Республикамиз божхоначилари божхона чегаралари орқали нақд хорижий валюталарнинг ноқонуний олиб ўтилишининг олдини олиш борасида мунтазам чора-тадбирларни олиб боришмоқда. Хусусан, «Тошкент-Аэро» ИБК ходимлари томонидан шу турдаги бир нечта божхона қоидабузарликлари фош қилинди.
● Маълум бўлишича, аёлларнинг бежирим сумкалари фақатгина пардоз-андоз воситалари учун хизмат қилмас экан: масалан, ундан божхоначиларнинг кўзини шамғалат қилиб, нақд хорижий валюталарни яшириб олиб ўтишга уриниб кўриш мумкин! Ҳар ҳолда сирдарёлик Ким хоним айнан шундай фикрга бориб қонунбузарликка йўл қўйган! Аммо Сеулга учиш олдидан божхона назорати вақтида бу каби ўйларнинг барчаси ҳавога учди! Оқибатда аёл 2 500 АҚШ доллари билан «хайрлашди».
● Красноярсклик Еленага елкасига ортган рюкзаги «оғирлик қилди»: назорат-рентген аппарати рюкзакка яширилган 2 800 АҚШ долларини бир лаҳзада фош қилгач, у мазкур ашёларни ташлаб кетишга мажбур бўлди.
● Ён дафтарда фақат муҳим воқеа-ҳодисалар қайд қилинади десангиз адашасиз! Қарангки, Россия Федерациясига йўл олган чустлик Шавкатжон ён дафтарида нақд хорижий валюталарни сақлар экан. Натижада божхона кўриги давомида божхоначилар ён дафтар саҳифаларини эмас, унга яширилган 3 400 АҚШ долларини «варақлашди».
● «Тошкент-Деҳли» йўналиши бўйича ўз юртига отланган жаноб Сингх эса ҳамёнидаги 3 900 АҚШ долларини божхона баённомасида қайд этишни «унутиб» қўйибди.
● Мавританиялик Ясин «Тошкент-Дубай» парвозига бироз кечикди. Бунга эса божхона назоратидан яширин равишда олиб ўтишни кўзлаб, чўнтагига беркитган салкам 4 минг АҚШ доллари «сабабчи» бўлди!
● Москвага парвози олдидан россиялик Наташа ҳам қўл сумкаси орқали ноқонуний олиб чиқишга уринган 10 минг АҚШ доллари тўғрисида божхоначиларга тушунтириш беришга ҳарчанд ҳаракат қилмасин, барча баҳоналари энди беҳуда!
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текшируви ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, республикамизнинг чегара-божхона постлари ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали чиқиб кетаётган шахслар валюта назоратидан ўтказилади. Амалдаги тартибларга мувофиқ, божхона чегарасини кесиб ўтаётган жисмоний шахслар томонидан тўлдириладиган йўловчи божхона декларациясида Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий ва чет эл валютаси, бошқа валюта бойликлари ҳамда қимматбаҳо буюмларнинг мавжудлиги ва миқдори кўрсатилиши шарт.
Республикамизда резидентларга 2 000 АҚШ доллари эквивалентидаги нақд хорижий валюталарни йўловчи божхона декларациясида ёзма қайд этиш шарти билан эркин олиб чиқишга рухсат этилади. Бундан ортиқ миқдордаги нақд валюталарни олиб чиқиш учун эса ваколатли банклар ёки Марказий банкнинг ўрнатилган тартибдаги рухсатномаси талаб қилинади.
Норезидентларга эса Ўзбекистонга кириб келаётганда ўзи билан олиб келган ҳамда божхонага тақдим этилган йўловчи божхона декларациясида қайд этилган миқдордаги хорижий валютани олиб чиқишга рухсат берилган.
«Тошкент-Аэро» ИБК Ахборот хизмати.
Жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида «Тошкент-Аэро» ИБК ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 220 дан ортиқ божхона қоидабузарликлари натижасида 297 минг АҚШ доллари, салкам 26 минг евро, 2,2 млндан ортиқ Россия рубли ва бошқа нақд хорижий валюталарнинг ноқонуний олиб ўтилишининг олди олинди.