Кўп бухгалтерлар меҳнатларига юқори ҳақ тўланиши кераклигига ишончлари комил. Раҳбарлар эса одатда ўз ҳисобчисига кўп ҳақ тўлаяпмиз деб ҳисоблашади. Уларнинг қайси бири ҳақлиги тўғрисида мулоҳаза юритиб ўтирмаймиз. Яхшиси меҳнат бозорида ушбу лавозим талабгорларига қандай шартлар таклиф қилинаётганлигини таҳлил қиламиз.
Шарҳни тайёрлаш чоғида 5 та сайтдаги бўш иш ўринларини кўриб чиқдик. Уларнинг баъзилари турли ресурсларда такрорланган, шу сабабли уларни эътиборга олмадик. Дарвоқе, иш ҳақини келишув бўйича белгилашни таклиф этаётган иш берувчиларнинг ҳам бўш иш ўринларини қараб чиқмадик. Жами очиқ фойдаланишда бўлган 70 дан ортиқ бўш иш ўринларини кўриб чиқдик.
қайси ИХТИСОСЛикдаги бухгалтер керак?
Ҳисоб илмидан бехабар кишигина бухгалтер касби биттагина касб дейиши мумкин. Мутахассислар эса уларни бажариладиган ишларнинг турига қараб бош, моддий, ҳисоб-китоб бухгалтерлари, бухгалтерларнинг ёрдамчиларига бўладилар. Бундай тақсимлашни иш берувчиларнинг эҳтиёжи тақозо этади. Бўш иш ўринларининг кўпчилиги «бош бухгалтер» лавозимига, энг оз талаб эса «моддий бухгалтер» лавозимига тўғри келади. Ёрдамчилар ва ҳисоб-китоб бухгалтерлари учун ҳам кўп иш таклиф этилади.
Бўш иш ўринларига талабгорни қидириш вақтига келсак, бош ва моддий бухгалтерларни ёллаш эълонлари «фаол» ҳолатда бўлади. Ушбу лавозимларга иш тажрибасига эга бўлган мутахассислар изланади, уларга катта талаблар қўйилади.
МЕҲНАТ ДАФТАРЧАСИНИ КЎРСАТИНГ
Иш берувчилар яхши таълим олмаган бухгалтерия ҳисоби мутахассиси қанчалик хавфли эканлигини яхши биладилар. Аввало нотўғри ҳисоб солиқ қонунчилиги талаблари бузилишига, бунинг оқибатида, биринчи навбатда раҳбар жавобгар бўлишига олиб келади. Айни шу сабабли биринчи ўринда бухгалтернинг тажрибаси бор-йўқлиги баҳоланади. Албатта, ёшларни «ўстирадиган» ва талабалик давридан бошланғич билим берадиган ташкилотлар бор. Бироқ бундайлар кам учрайди, иш берувчилар ҳатто «бухгалтер ёрдамчиси» лавозимига кечаги талабалар ёки курс битирувчиларини олавермайдилар. Ушбу мутахассис лоақал бир йил ишлаши керак. Иш тажрибаси муҳим эмас деб кўрсатадиган ташкилот жуда кам.
Бош бухгалтер лавозимига даъвогарлардан иш тажрибаси кўпроқ талаб қилинади: одатда шу касбдаги стажи 5 йилдан ошадиганларни олишни истайдилар. Камида 3 йиллик стажнинг бўлиши – уларнинг ёрдамчилари учун мезон. Моддий йўналиш мутахассисига бир йилдан кўпроқ, ҳисоб-китоб бухгалтерига 1–3 йиллик профессионал стажи бўлганда эътибор қаратишади. Бухгалтер ёрдамчиси қилиб тажрибасиз кишини олишлари ҳам мумкин, бироқ лоақал 1 йиллик амалиёт ўтаган бўлишини маъқул кўришади.
ДИПЛОМ БОРМИ?
Тажриба – иш берувчи бухгалтерларни танлаши учун ҳисобга олинадиган бирдан-бир мезон эмас. Маълумоти ҳам муҳим. Илгари унга алоҳида талаблар қўйишмаган, ҳозир эса дипломли мутахассисларни кутадилар. Кўпинча иш берувчиларни олий маълумотли даъвогарлар қизиқтиради (бўш иш ўринларининг 45,1%и). Бир иш берувчи бўлғуси ходимда магистрлик даражаси бўлиши кераклигини қайд этган. «Аҳамияти йўқ» деганлар 29,6%ни ташкил этади, бўш иш ўринлари таклиф этувчиларнинг 22,5%ига ўрта махсус маълумот бўлиши зарур.
Дипломи борлиги учунгина бухгалтерни юқори даражадаги мутахассис деб бўлмайди. Уларнинг ҳаммаси ҳам иқтисодий йўналишдаги олий ўқув юртидан келмайди. Шундай бўлса-да, кўп ҳолларда бундай таълим муассасасини тугатмаган бухгалтерлар ҳам текширув якунлари бўйича аъло натижалар кўрсатадилар. Мутахассисларнинг кўпчилиги – амалиётчилар, кўпинча ходимни танлаш чоғида, тажрибасидан ташқари, у ҳақда аввалги иш жойларидан олинган маълумотларга ҳам эътибор қаратадилар.
Малакасини доимо ошириб борадиган, малака сертификатларига эга бўлган талабгорларнинг имконияти анча катта. Бугунги кунда ушбу соҳада CAP/CIPA дастури бўйича бухгалтерлар ва аудиторларнинг сертификатланиши анча оммалашган. Ихтиёрий асосда мутахассисларни миллий сертификатлаштириш дастурини барпо этиш масаласи муҳокама қилиняпти. Ўзбекистонда олиш мумкин бўлган сертификатлаштиришнинг бошқа турлари ҳам мавжуд. Курс ва семинарларда ҳам малака ошириш мумкин, уларда тармоқ ва хусусан бухгалтерия ҳисобини ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинади. Шу сабабли нафақат мутахассиснинг бошланғич маълумоти, балки касбда ривожланиш хоҳишини ҳам баҳолаш муҳимдир.
БУХГАЛТЕР ЁШИНИНГ АҲАМИЯТИ ЙЎҚ!
Тармоқда чоп этилган эълонларда кўпинча талабгорларнинг ёши кўрсатилади. Иш берувчилар учун 20–50 яшар талабгорлар энг жозибали саналади. Ҳатто бухгалтер ёрдамчиси лавозимига 22 ёшли мутахассислар учун бўш иш ўринлари кам учрайди. Эҳтимол, бунда гендер масаласи роль ўйнар, зеро ушбу лавозимда кўпроқ аёллар ишлайди, улар ёшроқ бўлган даврда иш ўрнига оила тўғрисида кўпроқ ўйлайдилар. Давлат органларидаги бўш иш ўринлари учун ҳам талаб қилинаётган мутахассисларнинг ёши кўрсатилмайди.
ЗЎРИҚИШГА БАРДОШЛИ БЎЛСИНЛАР!
Номақбул мутахассисни ишга қабул қилишдан имкони борича халос бўлишни хоҳлайдиган иш берувчилар талабгор қандай кўникма ва хислатларга эга бўлиши кераклигини кўрсатиб ўтадилар. Номзоднинг шахсий хислатларига қўйиладиган энг кўп учровчи талаблардан бири – зўриқишларга бардошли бўлиш. Бу талабни тушунса бўлади – иш мураккаб, аниқликни талаб этади. Мутахассисни батартиб, киришимли, амалий мулоқот кўникмаларини эгаллаган шахс сифатида кўришни хоҳлайдиган иш берувчилар бор. Эҳтимол, бухгалтер бундай корхонада мижозлар билан ҳам шундай мулоқотда бўлар. Бошқаларга зарарли одатларга эга бўлганлар керак эмас – уларда чекувчиларга ўрин йўқ! Яна бир талаб – саросимага тушиб қолмаслик талабидир.
ИШ ҲАҚИЧИ?
Асосий масала – иш берувчилар таклиф қиладиган иш ҳақи ҳақида гапирсак. Табиийки, энг юқори ҳақни бош бухгалтерларга таклиф қиладилар. Иккита бўш иш ўрнига 4–4,5 млн сўм таклиф қилганлар. Бироқ кўпинча иш ҳақи 1,5 млн сўмни ташкил этади. 1 млн сўмдан кам иш ҳақи таклиф қилинадиган иш жойларига давлат ташкилотлари чақирадилар. Ўриндошлар учун ҳам таклифлар бор – 500 минг сўмдан бошланади.
Иш ҳақи: бош бухгалтер
Ҳисоб-китоб бухгалтерига иш берувчилар ойига кўпи билан 2 млн сўм тўлаш ниятидалар. Бироқ кўпинча 2,5 баравар кам (800 минг сўм), оз ҳолларда – 600 минг ва 1 млн сўм тўланади. Меҳнат бозорида бухгалтерлар ёрдамчилари бобида ҳам шундай вазият шаклланган.
Иш ҳақи: ҳисоб-китоб бухгалтери
Иш ҳақи: бухгалтер ёрдамчиси
Моддий йўналиш бухгалтерлари учун бўш иш ўринлари кўп эмас. Кўпчилик иш берувчилар улар меҳнатига 1 млн сўм тўлашга тайёрлар. Бироқ 450 минг сўмлик ишга ҳам таклифлар бўлди.
Иш ҳақи: моддий бухгалтер
Амалиётда кўпчилик бухгалтерлар бир неча ташкилотда ишлайдилар. Уларнинг ҳар бири кўп бўлмаган меҳнат ҳақи белгилайди. Бироқ улардаги бухгалтерия ҳисоби ҳам кун бўйи банд бўлишни талаб қилмайди. Рекрутинг сайтларида асосан 5–6 кунлик меҳнат ҳафтаси шароитида бухгалтернинг тўлиқ иш кунига ҳақ тўлашга рози бўлган компанияларнинг эълонлари чоп этилади.
ҚАҲВА ВА ЙЎЛ ЧИПТАСИЧИ?
Энди иш берувчилар бўлғуси ходимларга таклиф этадиган «бонуслар» ҳақида. Кўпинча талабгорларни бепул тушлик ёки овқатланиш харажатларини тўлаш билан жалб этадилар. Иш берувчилар номзодларга транспорт, унда юриш харажатларини қоплаш ёки йўл чиптасини ҳам таклиф қиладилар. Эҳтимол, бу муайян жойгача олиб борадиган корпоратив автобус бўлар, уйгача олиб борадиган такси ҳам бўлиши мумкин. Бир нечта компания тиббий хизмат кўрсатиш билан, баъзилари эса малака ошириш имконияти билан таъминлашга тайёр. Энг ноёб «бонус» – Меҳнат кодексига кўра ишга расмийлаштириш.
Ольга КИРЬЯКОВА,
мухбиримиз.