Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 39 / Солиқ солиш

Соврин сифатида берилган автомобиль ҳисоби

Компания (ХХТУТ бўйича коди – 84300) реклама хизматлари кўрсатади. Хорижий ҳамкор билан реклама акциясига шартнома тузиш нияти бор. Биз уларнинг товарини реклама қиламиз ва ютуқли ўйин (реклама акцияси) ўтказамиз. Бош соврин – Ўзбекистоннинг «Нексия» автомашинаси. Буюртмачи ҳисобрақамимизга автомашина қиймати ва бошқа харажатлар, шунингдек бизга тўланадиган ҳақни ўз ичига оладиган реклама акцияси бўйича харажатлар тўловини ўтказади.

Соврин олган жисмоний шахсга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинадими ва қандай ставкада? Агар солинса, реклама компанияси соврин олувчи учун ЖШДС ва автомобилни расмийлаштириш харажатларини буюртмачи қоплайдиган маблағлар ҳисобига тўлаш ҳуқуқига эгами? Буни қандай ҳужжатда акс эттириш зарур? Агар ўзбек автомобили бир йил ўтганидан кейин бошқа шахсга берилса, уни қандай расмийлаштириш керак? Агар буюртмачи автомобиль ҳақини тўласа, реклама компаниясини четлаб, мазкур автомобилни расмийлаштириши ва уни балансга кирим қилмаслиги мумкинми? Совриннинг берилиши қандай ҳужжатлар билан расмийлаштирилади? Автомобилни реклама акцияси доирасида соврин сифатида беришнинг тартиби қандай? Мазкур операцияни бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттириш керак? Соврин олувчи жисмоний шахс учун қандай солиқ оқибатлари бўлади?

Х.Толипова,

бош бухгалтер.

 

– Автомобилни расмийлаштириш ва ютуқ оладиган жисмоний шахснинг даромадига солиқ солиш бобида берилган саволларга жавоблар реклама акциясини ҳуқуқий ташкил этиш усулларига боғлиқдир.

Биринчи вариантда реклама компаниясининг ўзи автомобилни олувчи ва соврин топширадиган компания бўлиши, иккинчи вариантда эса – буюртмачи компания, норезидент бўлиши мумкин.

 

БИРИНЧИ ВАРИАНТ:

реклама компанияси соврин – автомашинани харид қилади ва уни соврин олувчига топширади

 

ЖШДС: КИМ ҚАНЧА ТЎЛАЙДИ

Солиқ кодексининг 178-моддасида ютуқлар жисмоний шахсларнинг бошқа даромадлари жумласига киритилади: ютуқ деганда лотереялар, ўйинлар, танловлар, мусобақалар (олимпиадалар), фестиваллар ва шу каби бошқа тадбирларда олинган тўловлар, шу жумладан совринлар тушунилади (Солиқ кодексининг 22-моддаси).

Жисмоний шахсларнинг бошқа даромадларига тўлов манбаида солиқ солинади (Солиқ кодексининг 184-моддаси). Мазкур вазиятда у реклама компанияси бўлади, шу сабабли солиқни ҳисоблаб чиқариш, ушлаб қолиш ва тўлаш мажбурияти унга юклатилади.

Солиқ кодексининг 185-моддасида назарда тутилишича, тўлов манбаида солиқ солиш белгиланган ставкадан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади. Агар асосий бўлмаган иш жойидан даромадлар олаётган жисмоний шахс бухгалтерияга ўз даромадидан ЖШДСни унинг энг юқори ставкаси бўйича ушлаб қолиш тўғрисида ариза берса, даромадлар тўлаётган юридик шахс даромад солиғини энг юқори ставка бўйича ушлаб қолади (Солиқ кодексининг 186-моддаси). Ушбу меъёрлардан келиб чиқиб солиқ агенти – юридик шахс совринни топшириш чоғида ЖШДСни белгиланган ставкада ушлаб қолиши шарт. Ушбу ҳолда жисмоний шахс даромадлар тўғрисида декларация тақдим этиши шарт. Соврин олувчининг энг юқори ставкада ушлаб қолиш тўғрисида аризаси мавжуд бўлганда солиқ 23% миқдорида ҳисоблаб чиқарилади.

Соврин топширувчи реклама компанияси ЖШДСни ўз ҳисобидан тўлашга қарор қилганда мазкур суммани жисмоний шахснинг солиқ солинадиган даромади деб эътироф этиш хатари вужудга келади. Юридик шахс тўлаган ЖШДС суммаси Солиқ кодексининг 177-моддасига кўра жисмоний шахснинг моддий наф тарзидаги даромадларига киритилади.

 

СОВРИН БЕРИЛИШИНИ ҚАНДАЙ РАСМИЙЛАШТИРИШ КЕРАК

Оддий соврин берилишида қабул қилиш-топшириш далолатномасини расмийлаштириш етарли бўлар эди. Бироқ соврин махсус тартибга солиниши белгиланган мол-мулк ҳисобланади. Шу сабабли автомобилни ҳадя қилиш шартномасини расмийлаштириш, уни нотариусда рўйхатдан ўтказиш ва ДЙҲХХ органларида расмийлаштириш керак. Автобитимларни расмийлаштириш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 7.03.2006 йилдаги 38-сон Қарори билан тасдиқланган) билан белгиланади. Ушбу ҳужжатга кўра 18 ёшга тўлмаган шахсларга автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштиришга йўл қўйилмайди, лотерея ва бошқа оммавий ўйинларнинг ютуқлари бўлган автомототранспорт воситалари бундан мустасно.

ВМнинг 3.11.1994 йилдаги 533-сон Қарорига эътибор қаратиш керак, унда мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, фойдаланиш муддати расмий дилерлардан харид қилинган кундан бошлаб 1 йилдан ошмайдиган енгил автотранспорт воситаларидан фойдаланиш ва (ёки) уларни тасарруф этиш ҳуқуқига ишончномалар, уларнинг олди-сотди ва ҳадя шартномаларини нотариал тасдиқлашга давлат божи ставкалари белгиланган. Бож ҳар бир от кучига энг кам иш ҳақининг 5 баравари миқдорида ундирилади.

 

СОВРИН АВТОМОБИЛНИНГ ҲИСОБИНИ ЮРИТИШ

Автомобиллар билан битимларни расмийлаштириш ўзига хослиги сабабли реклама компанияси уни балансга қабул қилиши керак, чунки у реализацияга қадар транспортни масъулиятли сақлашга қабул қилинган товарлар ҳисобварақларида ҳисобга олувчи расмий автодилер ҳисобланмайди. Натижада янги автомобилни расмийлаштириш учун зарур бўлган барча ҳужжатлар юридик шахс – реклама компаниясига расмийлаштирилади.

 

 

ИККИНЧИ ВАРИАНТ:

норезидент буюртмачи ютуқни харид қилади ва уни соврин олувчига ўзи топширади

 

СОВРИН ОЛУВЧИГА СОЛИҚ СОЛИШ

Агар хорижий компания соврин топшириш учун автомобилни мустақил равишда харид қилса ва ютуқни топширса, жисмоний шахснинг бундай даромадларига декларация асосида ЎзРдан ташқаридаги манбалардан олинган даромадлар сифатида солиқ солинади (Солиқ кодексининг 189-моддаси).

 

СОВРИН БЕРИШНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ

Совринни топшириш норезидент компания томонидан соврин олувчи жисмоний шахсга автомобилни ҳадя қилиш шартномаси билан расмийлаштирилади. Соврин олувчида автотранспорт воситаларини харид қилганлик учун ЖШДС, йиғимлар ва божлар тўлаш бўйича мажбуриятлар вужудга келади.

 

АВТОМОБИЛНИ НОРЕЗИДЕНТ КОМПАНИЯ ХАРИД ҚИЛГАНДА

Агар реклама акцияси буюртмачиси автомобилни ўзи харид қилса, қуйидагиларни ҳисобга олиши керак:

у хорижий компания ҳисобланади. Тегишинча, автомобилни чет эл валютасига харид қилиш шартномаси, товарларни Ўзбекистон божхона ҳудудидан уларни қайтариб олиб кириш мажбуриятисиз олиб чиқиш шарти билан, ташқи савдо битими ҳисобланади. Экспорт шартномаси бўйича харид қилинган товардан Ўзбекистонда фойдаланиш мумкин бўлган истисноли ҳолат Президентнинг 26.03.2012 йилдаги ПҚ-1731-сон Қарори билан белгиланган. У мамлакатимиз товар ишлаб чиқарувчиларига Ўзбекистон ҳудудида фойдаланиш назарда тутилган ўзида ишлаб чиқарилган товарларни етказиб беришга тўғридан-тўғри битимлар шартида норезидентлар билан хорижий валютада шартномалар тузиш имкониятини беради. Бунинг маъноси шуки, буюртмачингиз автомобиль харид қилишга ишлаб чиқарувчи завод билан шартнома тузиши керак;

автомобиль норезидент компания номига расмийлаштирилади, бу таомилни бажариш анчагина мураккаб;

барча ҳужжатлар расмийлаштирилганидан кейин реклама акцияси буюртмачиси автомобилни реклама акцияси ўтказаётган компанияга масъулиятли сақлашга бериши мумкин. Шуни ҳисобга олиш лозимки, Фуқаролик кодексининг 842-моддасига кўра, агар шартномада бошқача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, воситачи сифатида реклама компанияси ўз ихтиёрида бўлган комитентнинг мол-мулкини сақлаш юзасидан қилган харажатлари қопланишига ҳақли эмас. Комитентдан сақлашга автомобиль олинганда унинг қиймати реклама компанияси (воситачи)нинг баланс ҳисобварақларида ҳисобга олинмайди.

 

АКЦИЯНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ЧОҒИДА РЕКЛАМА КОМПАНИЯСИНИНГ ХАРАЖАТЛАРИНИ ҚОПЛАШ ИМКОНИЯТИ

Реклама акциясини ўтказиш ва соврин топшириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш воситачилик шартномаси билан белгиланиши мумкин. ФКнинг 842-моддасида назарда тутилишича, комитент воситачилик ҳақини тўлашдан ташқари, воситачилик топшириғини бажариш юзасидан воситачи сарфлаган суммаларни ҳам унга тўлаши шарт. Хорижий компания билан шартнома бўйича реклама акциясини ўтказиб, реклама фирмаси уни ташкил этишга қилинган барча харажатларни қоплаш ҳуқуқига эгадир. Қоплаш объектлари ва суммаларини шартнома билан тартибга солиш керак. Воситачи комитент манфаатларини кўзлаб шартнома асосида содир этган операциялар бўйича комитентга ҳисобот тақдим этилади, унинг мазмуни ва ревизитлари Ҳисобварақ-фактураларни ҳисобга олиш ва расмийлаштириш тартиби (МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 3-илова) қоидалари билан белгиланади.

Агар ташкилот реклама акциясини воситачилик шартномаси бўйича эмас, балки ҳақ эвазига хизматлар кўрсатиш шартномаси бўйича ўтказса, унга қоплаш имконияти назарда тутилмаган. Ижрочи таннархини шакллантирган ҳолда хизматни ташкил этиш харажатларини ўзи кўтаради. Шартнома суммаси хизмат таннархи ва даромадни қўшган ҳолда белгиланади.

Гўзал ИСЛОМОВА,

«Baker Tilly Tashkent» МЧЖ АТ
бошқаруви раиси.

 

P.S.

Саволда кўриб чиқилаётган вазиятни бошқа вариантларда амалга ошириш имкониятлари кўп. Шу сабабли реклама акциясини ҳуқуқий ташкил этиш тизимини батафсил ишлаб чиқишда (буюртмачи билан тузиладиган шартнома тури, акция ташкилотчиси бўлган компания ва ғолиби учун харажатларни ва вужудга келадиган солиқ оқибатларини қоплашни аниқлаш тартиби) мутахассислар ва экспертларни жалб этиш талаб қилинади.

Прочитано: 2275 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика