Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 39 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Кўздан кечириш ва божхона кўриги қандай ўтказилади

Ҳар қандай ташқи иқтисодий фаолият юкларни чегара орқали олиб ўтиш билан боғлиқлиги сир эмас. Шу сабабли ҳудуд бўйлаб ўтадиган ва давлат чегараси орқали олиб ўтиладиган барча товарлар ва транспорт воситалари божхона назоратидан ўтказилади, уни божхона органлари иқтисодий хавфсизликни таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларига риоя этиш мақсадида амалга оширадилар.

Божхона назоратининг шаклларидан бири сифатида товарлар ва транспорт воситаларини кўздан кечириш ва божхона кўригидан ўтказиш белгиланган.

Давлат божхона қўмитасининг қарори билан яқинда тасдиқланган Товар ва транспорт воситаларини давлат божхона хизмати органлари ходимлари томонидан кўздан кечириш ҳамда божхона кўригидан ўтказиш бўйича йўриқнома (рўйхат рақами 2714, 11.09.2015 йил) кўрсатилган таомилларни ўтказиш тартибини белгилайди.

 

Йўриқномада, энг аввало, «кўздан кечириш» ва «божхона кўриги» тушунчаларининг таърифи берилган. Демак, кўздан кечириш деганда товарлар ва транспорт воситаларини транспорт воситалари ва уларнинг юк ортиладиган бўлмаларига ўрнатилган пломбалар, муҳрлар ва бошқа божхона қиёслаш воситаларини бузмасдан, товарлар ўрамларини ва қўл юкларини очмасдан, текширилаётган объектлар ва бошқа қисмларни демонтаж қилмасдан ҳамда бошқа йўллар билан бутлигини бузмасдан текшириш тушунилади. Божхона кўриги товарларнинг ўрамини, транспорт воситалари, уларнинг юк ортиладиган бўлими ёки бошқа жойларни очиб, уларнинг божхона ­пломбалари ва бошқа қиёслаш воситаларини бузиб, текширилаётган объектлар ва бошқа қисмларни демонтаж қилиб ёки бошқа йўллар билан бутлигини бузиб очиш орқали уларни санаш, ўлчаш, тақдим қилинган ҳужжатлардаги маълумотларга товарларнинг мос келишини ўрганиш билан боғлиқ бўлган ҳаракатларни англатади.

Ҳужжатга кўра, кўздан кечириш ва божхона кўригини амалга оширишда инсон, ҳайвонот ва ўсимликлар ҳаёти ва соғлиғи учун хавфсиз бўлган ҳамда товарлар ва транспорт воситаларига зиён етказмайдиган техникавий ва бошқа воситалар қўлланилиши мумкин.

Кўздан кечириш ва божхона кўригини амалга оширишда божхона органи ходими Божхона кодексининг 53-моддасига мувофиқ ёрдам кўрсатиш учун мутахассислар ва экспертларни жалб этиши мумкин.

Божхона кўриги натижалари божхона кўриги далолатномасида (Йўриқномада белгиланган шаклда) қайд этилади. Далолатнома «Божхона кўриги» автоматлаштирилган ахборот тизимида божхона кўригини амалга оширган божхона органи ходимининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқлаш йўли билан расмийлаштирилади. Божхона кўриги натижасида божхона қоидалари бузилиши ҳолати аниқланган тақдирда ёки декларантнинг талабига кўра, далолатнома қоғозга чоп этилади ва божхона кўригини амалга оширган божхона органи ходимининг имзоси ва шахсий муҳри билан тасдиқланади. Далолатнома божхона кўригида иштирок этган шахслар томонидан ҳам имзоланади. У 3 йил мобайнида сақланади. Бунда ушбу муддатни ҳисоблаш далолатнома расмийлаштирилган йилдан кейинги йилнинг 1 январидан бошланади.

Фуқароларнинг қўл юклари, багажлари, халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари божхона кўригидан ўтказилганда далолатнома расмийлаштирилмайди (бундан божхона юк декларацияси расмийлаштириладиган ҳолатлар мустасно).

Битта транспорт воситасидан бошқа транспорт воситасига товарлар юкланаётганда кўздан кечириш ва божхона кўриги қайта юклаш жараёнини назорат қилувчи ташқи иқтисодий фаолият ёки чегара божхона постида амалга оширилади. Бундай ҳолларда божхона кўригини амалга ошириш учун божхона органи ходимининг билдиргиси ҳамда божхона пости бошлиғининг (ёки унинг вазифасини бажарувчи шахснинг) ёзма рухсати талаб этилмайди.

 

ЧЕГАРА БОЖХОНА ПОСТЛАРИДА БОЖХОНА НАЗОРАТИ

Йўриқномага биноан, чегара божхона постлари орқали ҳаракатланаётган барча товарлар ва транспорт воситалари кўздан кечирилиши лозим.

Товар ва транспорт воситаларининг мажбурий божхона кўриги эса қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

товарга илова қилинган ҳужжатлардаги маълумотлар ўзаро бир-бирига мувофиқ бўлмаган ёки товарларнинг тўлиқ номи ва камида олтита белгили кодлари кўрсатилмаганда. Бунда товарларнинг тўлиқ номи ва камида олтита белгили кодлари кўрсатилмаган ҳолларда транспорт воситасига нисбатан ваколатли шахс ушбу маълумотларни ҳужжатлар тақдим қилинган пайтдан бошлаб 24 соат ичида тақдим қилса, чегара божхона постида божхона кўригини ўтказиш талаб қилинмайди;

божхона назоратининг техник воситаларини қўллаш якунлари бўйича амалдаги маълумотларнинг товарга илова қилинган ҳужжатлардаги маълумотларга номувофиқлиги аниқланганда;

транспорт воситасининг юк бўлмасига бевосита (эркин) кириш имконияти мавжуд бўлганда;

Давлат божхона қўмитасига бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ёки давлат бошқаруви органларидан тушган материаллар, шунингдек хорижий давлатларнинг божхона ва бошқа давлат органларидан ҳамда халқаро ташкилотлардан олинган божхона кўригини амалга ошириш зарурлиги тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлганда;

божхона органи ходимларида божхона қонун ҳужжатлари бузилганлиги тўғрисида асосли гумони мавжуд бўлганда.

Мажбурий божхона кўригини амалга ошириш учун божхона органи ходимининг билдиргиси ва божхона пости бошлиғининг (ёки унинг вазифасини бажарувчи шахснинг) ёзма рухсати зарур.

Транспорт воситаларининг божхона чегараси орқали ҳаракатланишида уларни кўздан кечириш технологик схемаларда* белгиланган вақтдан ошмаслиги лозим.

Транспорт воситаларини кўздан кечиришда уларнинг ташқи томони, юк бўлимлари ва қисмлари кўздан кечирилади.

Фуқаролар қўл юклари ва багажларини кўздан кечириш улар бўйича ҳужжатлар божхона органи ходимига тақдим қилинган вақтда ўтказилади.

Кўздан кечириш ва божхона кўриги товарларни ташиётган транспорт воситасига ваколатли шахс (ёки унинг вакили) иштирокида ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, Божхона кодексининг 44-моддаси иккинчи ва тўртинчи қисмларига биноан товарлар ва транспорт воситаларига нисбатан ваколатларга эга бўлган шахслар товарлар ва транспорт воситаларини кўздан кечириш пайтида ҳозир бўлишга ҳақлидир, божхона органлари мансабдор шахсларининг талабига кўра эса текшириш пайтида ҳозир бўлишлари ва божхона органларининг мансабдор шахсларига зарур ёрдам кўрсатишлари шарт.

Товарлар ва транспорт воситаларига нисбатан ваколатларга эга бўлган шахслар йўқлигида божхона органлари қуйидаги ҳолларда товарлар ва транспорт воситаларини кўздан кечиришга ҳақли:

● улар товарлар ва транспорт воситалари тақдим этилганидан сўнг 10 кун ўтганидан кейин келмаган бўлса;

● давлат хавфсизлиги, жамоат тартибига, инсон ҳаёти ва соғлиғига, ҳайвонот ва ўсимликлар, атроф табиий муҳитга, Ўзбекистон Республикасининг бадиий, тарихий ва археологик бойликлари сақланишига хавф мавжуд бўлганда ва кечиктириб бўлмайдиган бошқа ҳолатларда;

● товарлар халқаро почта жўнатмалари орқали юборилган бўлса;

● товарлар ва транспорт воситалари улар жойлаштирилган божхона режимини бузган ҳолда божхона ҳудудида қолдирилган бўлса.

Божхона кодексининг 180-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ божхона томонидан кўздан кечириш ҳудуди, биноси, транспорт воситаси, ашёлари ва ҳужжатлари кўздан кечирилаётган шахс (унинг вакили), камида икки холис, зарур ҳолларда эса мутахассислар иштирокида ўтказилади.

Агар қоидабузарликлар бўлмаса, транспорт воситасининг ҳаракатини давом эттириш учун юкни етказиб бериш назорат китобчаси расмийлаштирилади. Товарлар ва транспорт воситалари манзил божхона постига юборилади. Акс ҳолда, қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарлик чоралари кўрилади.

 

ТАШҚИ ИҚТИСОДИЙ ФАОЛИЯТ БОЖХОНА ПОСТЛАРИДА БОЖХОНА НАЗОРАТИ

Йўриқномага кўра, ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида божхона кўриги товарларга нисбатан божхона юк декларацияси (БЮД) рўйхатга олингандан сўнг амалга оширилади.

БЮД божхона органига тақдим қилингунга қадар товарлар божхона органи ходими иштирокида декларант томонидан кўздан кечирилиши мумкин.

Товарлар декларант томонидан кўздан кечиришдан ўтказилгандан сўнг, божхона кўриги амалга оширилгунга қадар божхона назорати остида сақланишини таъминлаш учун қуйидагилар жавобгар ҳисобланади:

божхона омбори эгаси – кўздан кечириш божхона омборида амалга оширилганда;

декларант – кўздан кечириш божхона омбори мақомига эга бўлмаган бинолар ва (ёки) очиқ майдончаларда амалга оширилганда;

ташувчи – товарлар кўздан кечирилгандан сўнг транспорт воситасига юкланиб, божхона назоратининг қиёслаш воситаси ўрнатилганда.

БЮД божхона кўриги далолатномаси тузилганидан сўнг расмийлаштирилади.

 

Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига ҳоволалар билан «Norma» – «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» АҚТда танишиш мумкин.

Қарор Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўпламининг 2015 йил 14 сентябрдаги 36 (692)-сонида расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ойдан кейин кучга киради.

 

«Norma Profi» эксперти Сардор ЖУМАШОВ
тайёрлади.
 

 

*Технологик схема – чегара, божхона назорати ва назоратнинг бошқа турларини амалга ошириш кетма-кетлигини, шу жумладан транспорт воситалари ва юкларни божхона кўригидан ўтказиш тартибини, шахслар, транспорт воситалари ва юкларни ўтказиш пункти ҳудуди бўйлаб олиб ўтиш тартибини, товарлар ва транспорт воситаларини сақлаш, транспорт воситаларини кузатиб бориш, назоратда фойдаланиладиган шахсий таркибнинг ҳисоб-китоби, махсус техник воситалар ва хизмат ҳайвонларидан фойдаланиш тартибини, шахслар, транспорт воситалари ва юкларни Давлат чегараси орқали олиб ўтишда иштирок этадиган вазирликлар ва идоралар вакилларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш тартибини белгиловчи ҳужжат. Технологик схема Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси томонидан Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда ҳар бир ўтказиш пункти учун ишлаб чиқилади ҳамда назоратни амалга ошириш учун зарур бўлган ҳудуд ва жойни белгилайди.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали автомобиль, темир йўл, авиация ва дарё ўтказиш пунктларида чегара ҳамда божхона назорати тартиби тўғрисидаги намунавий йўриқнома (ДЧҚҚ ва ДБҚ томонидан тасдиқланган,
АВ томонидан 6.07.1999 йилда 765-сон билан рўйхатдан ўтказилган)

2-бандининг 15-кичик банди.

Прочитано: 2587 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика