчи ҳужжатларнинг энг катта гуруҳи бўлиб, банк аслида ана шу фаолиятни амалга ошириш учун барпо этилган. Жиноятчилар маблағларни ўғирлашда ана шундай ҳужжатлардан кўп фойдаланадилар.

Жиноий тажовуз банк фаолиятининг деярли барча йўналишларини қамраб олади. Шу сабабли жиноят ишлари бўйича далиллаш жараёнида хилма-хил ҳужжатлар, хусусан бухгалтерия ҳисоби ҳужжатлари, рўйхатдан ўтиш ҳужжатлари, бошқарув органлари ва ижро этувчи органларнинг буйруқ ва фармойишлари, иш юритиш ҳужжатлари текширилади.

Банкнинг рўйхатдан ўтиш ҳужжатларини (устав, таъсис шартномаси, таъсис йиғилиши баённомаси ва шу сингарилар) текшириш банк фаолияти қонунийлиги масаласига ечим топиш имконини беради. Бошқарув органларининг ҳужжатларини (акциядорлар умумий йиғилишининг, муассислар йиғилишининг, банк кенгаши мажлисининг баённомалари) ўрганиш бошқарув органи чиндан ҳам у ёки бу масалани кўриб чиққан-чиқмаганлигини, улар юзасидан қандай қарорлар қабул қилганлигини, фаолият ана шу қарорларга мувофиқ олиб борилган-борилмаганлигини аниқлашга ёрдам беради.

Суд-бухгалтерия экспертизаси ишга оид материалларни мутахассис бухгалтер текшириб чиқиб, улар юзасидан малакали хулоса тайёрлашидан иборатдир.

 

ТАФТИШ ЭКСПЕРТИЗА ЭМАС

Жиноят иши бўйича тафтиш тайинланиши мумкин. Одатда, тафтиш жиноят бўйича суд ишини юритиш доирасида ўтказилади ва бунда иш юзасидан тўпланган банк ҳужжатлари текширилади, ўғирликнинг илгари ноаён қолган фактлари аниқланади. Ҳужжат асосидаги тафтиш олдига муай­ян масалалар кўндаланг қўйилган суд-бухгалтерия экспертизасидан шуниси билан фарқланади. Ўртага қўйилган масалалардан мақсад жиноятларнинг янги фактларини очиш эмас. Тафтиш далилларни тўплаб беради, экспертиза уларни баҳолайди, аудит эса ҳоли, аниқроғи процессуал жиҳатдан бошқарилмайдиган шаклда эканлиги боис, ҳам далиллар тўплайди, ҳам берилган топшириққа қараб уларга кейинчалик баҳо беради.

Қайд этиб ўтиш зарурки, тафтишда иқтисодчи эксперт иштирок этиши мумкин, аммо унинг иштироки мутахассис қабилида бўлади, холос. Бироқ Жиноят-процессуал кодексининг ­78-моддасига биноан тафтиш ёки бошқа идоравий текширув ўтказган ҳамда мазкур жиноят иши қўзғатилишига ана шу тафтиш ёки текширув материаллари асос бўлган шахс ишда эксперт ёки мутахассис тариқасида иштирок этишга ҳақли эмас. Бинобарин, мазкур иш юзасидан текширувда мутахассис тариқасида иштирок этган эксперт иш юзасидан экспертлик хулосасини беришга ҳақли эмас.

 

ҚАЕРДАН НИМАНИ ИЗЛАШ КЕРАК

Суд-бухгалтерия (банк) экспертизаси текшируви ўғирлик муносабати билан ўтказилганда текшириладиган нарсалар сирасига бухгалтерия ҳужжатлари, ҳужжатлар асосида ўтказилган тафтишлар (агар ўтказилган бўлса) далолатномалари, айбланувчиларнинг, жабрланувчиларнинг, гувоҳларнинг, экспертларнинг, мутахассисларнинг, тафтишчиларнинг кўрсатувлари, билимларнинг бошқа соҳаси экспертларининг хулосалари ҳамда жиноят ишига оид бошқа материаллар киради. Шунингдек банк бухгалтерияси ходимларининг қоралама, норасмий ёзувлари, агар далиллаш предметига тааллуқлилиги бўлса, текширилиши мумкин. Суд-бухгалтерия экспертизаси молия интизоми ҳамда ҳисоб ва ҳисобот қоидалари бузилганлиги фактларини аниқлаши; ўтказилган операцияларнинг, ҳақиқатда банк ва унинг мижозлари ўртасида амалга оширилган ҳисоб-китобларнинг қонун ҳужжатлари нормаларига мувофиқлигини аниқлаб бериши; жиноий хатти-ҳаракатлар оқибатида банкка етказилган моддий зарар миқдорини текшириши ва аниқлаши; мазкур банкда қўлланиб келинаётган ҳисоб юритиш услубиятининг тўғри-нотўғрилигини аниқлаши, бошқа қатор вазифаларни ҳал этиши лозим.

 

ШОШҚАЛОҚЛИК ИШГА ЗАРАР ЕТКАЗАДИ

Мазкур тоифадаги ишлар бўйича иқтисодий экспертизанинг ўзига хос хусусиятларидан бири уларни текширув аввалида, бошланғич босқичда ўтказилишидир. Суд-тергов амалиёти материалларини ўрганиш шундан далолат берадики, кўпинча бундай экспертиза шошма-шошарлик билан, банк ҳужжатларини олдиндан таҳлил қилмай туриб тайинланади. Терговчилар экспертиза предметини етарли даражада аниқламай туриб, экспертлар олдига уларнинг ваколат доирасига кирмайдиган масалаларни қўядилар. Бундай шошма-шошарликка иқтисодий экпертизаларни ўтказиш кўп вақт олади деган важни рўкач қиладилар. Ҳолбуки, бундай экспертизанинг керакли материалларни тўплаш ва эксперт олдига қўйиладиган масалаларда эътибор қаратиш лозим бўлган иш ҳолатларини аниқлаш якунига етмай туриб тайинланиши текширув сифатига таъсир этиши мумкин.

 

ҚАРЗ ВАҚТИДА ҚАЙТАРИЛМАГАНИ ЧАТОҚ

Экспертдан бот-бот сўраладиган саволлар кредит олиш ва кредитни қайтармаслик ҳоллари билан боғлиқдир. Бундай экспертиза ўтказилаётганда, хусусан қуйидагилар текширилмоғи керак:

  • кредит маблағлари олган фирманинг ташкил топиш ҳолатлари;
  • кредит линиясини очиш шартномаси;
  • кредит қайтарилишига кафолат бериш ва қайтарилишини таъминлаш;
  • кредитни имтиёзли тарзда олиш ҳуқуқига оид ҳужжатлар;
  • кредит маблағларини айланмадан олиш, уларни нақд пулга айлантириш ҳоллари, кредит маблағларига олинган активларнинг ҳаракати;
  • кредит маблағларининг ҳаракати.

Экспертиза ўтказилаётганда кўпинча ноқонуний тадбиркорликни билвосита тасдиқловчи фактлар аниқланади. Буни мисолларда кўрсатиб ўта қолайлик.

Эксперт ҳужжатларни таҳлил этиб, ташкилотда ўзининг офис ва омборхона биноси ёки ижарага олган шундай бинолари йўқлигини аниқлади. Бироқ олди-сотди шартномасида сотиб олувчининг товарни омборхонадан олиши назарда тутилган. Бундан ташқари, штат рўйхатига ва иш вақти ҳисоби табелларига қараганда, ташкилотда 7 нафар ходим, шу жумладан омборчи бор, бу эса ташкилотда улар учун иш жойлари бўлишини тақозо этади.

Банк ҳужжати кўчирмаси ва мемориал ордерга биноан «Мижоз-Банк» ҳисоб-китоб тизими хизмати учун 620000,15 сўм абонент ҳақи ўтказилган. Ундан фойдаланиш компьютер техникаси бўлишини тақозо этади. Бироқ бухгалтерия ҳисоби маълумотларига кўра, мазкур ташкилотнинг ўз асосий воситалари бўлмаганидек, унда ижарага олинганлари ҳам йўқ.

Экспертизага тақдим этилган ҳужжатларга биноан текширилган давр мобайнида ташкилот моддий ишлаб чиқариш захиралари олмаган ва уларни ишлаб чиқариш жараёнида ишлатмаган. Лекин бирламчи ҳужжатларга кўра, улардан фойдаланиш молия-хўжалик фаолияти амалга оширилишини тақозо этади.

Юқорида айтиб ўтилганлар бошқа қатор номувофиқликлар билан биргаликда ташкилотда молия интизоми бузилганлигини қатъиян кўрсатиб турибди.

 

Суд-тергов амалиёти таҳлили банк фаолияти соҳасидаги жиноятларга оид ишларни тергов қилишдаги ютуқ кўп жиҳатдан улар юзасидан ишни ташкил этиш даражасига, энг аввало, далиллаш ва йўналиш олиш хусусиятидаги ахборотларни таҳлил эта билиш маҳоратига боғлиқ деган хулоса чиқариш имконини беради.

 

Сайёра САЪДУЛЛАЕВА,

Адлия вазирлиги ҳузуридаги

Республика суд экспертизаси маркази эксперти.

Прочитано: 1934 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика