Norma.uz

Стандартга мувофиқлик – жаҳон бозорига калит

 

Бугун салфеткадан тортиб автомобилсозлик саноатигача, пойабзал таъмирлашдан миллионлаб мижозга хизмат кўрсатаётган уяли алоқа хизматигача ўз стандартларига эга. Ушбу стандартларга мувофиқлик тўғрисидаги сертификатларга эга бўлиш ишлаб чиқарувчи ёки хизмат кўрсатувчи учун нафақат ички, балки жаҳон бозорининг калитини қўлга киритиш демакдир.

 

Ҳозирги кунга келиб стандартларнинг аҳамияти янада ортди. Буни қарийб 60 йил аввал ташкил этилган Халқаро стандартлаштириш ташкилоти (ISO) томонидан ишлаб чиқилган халқаро стандартларга мувофиқлик дунё бозорига чиқишнинг бирламчи талабига айланганида ҳам кўриш мумкин.

Мамлакатимизда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга қаратилган чора-тадбирлар натижасида бугунги кунда икки мингга яқин корхонада халқаро стандартларга мувофиқ сифатни бошқариш тизимлари жорий этилди, икки мингдан зиёд мувофиқлик сертификати расмийлаштирилди.

Президентимизнинг 2012 йил 26 мартдаги «Экспорт қилувчи корхоналарни рағбатлантиришни кучайтириш ва рақобатбардош маҳсулотларни экспортга етказиб беришни кенгайтириш борасида қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори бу борада дастуриламал бўлмоқда.

– Маҳсулот халқаро стандартларга мос келсагина ташқи бозорда ўз ўрнини топади, – дейди «Ўзстандарт» агентлигининг Маҳсулотларни экспорт қилишга кўмаклашиш бюроси бошлиғи Нурулло Ўрозқулов. – Давлатимиз раҳбарининг қарорида айни шу жиҳатга алоҳида урғу берилгани агентлигимиз зиммасига катта масъулият юклади. Шу боис корхоналарда маҳсулотларнинг сертификатлаштирилиши, сифат назорати билан таъминлангани ҳамда сифат менежменти жорий этилгани борасида таҳлиллар олиб боришга эътибор қаратмоқдамиз.

2015–2017 йилларда мамлакатимизда 2 240 корхонада сифат бошқаруви тизими (СБТ)ни жорий этиш белгиланган. Натижада 2018 йилда умумий сертификатлаштирилган корхоналар сони 3 679 тага етказилади.

ISO 9001 сериядаги халқаро стандартига асосан сифатни бошқариш тизимларини жорий этиш билан бирга, саноат хавфсизлиги менежменти (OHSAS 18001), экологик менежмент (ISO 14001), озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлик менежменти (ISO 22000), интеграллашган менежмент, яхши ишлаб чиқариш амалиёти (GMP), машинасозлик ва мувофиқ равишда бутловчи қисмларни етказиб берувчи корхоналарда сифат менежменти (ISO 16949) тизимларини жорий этиш ишлари ҳам фаоллашмоқда.

Тадбиркорлик субъектларини экспорт фаолиятига кенг жалб этиш Маҳсулотларни экспорт қилишга кўмаклашиш бюросининг асосий вазифаси ҳисобланади. Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 28 апрелдаги «Сертификатлаштириш тартиботларини ва сифат менежменти тизимларини жорий этишни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорига асосан ташкил этилган мазкур бюро ҳамда унинг ҳудудий вакиллари стандартлаштириш, метрология, маҳсулотларни сертификатлаш, қадоқлаш, ёрлиқлаш ва бошқа параметрлар юзасидан бепул консультатив маслаҳатлар кўрсатиб келмоқда.

Бюро Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки, Савдо-саноат палатаси, Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйган.

Тадбиркорлик субъектларини хорижий мамлакатлардаги стандартлаштириш, сертификатлаштириш, маҳсулотни ёрлиқлаш ва қадоқлаш талаблари билан таништириш мақсадида АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Польша, Греция, Япония, Миср, Ҳиндистон, Хитой, Россия, Беларусь ва бошқа мамлакатларда бу борада жорий этилган тартиботлар ҳақидаги маълумотлар бюро маълумотлар базасига жойлаштирилган.

Бюро халқаро, давлатлараро ва миллий стандартлардан иборат 40 мингдан ортиқ меъёрий ҳужжатга эга электрон кутубхона билан таъминланган.

Бюро мутахассислари томонидан БМТ Тараққиёт дастури, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти вакиллари билан ҳамкорликда мева-сабзавот маҳсулотларини Европа давлатларига экспорт қилиш талабларини ифода этувчи қўлланма чоп этилди. Бу кичик бизнес субъектлари ва фермер хўжаликларига ўз маҳсулотларини хорижга экспорт қилиш имкониятини оширишда қўл келмоқда. Қўлланма асосида мева-сабзавот маҳсулотларининг тўқсондан ортиқ стандарти халқаро стандартлар билан уйғунлаштирилди.

Ўтган даврда бюро мутахассислари томонидан беш мингдан зиёд кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектига стандартлаштириш, метрология ҳамда маҳсулотларни қадоқлаш ва бошқа параметрлар юзасидан кўрсатилган консультатив хизматлар натижасида 734 корхона ўз маҳсулотларини экспорт қилган.

Миллий ҳунармандлик ва мамлакатимизда етиштириладиган табиий бойликлардан маҳсулот ишлаб чиқарувчи тадбиркорларни ҳам экспортга жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, «Jannat Makon Business» очиқ акциядорлик жамиятининг ковул, «Nurislom plyus Roziya» масъулияти чекланган жамиятининг бешик, «UNK Solution» масъулияти чекланган жамиятининг тандир, хусусий тадбиркор А.Жўраевнинг адрас маҳсулотларига миллий стандарт ишлаб чиқилди.

Ковул маҳсулотига ишлаб чиқилган O’zDSt давлат стандарти ISO халқаро стандартлари билан уйғунлаштирилиши натижасида аввал хом ашё сифатида хорижга экспорт қилинган ушбу маҳсулот ҳозирги кунда Испания, Франция, Италия, Буюк Британия ва Грецияга тайёр ҳолда етказиб берилмоқда.

Мухтасар айтганда, стандартлаштириш дунё иқтисодиётига интеграциялашиш, экспорт ҳажми ошишининг асосий мезонларидан бири бўлиб, бу борадаги саъй-ҳаракатлар мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор ўсиши, халқимиз фаровонлиги янада юксалишига хизмат қилади.

 

ЎзА материали асосида.

Прочитано: 1859 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика