ЯСТ тўловчиси бўлган қурилиш ташкилоти биржада ишлаб чиқариш базасини харид қилди. У бино ва иншоотлар комплекси – омборхоналар, идора биноси, назорат-ўтказиш пункти, устахона ва цехлар, бостирмалар, темир-бетон тўсиқлар ва бошқалардан иборат. Харид ҳужжатларида бутун базанинг харид қиймати, унинг алоҳида объектлари бўйича 1991 йил нархларидаги қиймати ва олди-сотди пайтидаги ҳолат бўйича уларнинг эскириш фоизи кўрсатилган. Ташкилот уни сотиш ниятида.
Ишлаб чиқариш базасини реализация қилиш чоғида мол-мулкни ҳисобга олиш ва ҳисобдан чиқариш тартиби қандай? Ушбу операциядан қандай солиқ оқибатлари юзага келиши мумкин?
Н.Костана, МЧЖ бош бухгалтери.
СОТИШ УЧУН СОТИБ ОЛИШ
Шуни аниқлаштириб олиш лозимки, агар ишлаб чиқариш базаси аввал-бошдан қайта сотиш учун харид қилинган бўлса (мазкур ҳолат муассис қарорлари, раҳбар буйруқлари ёки бошқа ички ҳужжатларда белгиланган бўлиши мумкин), харид қилинган актив товар деб эътироф этилиши ва 4-сон БҲМС «Товар-моддий захиралар»га (молия вазирининг АВ томонидан 17.07.2006 йилда 1595-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган) мувофиқ ТМЗни ҳисобга олиш ҳисобварақларида ҳисобга олиниши мумкин.
Товар-моддий захиралар ташкилотда бошқа юридик ёки жисмоний шахслардан харид қилинган (олинган) ва унинг одатдаги фаолияти давомида қўшимча ишловсиз сотиш ёки қайта сотиш учун мўлжалланган товарлар тарзида туриши мумкин. Узоқ муддатли активлар (бинолар, иншоотлар, транспорт воситалари, мулкий (мутлақ) ҳуқуқлар ва бошқалар) ҳам, агар кейин сотиш ёки қайта сотиш мақсадида харид қилинган бўлса, товар деб ҳисобланиши мумкин.
Мазкур ҳолда мол-мулкнинг келиб тушиши Дт 2990; Кт 6010, чиқиб кетиши эса, ТМЗнинг стандарт чиқиб кетиши сингари, Дт 9120; Кт 2990 проводкаси билан акс эттирилади. ЯСТ тўловчиси учун солиқ солинадиган база бўлиб мол-мулкни реализация қилишдан олинган бутун тушум ҳисобланади.
Қайта сотиш мақсадида харид қилинган ишлаб чиқариш базасини реализация қилишнинг бундай вазиятида реализацияни улгуржи савдо деб эътироф этиш хатари мавжуд. Улгуржи савдо фаолиятини лицензиялаш тўғрисида низомга (ВМнинг 5.11.2005 йилдаги 242-сон Қарори билан тасдиқланган) кўра тижорат мақсадларида фойдаланиш ёки ўз ишлаб чиқариш-хўжалик эҳтиёжлари учун ҳисоб-китобларнинг нақд пулсиз шаклида харид қилинадиган товарларни сотиш улгуржи савдо фаолияти деб эътироф этилади. Ушбу ҳолда корхонага улгуржи савдо қилиши учун лицензия керак, чунки бирор-бир ишлов бермасдан мол-мулкни қайта сотиш мақсадида харид қилиш ва кейинроқ сотиш операциясида улгуржи савдонинг барча аломатлари мавжуд.
ЎЗИ УЧУН СОТИБ ОЛИШ
Агар мол-мулкни харид қилишдан мақсад уни қайта сотиш ҳисобланмаган бўлса, бу локал ва (ёки) бирламчи ҳужжатлар (муассиснинг қарори, мол-мулкни яхшилаш билан боғлиқ харажатлар ва бошқа ҳужжатларнинг мавжудлиги) билан тасдиқланса, унинг ҳисоби 0800-ҳисобварақлар дебети бўйича юритилади. Уни сотиш тўғрисида қарор қабул қилинганда ишлаб чиқариш базасининг чиқиб кетиши ҳисобда қуйидагича акс эттирилади:
Мол-мулк ҳақ эвазига реализация қилинганда унинг чиқиб кетиши
|
||
Хўжалик операциясининг мазмуни
|
Дебет
|
Кредит
|
Мол-мулк шакллантирилган қийматининг ҳисобдан чиқарилиши
|
9220-«Бошқа активларнинг чиқиб кетиши»
|
0820-«Асосий воситаларни харид қилиш»
|
Реализациядан олинган тушум акс эттирилди
|
4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар»
|
9220-«Бошқа активларнинг чиқиб кетиши»
|
Реализациядан кўрилган зарар акс эттирилди
|
9430-«Бошқа операцион харажатлар»
|
9220-«Бошқа активларнинг чиқиб кетиши»
|
Реализациядан олинган фойда акс эттирилди
|
9220-«Бошқа активларнинг чиқиб кетиши»
|
9320-«Бошқа активларнинг чиқиб кетишидан фойда»
|
Ушбу ҳолда ЯСТ бўйича солиқ солинадиган база бўлиб бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган мол-мулкнинг чиқиб кетишидан фойда ҳисобланади.
Дастлаб хўжалик фаолиятида фойдаланиш учун олинган асосий восита сифатида ёки капитал қўйилмалар ҳисобварақларида ҳисобга олинадиган актив чиқиб кетган тақдирда реализацияни улгуржи савдо деб эътироф этиш хатари юзага келмайди. Бироқ корхона актив ўз эҳтиёжлари учун харид қилинганлигини исботлайдиган бирламчи ёки локал ҳужжатларга эга бўлиши керак. Ишлаб чиқариш базасининг юқорида баён этилганидек олинишида мақсадини кўрсатган ҳолда бундай битим тузиш мумкинлиги тўғрисида муассислар қарори мавжуд эканлиги эҳтимоли етарлича юқори, чунки у «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида» (26.04.1996 йилдаги 223-I-сон, 6.05.2014 йилдаги ЎРҚ-370-сон Қонун таҳририда) ёки «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги (6.12.2001 йилдаги 310-II-сон) қонунларга мувофиқ йирик битимларга киритилиши мумкин.
Гўзал ИСЛОМОВА,
«Baker Tilly Tashkent» МЧЖ АТ бошқаруви раиси.