Кейинги вақтда пенсионерларга пенсия олиш учун пластик карточкалар очишни зўр бериб тавсия қилишмоқда. Хусусан, пенсия суммасининг 30%гача қисмини ўтказишни таклиф қилишяпти. Бунинг устига ҳужжатларни шу ернинг ўзида: почта ёки уйда расмийлаштириб беришмоқда. Банк ходимларининг ҳаракатлари тўғрими? Барча пенсионерлар учун карточка олиш мажбурийми?
Л.Қосимова.
– Бундай саволли хатлар таҳририятимизда оз эмас. Ушбу янгилик бирорта пенсионерни лоқайд қолдирмади. Кимдир дарғазаб бўлиб рад этмоқда, ёши қайтганлиги, карточкадан фойдалана олмаслигини сабаб қилиб кўрсатмоқда, пулни аввалгидек қўлда тутиш – биз кўниккан ҳол деб айтмоқда. Баъзилар эса хотиралари панд бериши мумкинлигидан чўчишмоқда – ахир пин-кодни ёдда тутиш лозим. Баъзи бировлар эса «миш-миш»га ишонадилар, гўё бир ой мобайнида ишлатилмаган карточкадаги пуллар «куйиб» кетармиш.
Ушбу шубҳаларга барҳам бериш учун биз пенсияни карточкаларга ўтказиш тўғрисидаги сўровни my.gov.uz портали орқали Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг Ижро аппаратига юбордик. Бошқарма бошлиғининг ўринбосари Ф.ТЎРАЕВ шундай тушунтириш берди:
«Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомнинг (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон Қарорига 1-илова) 157-бандига мувофиқ, ишламайдиган пенсионерларга пенсия яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармаси бўлимлари томонидан «Ўзбекистон почтаси» АЖнинг почта алоқаси объектлари, операторлари ва провайдерлари орқали ёки пенсионернинг хоҳишига кўра пул маблағларини фуқароларнинг депозит ҳисобрақамларига нақд пулсиз ўтказиш йўли билан тижорат банкининг филиали орқали тўланади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан пенсия, нафақа ва бошқа тўловларни тўлашни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг* 22-бандига кўра эса, пенсия ёки нафақани банк пластик карточкаси ёки жисмоний шахсларнинг омонат ҳисобварағи орқали олаётган шахснинг аризасига банк пластик карточкаси бўйича ҳисобварақ ёки жисмоний шахсларнинг омонат ҳисобварағи очилганлиги тўғрисидаги маълумотнома ва тижорат банк филиали билан мижоз ўртасида имзоланган шартноманинг нусхаси илова қилиниши лозим».
Бинобарин, пенсиянинг бир қисми ёки ҳаммасини карточкага ўтказиш учун нафақат сизнинг розилигингиз, балки банк билан тузилган шартнома ҳам бўлиши лозим. Демак, ҳеч ким пенсионернинг иштирокисиз унинг пуллари билан бирорта операцияни ўтказишга ҳақли эмас.
Кўпчилик пенсиянинг ҳамёнда бўлиши ишончлироқ деб ҳисоблайди, шу боис пластик карточкадан фойдаланишдан бош тортади. Бироқ ушбу «электрон ҳамён» афзалликларини муносиб баҳолайдиган ва карточкадан фойдаланишнинг яхши томонлари кўп деб ҳисоблайдиганлар сони ҳам ошиб боряпти. Биринчи навбатда карточка пулни ўз вақтида олишни кафолатлайди. Ҳамёнда пул олиб юриш ва уни қайта-қайта санаш керак эмас. Мамлакатимизда терминал бўйича тўловлар тизими анча кенг ривожланган. Карточка ёрдамида амалда ҳамма тўловларни амалга ошириш: коммунал хизматларга ҳақ тўлаш, зарур харидларни қилиш ва дорихоналарда дори-дармон сотиб олиш мумкин.
Агар сиз пластик карточка эгасига айланиб, «электрон ҳамёндан» муаммосиз фойдаланишни хоҳласангиз, бир қатор оддий қоидаларни ёдлаб олиш лозим.
- Сиз билан шартнома тузган банкнинг ёрдам хизмати телефон рақамини ёзиб олинг. Карточка йўқолган ёки ўғирланган тақдирда у сизга албатта керак бўлади. Мурожаатингиздан кейин карта блокировка қилинади ва пулларингиз сақланади.
- Агар банк белгилаган карточка кодини ёдда тутишингиз қийинлик қилса, уни банкомат ёки банкда алмаштириш мумкин. Ўзингиз осон ёдлаб оладиган ёки бирор-бир воқеа, масалан, тўй қилган йилингиз ёки квартира ва уй рақами билан боғлиқ 4 та рақамни танланг. Бироқ код учун туғилган йилингиздан фойдаланиш тавсия қилинмайди.
- Код рақамини карточкага ёзиб қўйманг. Бу карточка йўқолганида ёки ўғирланганида пулларингизни олиб қўйишни осонлаштиради.
- Шифрни кўпи билан 3 марта териш мумкин. Учинчи марта нотўғри уринишдан кейин ҳисобрақам блокировкаланади. Ҳисобрақамни блокировкадан чиқариш одатда бир суткадан кейин амалга оширилади.
! |
Мижознинг пин-коди тўғрисидаги ахборот банк ходимларига ҳам, қолган кишиларга ҳам билдирилмайди, ҳеч ким махфий тутиладиган ушбу маълумотларни талаб қилишга ҳақли эмас. Бирор шахс ўзини банк менежери деб таништириб, «ахборотни аниқлаштириш учун» унга пин-кодни айтишингизни сўраса, айниқса бу телефон орқали юз берса ҳам юқоридаги қоидага амал қилишни унутманг.
Мавзувий сонни мухбиримиз Алла РОМАШКО олиб боради.
*Молия вазирининг АВ томонидан 5.03.2015 йилда 2657-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.